Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:13

Аллақулов партиясини рўйхатга олиш рад этилди. Такрор мурожаат учун имзо йиғилмоқда


Хидирназар Аллақулов Юнусобод туман маъмурий судидаги мажлисдан сўнг, 4 май, 2021
Хидирназар Аллақулов Юнусобод туман маъмурий судидаги мажлисдан сўнг, 4 май, 2021

Ўзбекистон Адлия вазирлиги янги таъсис этилган “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ социал-демократик ‌партиясини рўйхатга олиш сўровини рад этди.

Партия етакчиси, профессор Хидирназар Аллақуловнинг Озодликка айтишича, вазирликнинг "зиддиятли расмий хати"да топширилган имзоларнинг бир қисми қабул қилинмагани, бир қисми эса ҳануз текширилаётгани айтилган.

Адлия вазирлигининг Озодликка берган расмий жавобидан эса, партияни рўйхатга олиш сўровига қатъий "рад жавоби берилгани"тушунилади.

Янги таъсис этилган партия фаоллари 7 апрель куни вазирликка ҳужжат топширгач вилоятларда партияга хайрихоҳ бўлганлар ИИВ босими остида имзосини қайтиб ола бошлагани хабар қилинганди.

Эндиликда Аллақулов партия котибияти хориждаги ватандошларга юзлангани, шу кунда тарафдорлар имзоси "хориждан кела бошлагани"ни айтди.

Термиз университети собиқ ректори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси шу йилнинг 8 март куни Тошкент вилоятидаги хонадонлардан бирида ўзининг таъсис қурултойини ўтказган эди.

Шундан буён партия етакчиси ва фаоллар ўзларига нисбатан босимлар давом этаётганини айтиб келишмоқда.Аллақуловнинг ўзи туҳматда айбланиб, 4 май куни жаримага тортилди. Наманган вилоятидаги бир фаол эса, у рўйхатини берган 20 кишининг ҳаммаси ИИВ гувоҳлигида имзосидан воз кечганини билдирди.

Рад жавоби

“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси, профессор‌ ‌Хидирназар‌ ‌Аллақулов‌нинг Озодликка билдиришича, Адлия вазирлиги партияни рўйхатга олиш сўровига рад жавоби берган.

Х. Аллақуловга кўра, партия вазирликка икки бора - 7 ва 27 апрель кунлари имзоларни топширган ва вазирликдан илк жавобни 7 май куни олган:

"2 мингга яқин имзо партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, турли сабаблар билан йиғилгани муносабати билан имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида вазирликка 2044 та мурожаат келиб тушди".

"Мактубда: "Аниқланишича, имзоси кўрсатилганларнинг 27 нафари вафот этган. 2 мингга яқин имзо партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда, турли сабаблар билан йиғилгани муносабати билан имзоларни ҳисобга олмаслик (бекор қилиш) ҳақида вазирликка 2044 та мурожаат келиб тушди", деяпти. Аммо биз 27 апрелда яна бир марта йиғилган имзоларни топширганмиз, улар бўйича эса текширувлар давом этяпти, дейилган. Хатнинг ўзи ҳақиқатан ҳам зиддиятли. Чунки бир томондан рад этилган, деяпти. Иккинчи томондан текширув давом этяпти, деяпти".

Бундан ташқари, профессор илк топширилган имзолар бўйича рад жавоби тўлиқ асосланмаган, деган хулосада:

"Мен уларга саволни қаттиқ қўйдим: Нега биз сизга тақдим қилган имзолар рўйхати ИИВ, Миллий гвардияни қўлига берилган?" Улар имзоларнинг ҳақиқийлигини текшириш учун, деяпти. Лекин қайси қонун ёки қонун ости ҳужжатига кўра, деган саволимга жавоб йўқ".

Аллақулов, вазирликнинг расмий жавобини ҳозирча оммага ошкор қилмаслиги, бунинг сабабларини ҳам ҳозирча очиқлай олмаслигини айтди.

Адлия вазирлиги эса, бу борада Озодлик расмий сўровига қуйидаги жавобни йўллади:

"Қонун бўйича тақдим этилиши лозим бўлган имзолар сони қонун талабига мос эмас. Шу сабабли вазирлик томонидан рад жавоби берилди".

"Адлия вазирлигига келиб тушган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган тартибда ва муддатда кўриб чиқилди ҳамда партияни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилди. Бу ҳақда мурожаат муаллифига 2021 йил 6 майдаги хат билан маълум қилинди. Бунда аризага илова қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонун бўйича тақдим этилиши лозим бўлган имзолар сони қонун талабига мос эмас. Шу сабабли вазирлик томонидан рад жавоби берилди".

1996 йилда қабул қилинган "Сиёсий партиялар тўғрисида" ги қонуннинг 9-моддасида, рад жавоби олган партиялар ҳужжатлардаги камчиликларни тўлдириб, 1 ой ичида яна такрор мурожаат қилиши мумкинлиги қайд этилган:

"Ушбу сиёсий партия раҳбар органининг ваколатли аъзолари рўйхатга олиш рад этилганлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан эътиборан бир ой ичида ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонун ҳужжатларига бутунлай мувофиқ ҳолга келтирган тақдирдагина партияни рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига такрор мурожаат этишга ҳақлидирлар".

Шу боис, “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ етакчиси, бир ой ичида қўшимча имзо йиғиш кампаниясини бошлаганини билдирди.

Партия етакчиси Аллақулов, мамлакат ичкарисида партия учун имзо берган ёки бериш ниятида бўлганларга босим бўлаётгани боис, хориждан турган тарафдорларга мурожаат йўллаганини айтади:

"Биласиз, сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунчиликка ҳануз электрон имзо тушунчаси киритилмаган. Шу боис биз хориждаги ватандошларимизга ҳам мурожаат қилиб, бизга имзоларини етказишни сўрадик. Улардан имзо қўйилган мактублар келишни бошлади. Қонунга биноан, 7 июнгача буларни ҳам йиғиб, Адлия вазирлигига қайта ҳужжат топширамиз".

Қуйида профессор Х. Аллақулов билан суҳбатни тингланг:

Хидирназар Аллақулов: Адлия вазирлиги рад жавобини берди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00
Бевосита линк

Аллақулов ва у бошчилигидаги партия фаоллари 7 апрель куни Адлия вазирлигига йиғилган имзолар ва партияни рўйхатга олиш учун зарур бошқа ҳужжатларни тақдим қилган эди.

Шундан сўнг улар турли вилоятларда ИИВ ҳамда маҳалла органлари, вазирликка топширилган рўйхатлар асосида, имзо қўйганларни бирма-бир ИИВ органларига чақириб, босим ўтказаётгани ҳамда имзосини қайтариб олишга мажбурлаётганини билдирган.

Жумладан, наманганлик уста Абдуқодир Жабборов имзо йиғиш ҳаракатини тўхтатганини маълум қилган.

Жабборовга кўра, у аксари ўз қариндош ва яқинларидан иборат 20 кишининг имзосини йиғиб, партия котибиятига йўллаган. Бу имзолар Адлия вазирлигига 7 апрелда топширилганидан сўнг эса, имзо қўйганлар бирма-бир ИИВ органларига чақирилган.

“Сизлар ноқонуний ташкилотга имзо қўйгансизлар, деб уларга нотўғри тушунча беришди ИИБда. Кейин 20 кишининг ҳаммаси имзосидан воз кечди. Мени ҳам қайта-қайта чақираверишганидан кейин, мен имзо йиғишни тўхтатдим, деб ИИБга тилхат ёзиб бердим”, - деганди Жабборов.

Партия фаоли Муҳаммадамин Эрматовга кўра, 23 мингдан 25 мингга қадар кишининг имзоси Адлия вазирлигига тақдим қилинган.

4 май куни Тошкентнинг Юнусобод туман маъмурий суди ‌янги‌ ‌таъсис‌ ‌этилган‌ ‌“Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчиси Хидирназар ‌ Аллақуловни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (Туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш) ‌ ‌бўйича айбдор деб топиб, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 20 баробари миқдорида жаримага ҳукм қилди.

Аллақуловнинг айтишича, ушбу модда бўйича айблов унинг ўзи учун янгилик бўлган. Аввалроқ “Ҳақиқат‌ ‌ва‌ ‌Тараққиёт”‌ ‌партияси‌ ‌етакчисига нисбатан Маъмурий кодекснинг бошқа - 183-моддаси (Майда безорилик) билан айблов эълон қилинганди.

Аллақуловга қарши даъво аризаси судга шу йилнинг 31 март куни ўз уйи йўлагида унга босқин уюштирган шахслар томонидан киритилган. Гуруҳга бошчилик қилган бир неча шахс, профессордан сиёсий фаолиятни тўхтатиш ҳамда партия учун Юнусобод тумани, 17 - мавзеда ижарага олинган идорани бўшатиб қўйишни талаб қилган.

Аллақулов уйи йўлагида босқинга учради - ундан партия ижарага олган идорани бўшатиб қўйиш сўралди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:36 0:00

Ўзбекистонда президент сайловларига 6 ойдан камроқ вақт қолаётган эса-да, ҳануз расман номзодларнинг кимлиги маълум эмас.

Амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистондаги мавжуд ҳукуматпараст партияларнинг биронтаси ҳозирча президент сайловларида номзодини илгари сургани йўқ.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга мухолифат партияларини рўйхатдан ўтказиш кирадими, йўқми, маълум эмас.

ОЗОДЛИК ФИЛЬМИ: Мирзиёевга мухолиф профессор
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:23:09 0:00

XS
SM
MD
LG