Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:53

Янги таъсис этилган мухолиф партия йиғилиши "блогер ва аёллар босқини" туфайли бузилди


"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси йиғилиши ўтадиган ҳовлига бир гуруҳ блогер ва аёллар бостириб кирган - Тошкент, Қибрай, 2021, 12 март.
"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси йиғилиши ўтадиган ҳовлига бир гуруҳ блогер ва аёллар бостириб кирган - Тошкент, Қибрай, 2021, 12 март.

Ўзбекистонда янги таъсис этилган “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси фаоллари бир гуруҳ блогер ва аёллар партиянинг 12 мартга режаланган йиғилишини бузганини айтишмоқда.

Профессор Хидирназар Аллақулов етакчилигидаги ташаббусчилар гуруҳи 8 март куни “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойини ўтказган эди.

Партия матбуот котиби Баҳром Ғойибнинг Озодликка билдиришича, 12 март, соат 15 да Тошкент вилоят, Қибрай туман, Паркент маҳалласи, Беҳбудий кўчасидаги 11- хонадонда партия фаолларининг йиғилиши бўлиши, унда партия тарафдорларининг имзоларини йиғишни уюштириш масаласи кўрилиши керак эди.

Баҳром Ғойибнинг сўзларига кўра, кўрсатилган манзилда йиғилиш ўтказилиши бир кун олдин ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.

“Мен йиғилиш ўтадиган ҳовлига соат учдан бироз олдин бордим. Қарасам, ҳовли тўла одам. Блогерлар, улар орасида бирининг исми Шуҳрат эканини биламан, қолганларининг исмини эслолмадим, лекин блогерлигини биламан. Яна қандайдир аёллар бор эди. Ҳаммаси нечталигини айтишим қийин. Лекин ҳовли тўла одам эди. Бироздан кейин Хидирназар Аллақулов етиб келди. Унинг келишини кутиб туришган эканми, бирдан бири қўйиб, иккинчиси савол беришни бошлади”, - деди партия матбуот котиби.

"Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси матбуот котибининг айтишича, блогерлар Хидирназар Аллақуловга саволларни қоғоздан ўқиб берган.
"Ҳақиқат ва тараққиёт" партияси матбуот котибининг айтишича, блогерлар Хидирназар Аллақуловга саволларни қоғоздан ўқиб берган.

Баҳром Ғойибнинг айтишича, Хидирназар Аллақуловга мурожаат қилганлар саволларни қўлларидаги қоғоздан ўқиб беришган. “Масалан, блогерлардан бири Аллақуловдан “Сиз нима учун хориждаги ватан хоинлари Жаҳонгир Муҳаммад, Намоз Нормўминлар билан мулоқот қиляпсиз?” деб сўради”, деди партия матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, Хидирназар Аллақулов йиғилишни бошлашга, жанжал чиқаришга уринаётганларни инсофга чақиришга уринган, “Сиёсий маданиятингиз бўлмаса, ҳеч йўқ инсоний маданиятингиз бўлсин”, деган.

Хидирназар Аллақулов партия йиғилишига бостириб келган блогерлар ва аёллар саволларига жавоб бермоқда.
Хидирназар Аллақулов партия йиғилишига бостириб келган блогерлар ва аёллар саволларига жавоб бермоқда.

Бироқ бундай шароитда йиғилиш ўтказиш имконсиз эди ва шунинг учун йиғилишга келган партия фаоллари тарқалиб кетди, Аллақулов ҳам соат 4 атрофида Тошкентга қайтиб кетди. У киши кетганидан кейин блогерлар ва улар билан бирга келган аёллар ҳовлидан кўчага чиқиб, яна бироз бақир-чақир қилиб турди ва кейин кетишди. Улар ортидан мен ҳам кетдим”, - деди Баҳром Ғойиб.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси ташаббусчилар гуруҳи етакчиси, партия таъсис қурултойида унинг раиси этиб сайланган Хидирназар Аллақулов ҳамда Қибрайдаги йиғилишга борган блогерлар билан ҳозирча боғланишнинг имкони бўлмади.

8 март куни Тошкентда “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясининг Таъсис қурултойи бўлиб ўтгани, унда профессор Хидирназар Аллақулов партия лидери этиб сайлангани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Қурултойда партия Ташаббус гуруҳига кирган 57 кишининг ҳаммаси иштирок этди. Йиғилишда партия низоми ва дастури муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Партия раиси этиб Хидирназар Аллақулов сайланди. Унинг ўринбосарлари этиб Маҳмуд Давронов ва Ҳамроқул Асқарлар сайланди”, - деган эди Баҳром Ғойиб.

  • 26 февраль куни пойтахт тўйхоналаридан бирида Ҳақиқат ва Тараққиёт социал-демократик партияси тарафдорларининг Таъсис қурултойи ўтказилиши лозим эди. Бу борада барча ижтимоий тармоқлар орқали эълон берилган, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус ваколатхонларига қурултой учун таклифнома тарқатилганди.
  • Ўша куни эрталабдан Хидирназар Аллақуловнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уйига ҳуқуқ-тартибот органларининг бир неча ўн ходими келиб, уйига киришга уринди. Куннинг иккинчи ярмида Аллақуловни ИИБ ходимлари Андижон вилоятига терговга олиб кетган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

"Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак".

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ. Ўтган йил январида вазирлик мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди.

2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Ичкаридан чиққан мухолифат ва ўтказилмай қолган қурултой
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:41 0:00

Мавжуд сайлов қонунчилиги, шунингдек сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн бермайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмаганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга ҳақиқий мухолифат кирадими, йўқми, аниқлик киритмаганлар.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG