Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:03

OzodDayjest: Турист Ўзбекистон таксичиларини сурбет ва хира пашшага тенглаштирди


Иллюстратив сурат. Ўзбекистонлик такси ҳайдовчилари.
Иллюстратив сурат. Ўзбекистонлик такси ҳайдовчилари.

Термизда ўрта асрлар алломасининг қабри ўзбошимчалик билан бузилди. Ёш актриса таниқли режиссёрни тегажоқликда айблади. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Сурхондарёда ўрта асрлар алломасининг қабри бузиб ташланди

Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида давлат муҳофазасига олинган тарихий ҳудудда ўзбошимчалик билан тупроқ қазиш ишлари олиб борилган. Оқибатда буюк аллома Абу Бакр Варроқ Термизий қабри йўқ қилинган, шу ҳудуддаги қарийб 3 гектарлик эски қабристон ҳам бузилган (“Миллий тикланиш”, 31 март).

Термиз шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Complex Technical Services” МЧЖга автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва газ қуйиш станцияси қуриш учун 10 гектар ер майдони ажратилган.

МЧЖ масъуллари эса 100 метр узоқликда жойлашган “Эски Термиз” ҳудудида ҳам ноқонуний равишда тупроқ қазиб олиш ишлари олиб борилган. Ушбу ҳолат бўйича қонуний чора кўриш учун вилоят прокуратурасига ҳужжатлар тақдим этилган.

Маълумот учун айтиш керакки, Термиздаги Қоратепа, Фаёзтепа Термиз шоҳлар саройи каби ўнлаб жаҳонга машҳур обидаларни қамраб олган “Эски Термиз” археологик ҳудудининг 500 гектарлик умумий ер майдони давлат муҳофазасига олинган ва ҳудудда қурилиш, таъмирлаш, текислаш ва бошқа ишларни амалга ошириш қатъиян ман этилади.

Манбаларда келтирилишича, IX-X асрларда яшаган Абу Бакр Варроқ Термизий ҳадис, калом, фиқҳ ва бошқа илмларда ҳам беназир бўлган, шайх ва авлиё мақомига эришган. Юнон ва яҳудий тилларини ҳам мукаммал билган. Аллома Абу Бакр Варроқ улуғ муҳаддис Имом Термизийнинг тоғаси ҳамдир.

"Албатта, тадбиркорлик субъектига нисбатан ўзбошимчалик билан маданий иншоот ва эски қабристонни бузгани учун ҳуқуқий баҳо берилар, у жазоланар. Аммо, лекин... Минг афсуски, бузилган эски мақбара ўрни ва бу ердаги улуғ аллома қабрини қайта тиклашнинг энди имкони йўқ", - деб ёзади газета ва маданий мерос иншоотларини қатъий муҳофаза этишга чақиради.

“Туристга хира пашшадек ёпишадилар” – жаҳонгашта тадбиркор суллоҳ киракашлар ҳақида

"Ўзбекистондаги аэропорт ва вокзалларда мижоз пойлаётган суллоҳ киракашлар касрига туризмни ривожлантиришга йўналтирилган айрим чора-тадбирлар кутилган натижани бермаяпти", - дейди жаҳонгашта ишбилармон, сайёҳликка оид “СакВОЯЖ” журнали таъсисчиси Антон Захаревич (“XXI аср” газетаси, 1 апрель).

“Кўпчилиги қўрс, сурбет. Туристга хира пашшадек ёпишадилар, чет тилини билмаганидан оғзига келганини жавраб, қўярда-қўймай, мажбурлагандек машинага ўтқизмоқчи бўладилар. Уларнинг афт-ангори, хатти-ҳаракатини кўрган меҳмон хаёлига “булар мени чеккароққа олиб чиқиб, тўнаб кетишмаса бўлгани” сингари нохуш ўйлар келиши табиий”, - дейди А.Захаревич.

Қайд этилишича, кўп автомобиллар салони ҳам тоза эмас. Шу каби салбий ҳолатлар Lonely Planet, Wikitravel каби сайёҳлик йўл кўрсаткичларида, ижтимоий тармоқларда акс садо беряпти. Оқибатда Ўзбекистонга келишни истовчилар камаймоқда.

“Менимча, Марказий Осиёда суллоҳ таксичилар билан фақат Қозоғистонгина
қатъий курашяпти. Мазкур давлатнинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексига кўра жамоат жойларида шилқимлик қилганларга 5 суткагача қамоқ жазоси тайинланади. Муҳими, қоида қоғозда қолиб кетмаган – ҳеч ким сизга хиралик қилмайди”, -
дейди элликдан зиёд мамлакатга сафар қилган тадбиркор.

Аэропорт ва вокзаллар, хусусан, Тошкент аэропортидаги шилқим таксичилар мамлакат обрўсига путур етказаётгани ҳақида бир неча йилдан бери бонг урилмоқда. Аммо ҳозирча бу масала ҳал этилганича йўқ. Қайд этилишича, таксичилар бармоқларида калитларини айлантириб ўйнаганча ҳамон ўлжа қидирмоқда.

Ёш актриса таниқли режиссёр Саид Мухторов уни зўрламоқчи бўлганини иддао қилди

“Қадам” сериалидаги Кумуш образи билан томошабинлар эътиборига тушган актриса Камила Гимандинова таниқли актёр ва режиссёр Саид Мухторовнинг унга нисбатан ножўя хатти-ҳаракатлари ҳақида сўзлаб берди (www.daryo.uz, 27 март).

“Мен у билан бирга ишлаганман, унинг киноларида мен оммавий саҳналарда суратга тушганман. Энг қизиғи, у менинг бобом тенги. Мен ўшанда 14 ёшда бўлсам, у эса 50 ёшдан ошган эди. Ўша воқеадан кейин мен бу соҳадан кетгандим, ҳеч қачон қайтмайман, деб ўйлагандим. Бу воқеа “Ўзбекфильм”да бўлган. У ниятига эриша олмаган, сумкам билан юзига уриб қочиб кетганман. У бувимни ва дадамни жуда яхши танирди. Бувим мени унга ишонарди. У инсон ҳақида фикримиз яхши эди”, - деган актриса.

Аввалроқ Ирода Носирова, Шаҳзода Муҳаммедова, Феруза Норматова ва Жайрона каби актрисалар “Дарё” нашрига санъаткор қизларга бўладиган ножўя таклифлар ҳақида сўзлаб берган эди.

“Актрисани кастингга чақиришади, кирасиз, бошида ижодий савол-жавоб бўлади. Кейин мақсадга ўтиб, “Бир роль бор, бу сени кашф қиладиган роль” деб шу даражада гапириб беришадики, сиз у ролда яшай бошлайсиз. “Фақат бу ролни ўйнаш учун пулинг борми?” дейишади. Аввал продюсерларни реклама қилиб кўришади, у деб-бу деб охири мақсадга ўтиб, “Қизлигингга тегмайман, мен билан юрсанг бўлди” деган таклифни беришади” , - дея кино санъатининг хос сирларидан гап очган актриса Жайрона.

XS
SM
MD
LG