Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:50

“Умидсизлик”. Замонавий афғон ёшлари Толибон билан келажак қуриш мумкинлигига ишонмаяпти


Aфғонистон, Панжшир вилояти - 31 август, 2021
Aфғонистон, Панжшир вилояти - 31 август, 2021

Толибон Кобулда ҳокимиятни босиб олиши ортидан ўқимишли афғон ёшлари энг сўнгги эркинликларидан маҳрум бўлишдан хавотирга тушмоқда.

Кобулнинг Хайрхон туманидаги овлоқ бир кўчада истиқомат қилувчи Аҳмад Довуд 15 август куни Толибон жангарилари Афғонистон пойтахтига ғолибона кириб келиб, президент Ашраф Ғани чет элга қочганидан бери деярли уйдан чиққани йўқ.

24 ёшли Довуд тикувчи. Кобул ишғолидан атиги икки кун ўтгач бир қуролли жангари келиб, унга Марям лицейи кўчасидаги ательесини ёпишни буюрди – савдо дўконлари жойлашган бу кўчада бир пайтлар ҳаёт қайнарди.

“У эркак киши аёлларга кўйлак тикиши мумкин эмас, деб айтди”, дейди Довуд.

Бу амалда тикувчи йигитнинг иши касодга учраганини билдиради, чунки унинг аксари мижозлари аёллардир.

Довуд энди бошқа иш топиши керак. Ота-онаси, укалари ва сингиллари унинг қўлига қараб қолишган. У қашшоқ оиласини боқиш учун 15 ёшида тикувчига шогирд тушганди.

“Ҳозир биз овқатдан тежаяпмиз. Пулимиз нари борса бир ойга етади. Акам полициячи эди, у ҳам ишсиз қолди энди, икки синглим уйда ўтиришибди, чунки улар ўқиётган университетлар ёпилди. Саноқли кунларда ҳамма нарса ўзгариб кетди”, дейди Довуд Озодликка.

4.4 миллион нуфусли шаҳарда бозорлар ва новвойхоналар аввалгидек режимда ишлаб турибди, аммо озиқ-овқат маҳсулотлари баҳоси осмонга сапчиган, харидорлар ҳам сийрак.

Кўплаб маҳаллий ОАВлар чоп этилмоқда ва эфирга чиқмоқда, айрим офис хизматчилари – асосан эркаклар – иш жойларига қайтмоқда. Жамоат транспорти қайта ишга тушди, лекин автобуслар сони анча камайган.

Эски ўзанга қайтиш белгилари кўрингани билан Довуд, унинг укалари, сингиллари ва бошқа кўплаб кобулликлар учун ҳаёт “тўхтаб қолган” – улар радикал гуруҳ урушлардан ҳорган мамлакатни қай тарафга бошлашини тушунишга уриниб, ҳадик билан кутишмоқда.

“Мактабимиз ҳануз ёпиқ, уни қачон қайта очамиз ёки таълим соҳасида нималар ўзгаради – бу борада ҳозирча бирор расмий топшириқ олмадик”, дейди 25 ёшли муаллим Башир Форог.

Форог ишлайдиган мактаб Кобул марказида бўлиб, БМТ қўлловидаги ҳукумат қулаган ва толиблар АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция кучлари қувиб юборганидан сўнг орадан қарийб 20 йил ўтгач шаҳарни яна ишғол қилган куни қўққисдан ёпилган эди.

Ўқувчилар мактабларига қайтишни истайди

Форог ўша куни дарслар айни чошгоҳ маҳали тўхтатилганини эслайди: Толибон жангарилари шаҳарга бостириб кирганида ота-оналар ваҳимага тушиб, болаларини олиш учун мактабларга ёпирилган эди. Шу тариқа, бир соат ичида барча мактаблар ҳувиллаб қолган.

“Қайтадан очиладиган бўлсак, мактаб ўқув дастури, мактаб кийими ёки қиз ва ўғил болалар аралаш ўқийдиган синфлар келажаги нима бўлишини ҳеч ким билмайди”, дейди Форог.

Ўқувчи қизларнинг ота-оналари унга тез-тез қўнғироқ қилиб, фарзандлари “янгича, янада қатъий дресс-код билан бўлса ҳам, тезроқ мактабга қайтиш”ни хоҳлаётганини айтмоқда.

Толибон, агар исломий уст-бошда юрсалар, аёлларнинг ишлашига ва қизларнинг ўқишига эътироз билдирмаслигини айтган эди, бироқ мамлакатнинг турли нуқталаридан келаётган хабарлар бунинг аксини кўрсатмоқда.

Толибоннинг юқори мартабали вакили, ушбу ўта консерватив исломий гуруҳ ўзини йигирма йил аввалгига қиёсан анча мўътадил куч ўлароқ намойиш этишга уриниши манзарасида Кобулда ҳатто аёл телебошловчига интервью берди.

Афғонлар толибондан қочиб Покистонга ëпирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:39 0:00

Толибон расмийлари аёлларнинг шариат доирасидаги ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини уқтиришмоқда, аммо бу амалиётда қандай бўлишини тушунтиришмаяпти.

Кўплаб аёл журналистлар ва офис хизматчилари Толибон жангарилари уларни уйларига жўнатиб юборганини айтмоқда.

Телебошловчи афғон аёли толиблар келганидан сўнг ишдан четлатилди:

“Ҳеч нимани тушуниб бўлмайди, толиблар аниқ гап айтишмаяпти, кўп ёшлар шундан хавотирда”, дейди университет битирувчиси ва пойтахтнинг Макроян-3 туманида истиқомат қилувчи Разма Саад.

Икки ойча олдин Саад Толибон ҳокимияти остида кечажак ҳаёт хусусида анча некбин фикрда эди, гуруҳ ўтган давр мобайнида ўзгарган бўлиши мумкин, деб ўйларди.

Озодлик билан июль ойи ўрталаридаги мулоқоти чоғида Саад ўқишини давом эттиришига ва “вазият кўпчилик қўрққанчалик ёмон бўлмаслиги”га умид билдирганди.

Эндиликда эса у толибларнинг “дудмал гаплари”, “очиқ ва тўғри” ваъдалар йўқлиги уни ташвишга солаётганини айтмоқда.

Сўнгги ҳафталарда унинг яқин дўстларидан бир қанчаси Афғонистонни тарк этибди.

Саад Кобулда яшамоқда. У ҳамон, агар Толибон одамларни самарали бошқаришни истаса, ўзининг энг қатъий тартиб-қоидаларидан айримларини юмшатади ва одамларнинг истакларига қулоқ солади, дея умид қилмоқда.

“Ақллар кўчиши”

Аксари афғонлар Толибон репрессив сиёсатини қайта кўриб чиқишига ва Афғонистоннинг катта қисмини эгаллаб, ислом ҳуқуқининг қатъий кўринишини жорий қилган 1991–2001 йиллардаги бошқарув услубидан воз кечишига шубҳа билан қарайди.

БМТ дастаклаган ҳукумат даврида афғонларнинг ёш авлоди шаклланди ва улар дунёвий мактабларда ўқиш, мусиқа тинглаш, замонавий уст-бош кийиш ва мода бўйича соч қўйиш каби нисбий эркинликларга ўрганган.

15 августдан бери ўз келажагидан хавотирга тушган ўн минглаб афғонлар пойтахтдаги халқаро аэропортга ёпирилиб, мамлакатдан чиқиб кетишга жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда.

Толиблар “ақллар кўчиши” муаммосига тўқнаш келишганини англаб, афғонларни мамлакатдан кетмасликка ва ўз халқига хизмат қилишга чақирди.

Бироқ Толибон миллионлаб аёлларни – муаллималар, тиббиёт ходималари, полициячилар ва бошқа мутахассисларни ишга бормасликка ва уйда ўтиришга мажбур этса, Афғонистонда инсон капиталининг энг жиддий инқирозини ўз қўли билан яратиши мумкин.

“Аҳолининг ярми бўлмиш аёллар жамият ҳаётидан ғойиб бўлсалар, Толибон мамлакатни ривожлантира олмайди”, дейди Кобул университетини битирган Моҳжабин Рамз.

Рамз журналистликка ўқиган, Кобулни толиблар босиб олишидан бир неча кун олдин маҳаллий нашрлардан бири унга ишга таклиф қилган эди.

Ўтган ҳафтада Рамзга таҳририятдан қўнғироқ қилишиб, ишга қабул қилиш номаълум муддатга тўхтатилганини айтишди.

Пул –энг асосийси эмас

Кобулдаги икки дорихона соҳиби ва Хайрхон туманидаги ҳашаматли мавзедаги янги уйда ёш оиласи билан фароғатда яшаётган Шопурнинг ҳаётида бир қарашда ҳеч бир ўзгариш йўқдек.

Унинг иккала дорихонаси ҳам ишлаб турибди.

Тўғри, харидор камайган, бироқ Шопур бизнеси тез орада яна ривож топишига ишонади.

Аммо, дейди Шопур, пул – энг асосийси эмас.

У, ўзи айтишича, ресторанда оиласи билан бирга овқатланиш, Авлиё Валентин кунида рафиқасига гул ҳадя қилиш ёки уни гўзаллик салонига олиб бориш каби эркинликнинг “майда деталлари”ни йўқотишни хоҳламайди.

Шопур яна, илгари полицияда ишлаган укасининг тақдиридан ҳам ташвишда.

Толибон барча собиқ ҳарбийлар, полициячилар ва давлат хизматчиларига “афви умумий” эълон қилган эди.

Бироқ Афғонистондан келаётган кўплаб хабарларга кўра, Толибон жангарилари хавфсизлик кучларида ёки ҳукумат муассасаларида хизмат қилганларни уйма-уй юриб қидирмоқда.

“Биз доимий қўрқув ва алағдаликда яшаяпмиз”, дейди Шопур.

Хайрхон туманининг бошқа томонида тикувчи Довуд янги шароитга қийинчилик билан мослашмоқда.

Бир пайтлар Довуд машҳур ҳинд актёрлари услубида соч қўйишга, қора жинси ва оппоқ кўйлак кийиб юришга ишқибоз эди. Ҳозир у афғонларнинг анъанавий кийимларини кийиб олган, сочини тақир олдирган ва соқол қўйган.

“Болалигимдан бери кўп ишлашимга тўғри келган эди. Оч қоринга ухлаган пайтларим кўп бўлган. Аммо ҳеч қачон бу қадар умидсизликка тушмаган эдим. Нақадар толеи паст халқмиз”, деб қайғуради Довуд.

XS
SM
MD
LG