Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:34

Учинчи уриниш: Мирзиёев давридаги илк мухолиф партия Қибрайдаги хонадонда таъсис қилинди


"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси Таъсис қурултойи Қибрай туманидаги хонадонлардан бирида бўлиб ўтди - 8 март, 2021. Видео скриншоти
"Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси Таъсис қурултойи Қибрай туманидаги хонадонлардан бирида бўлиб ўтди - 8 март, 2021. Видео скриншоти

8 март куни Тошкентда “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясининг Таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Профессор Хидирназар Аллақулов партия лидери этиб сайланди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган партия вакиллари ва тадбирда кузатувчи сифатида иштирок этганларнинг айтишича, тадбирнинг ўтказилишига расмий идоралар тўсқинлик қилмаган.

Янги партия лидери Таъсис қурултойининг эртасига яна Андижон ИИБга терговга чақирув келганини Озодликка билдирди.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясининг 8 март куни бўлиб ўтган Таъсис қурултойида шу партиянинг матбуот котиби этиб тайинланган шоир Баҳром Ғойибнинг Озодликка билдиришича, қурултой Тошкент вилоят Қибрай туманидаги хонадонлардан бирида бўлиб ўтган.

“Қурултойда партия Ташаббус гуруҳига кирган 57 кишининг ҳаммаси иштирок этди. Йиғилишда партия низоми ва дастури муҳокама қилинди ва тасдиқланди. Партия раиси этиб Хидирназар Аллақулов сайланди. Унинг ўринбосарлари этиб Маҳмуд Давронов ва Ҳамроқул Асқарлар сайланди”, - деди Баҳром Ғойиб.

Хабар қилинишича, Таъсис қурултойида қувғиндаги “Эрк” демократик партиясининг бир неча вакили кузатувчи сифатида иштирок этган.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси раиси этиб сайланган 65 яшар профессор Хидирназар Аллақулов Таъсис қурултойининг шаҳар четидаги хонадонда ўтказилганини тадбирни расмий биноларда ўтказиш мутлақо имконсиз эканлиги, қурултойни ўтказиш учун бундан олдин ижарага олинган тижорий бинолар эса, шартномани бузгани билан тушунтирди.

"Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси Қурултойини ўтказиш ташаббус гуруҳи билан мажлисни ўтказиш масаласида шартнома тузган Оқсарой тўйхонаси таъмир баҳонасида тўлиқ ёпиб ташланган.
"Ҳақиқат ва Тараққиёт" социал демократик партияси Қурултойини ўтказиш ташаббус гуруҳи билан мажлисни ўтказиш масаласида шартнома тузган Оқсарой тўйхонаси таъмир баҳонасида тўлиқ ёпиб ташланган.
  • 26 февраль куни пойтахт тўйхоналаридан бирида Ҳақиқат ва Тараққиёт социал-демократик партияси тарафдорларининг Таъсис қурултойи ўтказилиши лозим эди. Бу борада барча ижтимоий тармоқлар орқали эълон берилган, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус ваколатхонларига қурултой учун таклифнома тарқатилганди.
  • Ўша куни эрталабдан Хидирназар Аллақуловнинг Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги уйига ҳуқуқ-тартибот органларининг бир неча ўн ходими келиб, уйига киришга уринди. Куннинг иккинчи ярмида Аллақуловни ИИБ ходимлари Андижон вилоятига терговга олиб кетган эди.

Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, 8 март кунги қурултой тинч ўтган. “Фитна уюштирилиши олдини олиш мақсадида бир неча фаолимиз ташқарида турди. Бир шубҳали машина секин юриб келиб, ичидагилар қурултой ўтаётган хонадонга қараб бир неча дақиқа турибдию кетибди. Агар шуни ҳисобга олмасак, йиғилишимизни ҳеч қандай тўсқинликсиз ўтди, дейиш мумкин”, - деди Аллақулов.

Қурултойда кузатувчи сифатида иштирок этган қувғиндаги “Эрк” демократик партияси аъзоси, драматург Санжарали Имомовнинг Озодликка айтишича, унинг партиядошига “7 март куни маълум идоранинг ходимлари қурултойга бормасликни тавсия қилган, бироқ у барибир қатнашган. Мен ўзим қурултойда ўтирибману ана кириб келишади, мана кириб келишади, ҳаммани босиб олиб чиқиб кетишади, деб ўтирдим. Йўқ, тинч ўтди”.

Янги партия лидери Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, партия расмий қайддан ўтиши учун Адлия вазирлигига Таъсис қурултойи қарори, партия низоми ва дастурига қўшиб мамлакатнинг камида 8 та вилоятидан партияга хайрихоҳ камида 20 минг кишининг имзосини йиғиб топшириш керак, чунки қонун талаби шундай.

Хидирназар Аллақуловнинг айтишича, янги партиянинг мақсади Ўзбекистондаги авторитар бошқарувга барҳам бериш.

“Бош ғоямиз бир шахснинг яккаҳокимлигига таянган сиёсий тизимдан қонунлар асосида сайловлар йўли билан ҳуқуқий давлатга ўтишдир. Инсон ҳуқуқлари, унинг қонуний манфаатлари таъминланадиган, инсоннинг қадри, қиммати, шаъни, обрўйи олий қадрият ҳисобланадиган, барча фуқароларнинг эркинлиги сўзсиз таъминланадиган демократик жамиятни қуришдир”.

Қурултойнинг эртасига келган чақирув

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси Таъсис қурултойи бўлиб ўтган куннинг эртасига – 9 март куни Хидирназар Аллақуловга яна Андижон вилоят ИИБдан чақирув келгани маълум бўлди.

“Бугун, 9 март, соат 14.00да маҳалламиз нозири Юнусобод туман ИИБ майори билан бирга уйимга чақирув қоғози олиб келди. Унда 10 март соат 15.00 да Андижон вилоят ИИБга етиб боришим кераклиги айтилган”, - деди Аллақулов.

Янги партия раиси, Озодликка айтишича, чақирувни олганидан сўнг, уни олиб келган ходимларга Ички ишлар вазири номига ёзилган аризани топширган. Аризасида Аллақулов ҳадеб Андижонга қатнайверишни соғлиғи ҳам, чекланган молиявий аҳволи ҳам кўтара олмаслигини билдириб, сўроқни Андижон вилоятидан Тошкент шаҳрига кўчиришни сўраган.

  • Хидирназар Аллақулов бундан олдин 2 март куни Жиноят кодексининг 141, прим 2-моддаси (Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) бўйича очилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида иккинчи марта сўроқ қилинган эди.
  • 26 февраль куни унинг Тошкентдан Андижонга машинага босиб олиб кетилиши ижтимоий тармоқларда кенг ёритилди. Аллақуловнинг уйини қуршаб олган ходимлар у ва яқинларига куч ишлатгани айтилганди.

Мухолифатсиз сайловлар

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 27 декабрида хориждаги сиёсий мухолифатни мамлакатга қайтариш чақириқларини рад этган эди.

"Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман. Бироқ у ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратишимиз керак. Бу шахслар халқнинг дардини билиши, улар билан барча муаммоларни бошидан кечириши ва шу ернинг нонини еб, сувини ичиши керак".

Аммо ўтган вақт мобайнида Адлия вазирлиги биронта янги сиёсий партияни рўйхатдан ўтказгани йўқ. Ўтган йил январида вазирлик мухолифатдаги "Эрк" демократик партияси фаолларининг партия фаолиятига изн беришни сўраб қилган мурожаатини рад этган эди.

2020 йил 10 январида "Эрк" партияси фаолларидан бир гуруҳини қабул қилган Адлия вазири Русланбек Давлетов, уларнинг Озодликка айтишича, "бу партия тарихда қолди" дея уқтиришга уринган.

"Эрк"чилар фикрича, партия низоми 1991 йилнинг сентябрида расман қайд этилган ва у бекор қилинган эмас.

Мавжуд сайлов қонунчилиги, шунингдек сайловларда номзодларнинг мустақил ташаббус гуруҳлари томонидан илгари сурилишига изн бермайди.

2019 йил декабридаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ миссияси Ўзбекистондаги нисбатан эркинлашган матбуот сиёсий мухолифатнинг ўрнини боса олмганини айтган эди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси расмийлари келаётган президент сайловларида халқаро ташкилотларнинг "мақбул" тавсиялари тадбиқ этилишини айтишган, аммо бу тавсияларга ҳақиқий мухолифат кирадими, йўқми, аниқлик киритмаганлар.

Ўзбекистон парламентидаги мавжуд бешта партиянинг ҳаммаси ҳукуматпараст партиялардир. Мамлакатда қарор топган сиёсий анъанага кўра, айнан шу партияларнинг раҳбарлари президент сайловларида амалдаги президентга "рақиб" бўлади.

XS
SM
MD
LG