Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:07

Бойсунлик ўқитувчилар: 5 кунлик маошимиз "Маҳалла" жамғармасига ўтказилганидан норозимиз!


Сурхондарё вилоят, Бойсун туманида ўқитувчилар 5 кунлик иш ҳақининг “ихтиёрий равишда хайрия”га ўтказилганидан норозилик билдирмоқда.

Ўқитувчилар олдинроқ 2 кунлик маоши "Маҳалла" хайрия жамғармасига ўтказилиши айтилганини, улар рози бўлганини, бироқ амалда 5 кунлик маош ушлаб қолинганини айтишди.

Ўқитувчиларнинг бу иддаоларини Бойсун туман халқ таълими бўлими мулозими тасдиқла​ди.

Бойсун туман ҳокимлиги бухгалтери ўқитувчиларининг иддаоларини рад этишга уринди.

Туман ҳокими ўринбосари эса, хайрия пулларини ўтказиш бўйича "план" борлигини айтди.

Сурхондарё вилоятидан Озодликка уланган бир гуруҳ мактаб ўқитувчилари Бойсун туман ҳокимлиги улардан “икки кунлик” деб, беш кунлик иш ҳақини "Маҳалла" хайрия жамғармасига ўтказиб юборганидан шикоят қилди.

Туман мактабларидан бирида ишлайдиган ўқитувчи, исми сир қолиши шарти билан, Озодликка буларни сўзлаб берди:

- 17-18 август кунлари “Умумхалқ ҳашар”, деб Бойсун туман ҳокимияти ўқитувчилардан пул йиққан эди. Тумандаги ҳамма ўқитувчиларга “2 кунлик ойликларингни ўтказиб берасизлар!”, деганди. Жами 158 миллион сўм пул атрофида йиғилиши керак бўлган. Бунинг ўрнига Алишер Нормаматов – туман ҳокими муовини – 290 миллион сўм пул йиғдирган. Бу шу ҳоким муовинининг иши! Бундан биз, ўқитувчилар, норозимиз. Бош прокуратура, бошқа жойларга ёздик – натижа йўқ.

Шикоятчининг иддаосича, ўқитувчилардан йиғиб олинган маблағлар Бойсун туман ҳокимлиги ҳисобига ўтказилган.

Бойсунлик ўқитувчилар маҳаллий ҳокимиятга усиз ҳам кам маош олувчи ўқитувчилар ҳисобига “юқоридан” туширилаётган турли буйруқларни ижро этиш ва ғазнани тўлдиришга кўникиб қолганига ишора қилди.

Ўқитувчиларнинг бу иддаоларини Озодликка Бойсун туман халқ таълими бўлими мулозими тасдиқлаб, деди:

- Ҳокимият ўқитувчилардан ноқонуний қилиб 290 миллион ушлаб қолган. Ваҳоланки, икки кунлик иш ҳақи ҳисобига 158 миллион бўлиши керак эди! Бош прокуратурага, Меҳнат инспекциясига чиқиб ётибди ўқитувчилар. Ушлаб қолинган пул ҳар бир ўқитувчининг 3-5 кунлик иш ҳақига тўғри келаяпти.

Суҳбатдош ўқитувчилари кўп бўлган катта мактаблардан 3 кунлик, кичикроқларидан эса, 5 кунлик иш ҳақи ундирилиши ҳисобига вилоятдан келиб тушган буйруқ бажарилганини билдирди.

- Лекин 2 кунлик иш ҳақи ушланиши ўрнига улар туманнинг режасини бажариш учун “халқ таълимида катта бюджет суммаси айланади”, деб бор оғирликни ўқитувчиларга юклаб қўйди. Билмадим, бошқа ташкилотлар ҳисобига режани бажартира олмаганми – таълимга икки баробар режа бўйнига қўйилди, 290 миллион сўм! Энг осон йўли шу. Ҳали ўқитувчиларнинг 50 фоизи билмайди буни, билса жанжални кўрасиз! Одамларни норози қилиш яхшиликка олиб келмайди.

Халқ таълими бўлимининг исми маълум сабабларга кўра сир қолишини сўраган ходими ўқитувчилар прокуратура ва бошқа назорат идораларига ҳам ариза билан чиқаётгани, аммо у ерда бу хатларга тегишли жавоб ололмаётганини айтди:

- Улар бетарафлик сақлаяпти – ўзини билмаганга олиб ўтирибди.

Ҳокимият: Ўқитувчилардан фақат 2 кунлик ҳашар пули олинган!

Озодлик ўқитувчилардан 17-18 август кунлари йиғилган икки кунлик маблағ Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳисобига ўтказилиши керак бўлганини аниқлади.

Бироқ, Бойсун туман ҳокимлиги бухгалтерияси бошлиғи Шуҳрат Тошбоев ўқитувчилар айтган гапларни инкор этишга уринди:

- Асоссиз бу гаплар! Йўқ, ундай гап бўлмаган. Бир кунлик ҳашарга ўтказилган – 4-5 кунлик дегани бўлмаган гап! Бўрттирворишган, бўлгани ҳам йўқ ундай ҳолат. Фактсиз гаплар. Хайрия ҳашари бўлганидан кейин ходимнинг ихтиёри билан “Маҳалла” жамғармасига кетади пул. Бизга пул топшириш бўйича режа ҳам қўйилмаган – бир кунда қанча бўлса, шу.

Ўқитувчилар иддаоларига Бойсун туман ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Алишер Нормаматов ҳам жавоб берди:

- Ўқитувчиларнинг иш ҳақидан ҳақиқатан икки кунлик иш ҳақи ўтказилган эди, у қонуний. Мен ўзим назорат қилганман ва уни исботлаб ҳам бераман: тумандаги ўқитувчилар ва уларнинг иш ҳақларидан келиб чиқиб олинган. Ҳеч ким уни ноқонуний қила олмайди, ҳаққи ҳам йўқ! Туман ҳокимлиги назоратидаги жараён. Ҳозирги кунгача жамғармага пул ўтказиш бўйича планни бажарганимиз ҳам йўқ. Мана қўлимда туман бўйича тушган пулнинг схемаси турибди. 159 миллион деган нарсани туман статистика бўлими ва “Маҳалла” фондининг ўзлари шунчаки хомаки режасини тузишиб чиқишган. Бу туман, вилоят, республикада маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга, ободонлаштиришга кетадиган пулдир, деди туман ҳокими муовини.

Ҳоким ўринбосари "Маҳалла" хайрия жамғармасига пул ўтказиш мажбурийдир, деган фикрни уқтиришга уринди. Бироқ, Ўзбекистон Бош вазирининг 2019​ йил, 10 августдаги ​672-Ф-сонли қарорида Умумхалқ хайрия ҳашари вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг "ихтиёрий маблағлари" ва "ўз ташаббусига кўра ўтказилиши" белгилаб қўйилганини кўриш мумкин.

Ҳоким ўринбосари Бойсун туман ўқитувчиларидан олинган маблағлар масаласида яна бир бор “Маҳалла” жамғармаси бухгалтерлари билан суҳбатлашиб кўришини ва натижаларни эълон қилишини билдирди.

Айни дамда, 8-9 сентябрь кунлари маош олган ўқитувчилар Озодликка огоҳлантиришсиз кесиб олинган маошларини қўлга олганини маълум қилишди.

Ўзбекистонда 15 августдан 30 августгача ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ўтказилган эди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, вазирлар Маҳкамаси бу борада 10 август куни фармойиш берганди.

Фармойишга асосан 17−18 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди.

XS
SM
MD
LG