Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:14

Қирғизистон янги ҳукумати 2010 йилги Ўш воқеаларини қайта тергов қилади


Ўш шаҳри. 2010 йилнинг 14 июни.
Ўш шаҳри. 2010 йилнинг 14 июни.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2010 йилги Ўш воқеаларини қайта ўрганиш юзасидан Миллий хавфсизлик хизматига кўрсатма берди.

Ўш воқеаларини ўз вақтида халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия, Қирғизистон ҳукумати комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия ўрганиб, ўз хулосаларини берган эди.

2010 йилнинг 7 апрелидаги халқ қўзғолони оқибатида президент Қурманбек Бакиев ҳокимиятдан ағдарилган ва Қирғизистон жанубидан вақтинча бошпана топган эди. Ўшанда ҳокимиятга келган Муваққат ҳукумат ва Бакиев тарафдорлари ўртасидаги сиёсий кескинлик ортидан Ўшда июнь ойида миллатлараро низо бошланиб кетганди.

Низо оқибатида 500 га яқин одам ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳатланган ва минглаб уйлар ёндириб юборилган эди.

Халқаро экспертлардан иборат мустақил комиссия бу низо “қирғиз ҳукуматнинг этномиллатчиликка асосланган сиёсати маҳсули экани” тўғрисида хулосага келган. Аммо Қирғизистон парламенти бу хулосадан норози бўлиб, комиссия раиси Киммо Килюненни мамлакатда “исталмаган шахс” сифатида эълон қилди.

Қирғизистон ҳукумати комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия эса Ўш воқеаларининг содир этилишида Қирғизистондаги бир қатор ўзбек лидерларини айблаган.

Қирғизистон президенти матбуот хизмати вакили Айнура Эргешова президент Садир Жапаров 2 апрель куни 2010 йилги Ўш воқеаларини қайта ўрганиш юзасидан Миллий хавфсизлик хизматига кўрсатма бергани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлади:

-Бу воқеаларда юзлаб одамлар ҳалок бўлган, минглаб одамлар жароҳатланган. Бу воқеалар юзасидан барча материаллар қайта ўрганилади. Бу низо юзасидан давлат органлари томонидан қабул қилинган қарорлар кўриб чиқилади. Текширув натижаларидан келиб чиққан ҳолда қонун доирасида, адолат ва ҳолисликни сақлаган ҳолда тегишли қарорлар қабул қилинади.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоли Азиза Абдурасулова Ўш воқеалари қайта ўрганилиши тўғрисида қарор қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди. Унга кўра, Ўш воқеалари юзасидан Қирғизистон ҳукумати комиссияси ва парламент депутатларидан иборат комиссия бир томонлама хулоса чиқарган.

Абдурасулова мазкур комиссиялар қурол ким томонидан қўлланилгани, ҳалок бўлганларнинг миллий мансублиги, низо келиб чиқишига қайси ҳукумат органлари жавобгар каби саволларни жавобсиз қолдирган, деб ҳисоблайди.

-Агар мана шу саволларга жавоб беришга қудрати етса, қўрқмаса, шундагина қайта терговни бошлашсин. Яна бир томонлама адолатсиз хулоса чиқарадиган бўлишса, яхшиси, бу ишга қўл урмаганлари маъқул,-деди Азиза Абдурасулова.

Қирғизистонлик таниқли давлат ва жамоат арбоби Бахтиёр Фаттоҳов Ўш воқеаларини ўрганган ҳукумат комиссияси раисининг ўринбосари бўлган. 2010 йилда у ҳукумат комиссияси хулосаси бир томонлама ва нохолис бўлганини очиқ айтиб, текширув натижаларини имзолашдан бош тортган эди.

Бахтиёр Фаттоҳов Ўш воқеалари ортидан ноҳақ қамалганларни оқлаш учун ҳам қайта текширув ўтказиш лозим, деб ҳисоблайди:

-Биринчидан, ноҳақ умрбод қамалиб кетган одамлар бор. Уларга нисбатан биронта суд жараёни, тергов тўлақонли ва холис олиб борилмаган. Уларнинг айримлари қамоқларда ўлиб кетди. Қолганлари эса адолат бўлишини кутиб ўтиришибди. Гуноҳи бўлганлар қамоқда қолаверсин, аммо айбсиз қамалганлари озод қилиниши лозим.

Иккинчидан, оммавий тартибсизликларда қатнашди, деган айблов билан юзлаб ҳамюртларимиз турли таҳдидларга дучор бўлишди. Масалан, 4,5 мингта жиноят иши қўзғатилган бўлса, шулардан фақат 500 таси ниҳоясига етказилди.

Жуда кўпчилик одамларга нисбатан ноҳақ айбловлар бўлди, таҳдидлар бўлди. Бунинг оқибатида минглаб ҳамюртларимиз ўз ватанини ташлаб, четга чиқиб кетишга мажбур бўлди. Мана шуларнинг барчасини, қайтадан текшириб, холис хулоса чиқариш керак. Бу хулоса икки халқни янада иноқлаштиришга қаратилган бўлиши лозим.

Айни пайтда Ўш воқеалари тўлиқ тергов қилинган, уни қайта текширишга ёки ўрганишга ҳожат йўқ деган нуқти назардагилар ҳам бор. Жумладан, 2010 йилда Миллий хавфсизлик қўмитасини бошқарган Кенешбек Душебаев Ўш воқеаси юзасидан Киммо Килюнен раҳбарлигидаги халқаро комиссия, Абдуғани Эркебаев раҳбарлигидаги ҳукумат комиссияси ва Тўқун Мамитов раҳбарлигидаги парламент комиссияси, бундан ташқари Миллий хавфсизлик, Ички ишлар ва прокуратура ишчи гуруҳлари ўз хулосаларини берганларини айтди.

Унга кўра, янги комиссия ҳам эски комиссиялар эътироф этган хулосадан бошқа натижага кела олмайди.

Парламент депутати Рискелди Момбеков эса президент Садир Жапаров Ўш воқеалари учун масъулиятни 2010 йилда ҳукумат тепасига келган Роза Ўтунбаева раҳбарлигидаги муваққат ҳукуматга расман юклаб, уларни жавобгарликка тортиш мақсадида бу ишни амалга оширмоқда, деб фикр билдирди:

-Июнь воқеасини 11 йилдан кейин қайта тергов қилиш замон талаби эмас, бу Минскнинг талаби, деган фикрга мен тўлиқ қўшиламан. Бу иш бугунги сиёсий йўналишни бошқа ўзанга буриш учун амалга оширилмоқда. Терговни ўтказишга 7 апрель арафасида кўрсатма берилгани ҳам бу фикрни исботлаб турибди.

Рискелди Момбеков “июнь воқеаларини ўрганиш Минскнинг талаби”, деганда 2010 йил 7 апрель қўзғолонидан сўнг ҳокимиятдан ағдарилиб, Беларус пойтахтида бошпана топган собиқ президент Қурмонбек Бакиевни назарда тутди. Қирғиз мухолифатчиларидан айримлари мунтазам равишда Садир Жапаровга Бакиевлар оиласининг таъсири кучли экани тўғрисидаги иддаони таъкидлаб келадилар.

Бундан 11 йил муқаддам содир бўлган Ўш воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 442 киши ҳалок бўлган. Қурбон бўлганлардан 295 нафарини ўзбеклар, 123 нафарини қирғиз миллатига мансуб кишилар ташкил қилган. Шунингдек, июнь воқеалари пайтида 1 рус, 1 покистонлик ва 1 уйғур ҳам нобуд бўлган.

2010 йил июнь воқеалари бўйича ҳозирга қадар 545 киши жиноий жавобгарликка тортилди. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Хьюман Райтс Уотч ташкилотининг 2010 йилги ҳисоботида Ўш қирғини кунлари одам ўлдирганликларда айбланиб, бир умрга қамалган 30 кишининг 28 нафари ўзбек экани айтилган.

XS
SM
MD
LG