Линклар

Шошилинч хабар
07 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:28

Қозоғистон: Полиция Шинжондаги қариндошларига озодлик талаб қилган намойишчиларни ҳибсга олди


Намойишчилар Шинжондаги яқинлари ноқонуний ушлаб турилганини айтишади.
Намойишчилар Шинжондаги яқинлари ноқонуний ушлаб турилганини айтишади.

11 май куни кечқурун қозоқ полицияси Шинжонда тутқунликда сақланаётган қариндошларига озодлик талаб қилиб Хитойнинг Олмаотадаги консуллиги ёнида 93 кундан бери узлуксиз пикет ўтказаётган одамларни қўлга олди. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига ушбу акция иштирокчиларидан бири бўлмиш Бойболат Кунболатули маълум қилган.

Унинг айтишича, бир неча кишини полиция бўлимига келтирганлар.

“Хитойдаги жигарларини излаётган оналар одатдагидек Хитой консуллиги олдида пикет қилишаётганди. Биз у ердан тўғридан-тўғри эфир қилдик, сўнг Хитой банкига жўнадик. Биз кетганимиздан кейин уч кишини – Акикат Калиоллаули, Нурзат Ермекбайкизи ва Гулпия Казибеккизини ушлаб кетишган. Банк олдидаги акциядан сўнг Женис Зарканули уйига кетганди. Ўша ерда қўлга олишган уни. Банкдан кейин биз учинчи жойга – Хитойнинг “Sinooil” ширкатига тегишли АЁҚШга қараб жўнадик. У ердан ҳам эфирга чиқдим. Машина томонга юраётгандик, полициячилар бизни қуршаб олиб, қўлга туширишди. Эфир қилмоқчи эдим, телефонимни тортиб олишди. Менга қўшилиб Алмахан Мирзанкизи, Турсингул Нуракай, Халида Акитканкизи ва Бикамал Какенкизиларни ҳам ушлашди. Мени Медеу туманидаги бўлимга элтдилар, қолганларни қаёққа олиб кетишганидан хабарим йўқ”, деди Кунболатули, полиция маҳкамасини тарк этаркан.

Унинг айтишича, полициячиларни Хитой консуллиги ёнидаги пикет қизиқтирган.

“Менга видео кўрсатишди. “5 апрель куни Хитой консуллиги олдида митинг қилгансанлар”, деб айтишди. Бу аввалроқ олинган видео эди, уни ўзим саҳифамга жойлаганман. Полициячи билан баҳслашдик. Кейин менга яна битта видеони кўрсатишди – буниси 7 май куни олинганди. “Консуллик биноси рўпарасида норозилик акцияси иштирокчилари билан гаплашгансан”, деб айтишди. Сабабини тушунтирмай бир неча соат сақлашди. Баённомага имзо чекмадим, тушунтириш хати ҳам ёзганим йўқ. Кейин, кечки тўққиздан сўнг, эртага келарсан, деб қўйиб юборишди”, дейди Кунболатули.

У полициянинг бу хатти-ҳаракатларини “қўрқитишга уриниш” деб ҳисоблашини айтади. Озодлик қозоқ хизматига кўра, ўша оқшом озод қилинганлардан яна бири Турсингул Нуракай. Қолганлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, уларнинг телефонлари ўчирилган.

Пикетчилар ушлангани ҳақида “Ар.Рух.Хақ” ҳуқуқбонлик ташкилоти раҳбари Бакитжон Торегожина ҳамда ҳуқуқбон Ерлан Калиевлар ҳам маълум қилган. Уларнинг айтишича, акция қатнашчилари Медеу ва Алмали туманларининг полиция бўлимларига олиб кетилган.

Озодлик қозоқ хизмати мухбири изоҳ сўраш учун Олмаота полиция бошқармаси билан боғлана олмаган.

Бир гуруҳ фуқаролар 93 кундан бери Хитойнинг Олмаотадаги консуллиги ёнида норозилик акциясини ўтказмоқда. Улар Шинжонда яқинлари зўрлик билан сақлаб турилганини ёки ноқонуний қамоққа ташланганини иддао қилишади. Пикетчиларга дипмиссия қўриқчилари ва полиция мунтазам тўсқинлик қилади.

Шинжон қамоқхонасидаги укасининг озод этилишини талаб қилаётган Бойболат Кунболатули аллақачон “тинч йиғилишлар ўтказиш тартиб-қоидаларини бузган” деган айб билан 10 кун ҳибсхонада ўтириб чиққан.

Асли қозоғистонлик этник уйғурнинг Хитой қамоқхонасидаги 15 ойи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:26 0:00

Кўплаб далил ва гувоҳликларга кўра, Хитой сўнгги бир неча йилдан буён Шинжонда аксарияти ислом динига эътиқод қилувчи туб миллат ва элатлар, жумладан, қозоқларга нисбатан қатағон сиёсатини юритмоқда. Бу ерда гап миллионлаб одамлар ҳақида бормоқда. Хитой халқаро даражада “геноцид” сўзи билан таърифланаётган ушбу ҳаракатлар ўзининг “ички ишлари” ва “терроризм ҳамда экстремизмга қарши кураш чоралари” эканлигини иддао қилади.

Қозоғистон ҳукумати Хитойга иқтисодий тобелиги важидан унинг сиёсатини очиқча танқид қилишдан тийилади ва яқинлари Шинжонда зуғум ва таъқиб қилинаётган кишиларнинг шикоятлари “дипломатик каналлар орқали” кўриб чиқилишини таъкидлаб келади.

XS
SM
MD
LG