Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:43

Оренбург изоляторида ўзбек қочқини йўқолиб қолди


Икромжон Мамажонов.
Икромжон Мамажонов.

13 июн куни Оренбургда бир йиллик қамоқ муддатидан кейин тергов изоляторидан озод этилиши керак бўлган ўзбекистонлик қочқин Икромжон Мамажонов ғойиб бўлди. Унинг адвокатлари диний қарашлари учун ўз юртида қидирувда бўлган Икромжоннинг маҳаллий махфий хизматлар кўмагида Ўзбекистонга бериб юборилганини тахмин қилмоқда.



13 июн куни Оренбургда бир йиллик қамоқ муддатидан кейин тергов изоляторидан озод этилиши керак бўлган ўзбекистонлик қочқин Икромжон Мамажонов ғойиб бўлди. Унинг адвокатлари диний қарашлари учун ўз юртида қидирувда бўлган Икромжоннинг маҳаллий махфий хизматлар кўмагида Ўзбекистонга бериб юборилганини тахмин қилмоқда.

Андижонлик қочқин ўғирлаб кетилган бўлиши мумкин

Расмий Тошкент томонидан 2006-2007 йилларда Андижонда “Ислом Жиҳоди иттифоқи”ни тузганликда айбланиб халқаро қидирувга берилган 44 яшар хонободлик Икромжон Мамажонов 13 июнга ўтар кечаси Оренбург тергов изоляторидан йўқолиб қолди.

Бу ҳақда Озодлик мухбирига маълумот берган ўзбек қочқинининг ҳимоячиси Алексей Гладких¸ Мамажоновнинг изолятордан ноқонуний тарзда ўғирлаб кетилгани ва аллақачон Ўзбекистонга олиб чиқилганига ишонишини айтади:

- У 12 июн куни озод этилиши керак эди. Мен ўша куни тергов изоляторига вақтлироқ етиб келдим, аммо у ерда менга Россия мустақиллиги байрами муносабати билан иш куни эмаслиги, ҳеч ким ишламаслигини тушунтиришди. “Ҳужжатлар тайёр эмас, чиқармаймиз. 13 июн куни эрталабки 9-11 ларга етиб келинг, чиқади”, дейишди. Мен, албатта, ундан вақтлироқ – соат 6 ларга етиб келдим. Аввалига “Шошманг, шошманг”, дейишди, кейин умуман маълумот беришдан бош тортишди:”Сизга маълумот беришни тақиқлашди”, деди. Соат эрталабки 7:15 дақиқада у турмадан аллақачон чиқариб юборилганини билдиришди, дейди адвокат Алексей Гладких.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:25 0:00
Бевосита линк


Адвокат Гладкихга кўра¸ изолятордан қўйиб юборилиши керак бўлган Икромжон Мамажоновни кутиб олишга унинг дўстлари ва яқинлари ҳам келган.

Икромжоннинг Ўзбекистонда оиласи қолган. Улар билан алоқа узилганидан кейин, у яна бир бор уйланган ва ҳозирда тўрт нафар фарзанднинг отаси. У Қирғизистонга оиласи олдига кетаётганида Оренбург бекатида поезддан тушиб қолдирилган.

Ҳимоячининг изолятор раҳбариятига жўнатилган расмий мурожаатномасига у ердан “маҳбус Мамажонов эрталабки 8 да озод қилингани” тўғрисида жавоб қайтарилган:

- Қип-қизил ёлғон! У роса бир йил ўтирди. У ўтган йилнинг 13 июнида Оренбургда поезддан тушиб қолдирилган ва халқаро қидирувда бўлгани сабабли изоляторга жойлаштирилган эди. Уни 12 ойдан кўп ушлаб туриш ноқонуний бўлгани сабабли мана озодликка чиқарилиши керак эди. Транспорт прокуратураси уни қўйиб юбориш тўғрисида қарор чиқарди. Лекин масала у қачон чиқариб юборилганида: кечасими, нега эрталабки 9-10ларда чиқарилмади? Менимча ичкарига машина киритилган ва уни шу тариқа олиб чиқиб кетишган, дейди уч кун ўтиб ўзбек қочқини Икромжон Мамажонов Россияда эмаслигига қатъий ишонишини гапирган адвокат Алексей Гладких.

Адвокат Икромжоннинг Оренбург тергов изоляторидан ғойиб бўлгани юзасидан маҳаллий прокуратура, Тергов қўмитаси, Ички ишлар бошқармасига ариза билан мурожаат қилгани ва бу идораларга бу шахснинг Страсбург суди махсус қарори билан ҳимояланганини эслатиб қўйганини қўшимча қилди.

Адвокатдан олинган ҳужжатларга кўра, 1966 йилда туғилган Икромжон Мамажонов Ўзбекистон Рспубликаси Жиноят Кодексининг 155-моддаси 1-қисми, яъни “Ислом жиҳоди мужоҳидлар жамоати” қуролланган жанговар гуруҳи тузиш, 242-модда 2- қисми – бу ташкилотни бошқариш ва уни молиявий таъминлаш, шунингдек 223-моддаси 2-қисми “б” банди бўйича Ўзбекистон Республикаси чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда айбланмоқда. Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Мамажоновни бу жиноятларни 2006 йилнинг январидан 2007 йилнинг ноябригача Андижон вилояти ҳудудида содир этганликда айбламоқда.

Россия транспорт прокуратураси олиб борган текширув натижасида, Мамажоновнинг Россия ҳудудида Алихонов Абдурасул исмига берилган сохта Россия паспорти асосида яшаб юргани аниқланган.

Мамажонов¸ айнан Алихонов Абдурасул исми-фамилияси остида Россияда қидирувда бўлганлар рўйхатига киритилган.

Мамажоновнинг Страсбургдаги ҳимоясини таъминлаб келган Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина Озодлик билан суҳбатда 2012 йилнинг ноябрида Россия Бош прокуратураси Ўзбекистоннинг экстрадиция сўровини қондирганини маълум қилди.

У 2013 йилнинг 12 мартида андижонлик қочқин экстрадицияси қонуний кучга кириши керак эди, дейди. Бироқ, 1 март куни - Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича суд Икромжон Мамажонов 39-қоидага кўра бериб юборилмаслиги кераклиги тўғрисида қарор чиқарди.

ФСБ МХХ фаолиятидан норози эмас!

Бундан бир ҳафта олдин, Озодлик айрим ахборот агентликларида Россия Федерал хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратураси сўнгги йилда Россияда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг фаоллиги кескин кучайиб кетганидан норозилик билдиргани тўғрисида хабарлар пайдо бўлганини маълум қилган эди.

“Илгари ФСБ ва МХХ Россия ҳудудида Тошкент режими рақибларини ҳибс этиш бўйича ҳамкорликда амалиётларни ўтказиб келган бўлса, ҳозирда Россия тарафи МХХнинг бундай сўровларига эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Ўзбекистон томони барча расмий ва норасмий келишувларга зид равишда Россия фуқаролари орасида агентура тармоғини ёйишга интилмоқда”, дейилади юқорида тилга олинган мақолада.

Ўз исмини маълум сабабларга кўра ошкор этишни истамаган Озодликнинг Россия Федерал Хавфсизлик хизматидаги манбаси Интернетга сиздирилган бу маълумот билан танишиб чиқиб, уни “кимнингдир алаҳсираши”, деб атади.

“Биринчидан, бундай ҳолат юзага келса, ФСБ норозиликни билдириш учун бевосита ўзбек МХХсининг ўзига махфий талабнома ёки норозилик хати юборади. Мақолага эътибор берсангиз, бу гапнинг ким томонидан айтилгани, расмий тасдиғи йўқ. Тўғриси, кимга бундай ёлғон кераклигини ўзим ҳам тушунмаяпман”, деди бундай қўпол норозилик усули фсбчиларга хос эмаслигини таъкидлаган манба.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек қочқинлари ҳимояси билан узоқ йиллардан бери шуғулланиб келаётган “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Елена Рябинина махфий хизмат ходимининг бу сўзларига қўшилади:

- Ўзбекистон ва Россия махфий хизматларининг ўзаро қандайдир келишмовчиликлари борлигига қарамасдан¸ айнан қочқинларни бадарға қилиш масаласида улар якдилдир. Чунки ҳам у, ҳам бу томонга зикр этилган масала юзасидан ҳамкорлик “террорчиликка қарши кураш фаолияти”ни кўз-кўз қилишнинг энг қулай усули. Биласизми нима учун биз Страсбург судларида ютиб чиқаяпмиз? Чунки ҳужжати йўқ, ўз юртида қидирувда бўлган ва бир йил-ярим йил турмада ўтирган шахснинг бир нечта чегарани изсиз кесиб ўтиб, Ўзбекистон-Тожикистонда пайдо бўлиб қолишида махсус хизматларнинг “хизмати” йўқлигига ишониш қийин. Чегарачилар эса ФСБнинг таркибий қисмидир. Бундан чиқадиган хулоса аëн: ФСБ ва МХХ хизматларининг фаол “ҳамкорлиги” давом этмоқда ва ҳеч ким ҳеч кимдан хафа бўлгани йўқ, деди Елена Рябинина.

Ҳуқуқ фаоли маълумотига қараганда, сўнгги уч йил ичида МДҲ мамлакатларидан Ўзбекистонга яширинча ёки ошкора экстрадиция қилинган фуқаролар сони юздан ошган.

Россияда юрган ўзбекистонликлар ( масалан, Азамат Эрмаков, Юсуф Қосимохунов, Рустам Зоҳидов, Санжарбек Сотволдиев, Маъмуржон Юсупов, Аҳмаджон Бекпўлатов ва бошқалар) Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирланиб, кейинчалик ўз юртида суд қилингани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар берган эди.
XS
SM
MD
LG