Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:35

"НГ": Ғафур Раҳимов Сочи Олимпиадасининг нуфузли меҳмони бўлиши мумкин


Осиё бокс конфедерацияси собиқ президенти Ғафур Раҳимов (ўр.), Тошкент ш, 2010 йил.
Осиё бокс конфедерацияси собиқ президенти Ғафур Раҳимов (ўр.), Тошкент ш, 2010 йил.

Ўзбекистон қидирувга берган, жиноят оламидаги энг нуфузли авторитетлардан бири деб кўриладиган Ғафур Раҳимов 7 февраль куни Сочи шаҳрида бошланадиган Қишки Олимпиаданинг ҳурматли меҳмонларидан бири бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда Россияда чиқадиган “Новая газета” ўз манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатди. Нашрга кўра, Ўзбекистон Раҳимовга қидирув эълон қилгани боис унинг Олимпиадада қатнашиши жанжалга сабаб бўлиши мумкин.


“Новая газета” нашрига кўра, Ғафур Раҳимов охирги марта Москвага 2012 йил апрел ойида Осиё Олимпия кенгашининг расмий делегацияси таркибида борган.

Москвага ташрифидан бир ҳафта олдин Ёқутистон ўлкасида бўлиб "Осиё болалари" спорт мусобақалари оловининг тантанали ёқилиш маросимида қатнашган.

“Новая газета” иддаосига кўра, 2007 йилда Халқаро Олимпия Қўмитасининг аксар аъзолари 2014 йилги Қишки Олимпиада ўйинлари Сочи шаҳрида ўтказилишини ёқлаб овоз беришида ўша пайтда Осиё Олимпия кенгашининг вице-президенти бўлган Ғафур Раҳимов муҳим рол ўйнаган.

Нашр Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Раҳимовга қидирув эълон қилгани боис унинг Сочи Олимпиадасида ҳурматли меҳмон сифатида қатнашиши жанжалга сабаб бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Озодлик билан суҳбатда агар Ғафур Раҳимов Қишки Олимпиадага келишга қарор қилса, Россия расмийлари унинг хавфсизлигини таъминлашига шубҳа қилмаслигини айтди.

- Сочида Олимпиадаси ютилган йилда Россия расмийлари айнан Россия телеканаллари орқали Ғафур Раҳимовнинг бу ютуқда маълум роли борлигини очиқ расмий таъкидлашган эди. Шу айтилган фикрлардан келиб чиқиб, Раҳимовда Олимпиадага келишга хоҳиш-ирода бўлса, унинг хавфсизлиги Россия расмийлари тарафидан таъминланиши турган гап. Лекин бу мақоладан кейин унинг келиш ёки келмаслигини айтиш қийин, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос.

2013 йил февралида Тошкент ИББ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш бошқармаси Раҳимов Ғафур-Арслонбек Аҳмедовичга қарши ЎР ЖКнинг 165, 243 ва 228-моддалари (Товламачилик, Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ҳамда Давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) бўйича очилган жиноят ишлари асосида уни қидирувга берган.

Ундан бир йил олдин АҚШ Молия вазирлиги наркотрафик билан шуғуллангани айтиладиган “Биродарлик халқаси” уюшган халқаро гуруҳи етакчилари рўйхатига Ғафур Раҳимовни ҳам киритган.


Камолиддин Раббимовга кўра, “Новая газета”да эълон қилинган мақола орқали Ўзбекистон расмийлари Ғафур Раҳимовни Олимпиадага келтирмаслик борасида Россия мутасаддиларига мужда йўллаган.

- Жамоатчилик фикрига, Россия ҳукуматига бир босим сифатида, сигнал сифатида имкон қадар Ғафур Раҳимовни бу Олимпиадага қўймаслик ва уни дискредитация қилишга интилиш кетяпти холос. Ўйлайманки, Ўзбекистон ҳукумати ташқи дунёдаги алоқалари орқали бир неча йил олдин бошланган сиёсий курс, яъни, маълум бир олигархларга қарши курашиш сиёсий курси давом эттириляпти холос. Яъни, бирор бир ўзгариш бўлаётгани йўқ, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос.

Ўзбекистонда йирик тадбиркор ва меценат сифатида ҳам танилган Ғафур Раҳимов 2010 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганидан кейин Бирлашган Араб Амирликларида яшаб келмоқда.

“Новая газета” нашрига кўра, Раҳимов Сочи Олимпиадасига оила аъзолари билан боришни ва хусусий уйда туришни режалаган.

Ғафур Раҳимов фуқаролигини ўзгартирни сабабли 2012 йил июнида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Раҳимовнинг вице-президентлик ваколатларини тўхтатган ва Бокс миллий уюшмаси раҳбари лавозимидан четлатилган.
XS
SM
MD
LG