Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:31

Хориждан Ўзбекистонга пул жўнатишнинг энг қулай йўли қандай?


OzodJavobнинг навбатдаги сонида хориждан Ўзбекистонга пул жўнатиш йўлларига оид саволларга жавоб излаймиз.

Бугунги кунда Европа давлатларида, Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея ёки дунёнинг бошқа мамлакатларида тирикчилик илинжида меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг сон-саноғи йўқ. Улар топган пулини, асосан, Ўзбекистонда қолган яқинларига жўнатаяпти. Пул жўнатишнинг эса турли хил усуллари борки, Озодликка мурожаат қилган ўзбек муҳожирлари, энг арзони ва қулайини излайди.

Жумладан, Санкт-Петрбургда меҳнат қилаётган хоразмлик Ҳамид энг арзон пул жўнатиш тизими борасида сўради:

“Мен биринчи марта Россияга келдим. Тўрт ойдан бери ойлигимни йиғдим. Энди уйга жўнатмоқчи эдим. Ҳар ким ҳар хил йўлни айтаяпти. Шу жўнатадиган пулимга энг кам ҳақ оладиганини қидираяпман”, дейди хоразмлик йигит.

Озодлик дунёнинг турли ҳудудида яшаб, ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида кичик сўров ўтказиб, хориждан пул жўнатишнинг энг қулай ва арзон йўлларини аниқлашга ҳаракат қилди.

Ушбу сўровда қатнашган муҳожирлар MoneyGram тизимини энг қулай ва энг арзон пул жўнатиш усулларидан бири деб топишди.

MoneyGram тизими орқали дунёнинг 200та давлатидан пул жўнатиш имкони мавжуд бўлиб, 327 мингдан зиёд пул жўнатиш шохобчаларидан фойдаланиш мумкин.

Ҳозирда MoneyGram Ўзбекистонда 900дан зиёд хизмат кўрсатиш шохобчасига эга.

Ушбу тизим орқали пул жўнатиш учун олинадиган ҳақ қайси давлатдан жўнатаётганингизга боғлиқ. Чунки ҳар бир давлат учун турлича ҳақ белгиланган.

Масалан, Россиядан Ўзбекистонга MoneyGram тизими орқали пул жўнатмоқчи бўлсангиз, пул суммасининг ўртача 2 фоизи миқдорида хизмат хақи олинади.

Москвадаги Сбербанк ходимларидан олинган маълумотга кўра, Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш учун олинадиган хизмат ҳақи қуйидагича:

100 доллар учун 2 доллар;

500 доллар учун 8 доллар;

1000 доллар учун 16 доллар;

5000 доллар учун 80 доллар.

Олмаотадаги Халқ банкидан олинган маълумотга кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга MoneyGram тизими орқали пул жўнатиш учун олинадиган ҳақ қуйидагича:

100 доллар учун 2 доллар;

500 доллар учун 10 доллар;

1000 доллар учун 20 доллар;

5000 доллар учун 100 доллар.

Айрим пул жўнатиш шохобчаларида хизмат ҳақининг суммаси бундан озгина фарқ қилиши ҳам мумкин.

MoneyGram тизими орқали 10 минг долларгача пул жўнатиш мумкин. Пулни жўнатганинигиздан 10 дақиқа ўтиб, Ўзбекистондаги яқинлариингиз бориб олиши мумкин.

Лекин Ўзбекистондаги ҳамма банкларидан ҳам катта суммадаги пул жўнатмаларини олиш мумкин эмас.

Тошкентдаги Алоқа банк ходимига кўра, MoneyGram тизими орқали фақат 1100 долларгача бўлган пул жўнатмасини олиш мумин.

Шунинг учун хориждан пул жўнатаётганигиздан аввал сиз жўнатаётган суммадаги пулни қайси банкдан олиш мумкинлиги ҳақидаги маълумотни аниқлаб олишни унутманг.

Алоқа банк ходими катта суммадаги пул жўнатмалари учун Юнистрим (UNIStream) тизимини таклиф қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистонда ушбу тизим орқали катта суммадаги пул жўнатмасини олиш мумкин.

Россиянинг Юнистрим тизими орқали МДҲ мамлакатлари, Буюк Британия, Кипр, Греция, Чехия, жами 100дан зиёд давлатдан Ўзбекистонга пул жўнатиш мумкин.

Юнистрим орқали ҳам жўнатилган пулни 10 дақиқадан сўнг қабул қилиб олиш мумкин. Ушбу тизим ҳам ўртача 2 фоиз миқдорида хизмат ҳақи олади.

Алоқа банк ходимига кўра, Ўзбекистонга хориждан жўнатилган катта суммадаги пул учун айрим банклар маълумотнома сўраши мумкин:

“Биз 10 минг долларгача бўлган пул учун маълумотнома сўрамаймиз. Лекин пулни жўнатувчи ўзи ҳақидаги маълумотларни тўлиқ кўрсатиши лозим. Паспорт серияси, қаерда пропискада бўлса, бу ҳақдаги маълумот ҳам кўрсатилиши лозим. Агар маълумотлар тўлиқ бўлса, ҳеч қандай маълумотнома сўралмайди. Лекин 10 минг доллардан зиёд пул бўлса, албатта маълумотнома талаб қилинади”, деди Алоқа банк ходими.

Москвалик таҳлилчилар аниқлашича, Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари учун энг қулай ва арзон тизимлар ўнталиги қуйидаги кўринишда:

Blizko – 1,4% (хизмат ҳақи)
Быстрая почта- 1,4%
Золотая корона- 1,5%
Лидер- 1,5%
MoneyGram- 1,6%
Privat Money-1,6%
beGOm- 1,67%
Анелик- 2%
Юнистрим-2%
Western Union-2%

Ўзбек муҳожирлари аксар ҳолларда пул жўнатишнинг қўлма-қўл усулини ҳам танлайди.

Бунда икки хил усул бор:

1) Сиз йиққан пулингизни Ўзбекистонга кетаётган бирор танишингиз орқали бериб юборишингиз мумкин.

2) Иккинчи усул эса оддий халқ тилида “Истерн” ёки “Зигзак” деб номланади: Дейлик, Прагада бўлган ўзбек муҳожири Тошкентдаги оиласига пул жўнатмоқчи бўлса,Тошкентдан пул олиш эҳтиёжи бўлган одамга Праганинг ўзида келишилган маблағни беради. Тошкентдаги шахс эса Прагага жўнатмоқчи бўлган пулини ўша ернинг ўзида ҳисоб-китоб қилади.

******* **** **** **** *** *** *** *** *** *** *** *** *** ***

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволларга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG