Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:22

Паркентда портлаш таҳдиди битилган варақани тарқатишда гумон қилинган 3 киши ушланди


2014 йилнинг 28 августида Тошкент шаҳрида осиб кетилган қора байроқ
2014 йилнинг 28 августида Тошкент шаҳрида осиб кетилган қора байроқ

Ички ишлар вазирлиги Тошкент вилояти Паркент туманида портлаш уюштириш таҳдиди битилган варақани тарқатишда гумон қилиб, 1 нафар вояга етмаган шахс қўлга олинганини маълум қилди. Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбалари эса 3 киши қўлга олинганини айтмоқда. Варақаларда "Исломий давлат" байроғи акс этганига оид хабарлар ҳозирча расман тасдиқланмади.

ИИВ: Вояга етмаган шахс давлатга таҳдид қилди

Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати Паркент туманидаги маҳаллий идоралар ва ҳокимият органлари номига таҳдид битилган варақаларни тарқатишда гумон қилиб, вояга етмаган бир шахсни ушлагани ҳақида баёнот бергани хабар қилинди.

ИИВнинг айни баёнот битилган расмий сайти ёпиқ қолмоқда. Бу сайтга ишорат берган ҳозирча бир неча ахборот нашрида мана қуйидаги иқтибос чоп этилди:

"2015 йилнинг 30 апрелида Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган маҳаллий таълим муассасалари маъмурияти номига таҳдид битилган материалларни тарқатишда гумон қилиниб, тилга олинган туманнинг вояга етмаган яшовчиси ҳисбга олинди", дейилади ИИВ баёнотидан келтирилган иқтибосда.

Расмий хабарда бу факт юзасидан жиноий иш қўзғатилгани, тергов бораётгани айтилган.

1-Манба: 3 киши таҳдидда гумон қилиниб ушланган

30 апрель кунининг биринчи қисмида Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги икки манбаси варақаларни тарқатишда гумон қилинган 3 ёш йигит қўлга олинганини маълум қилган эди:

"У иш очилди. Болалар топилди. Ўзимизнинг житель (туман яшовчиси-таҳр.) экан. 3 та экан, ака-укалар. Бўйнига олган, дейишди бизга. Раҳбарият ҳозир тепада", деди микрофонсиз суҳбатлашган манбалардан бири.

Унинг аниқлаштиришича, ҳибсга олинганлардан икки нафари ака-ука, яна бири уларга жиноий шерикликда гумон қилинган ёш йигитдир. Қўлга олинган шахсларнинг ҳаммаси туманнинг Ҳисорак қишлоғи яшовчиси экани ва айни пайтда Республика Ички ишлар вазирлиги ҳибсхонасига олиб кетилгани айтилди.

Паркентлик: Ҳовлисидан селитра чиққанлар сўроқда

Паркентлик тингловчининг Озодликка айтишича, 27-29 апрель кунлари Ҳисорак қишлоғида ҳовлисидан селитра чиққан бир неча эркак ИИБга олиб кетилган:

"Ҳозир дарахтларга селитра соладиган мавсумку, шу бечоралар ҳовлисига бир қоп-икки қоп селитра ташлаб қўйган бўлган. Бундан бомба қилиш мумкин, деб селитрани ҳам олган, эгаларни ҳам олиб кетган. Ҳозир уйларни қўйиб юборди. Лекин, югуриб юришибди, қутулиш учун", дейди исмини сир сақлаган паркентлик тингловчи.

У шу воқеаларга боғлаб ушланганлар ва қўйиб юборилганларнинг 10 нафарга яқинидан хабардорлиги, қўйиб юборилганлар ҳам ора-сира сўроққа чақирилаётганини айтди.

2-Манба: Миссия битди, катталар пойтахтга қайтди

Озодликнинг яна бир манбасидан олинган маълумотга кўра, шу воқеадан сўнг шошилинч тарзда Паркентга борган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ва Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоевлар 29 апрель оқшомида пойтахтга қайтган.

"Кеча кечаси хўжайинлар қайтиб кетишди. Группа қолган лекин", деди манба.

Бу манба ва бир неча паркентлик тингловчи 25 апрелдан бошлаб Ўзбекистон Миллий хавфсизлик ҳамда Ички ишлар вазирлиги терроризмга қарши тезкор-оператив бўлимининг Паркент туманига сафарбар қилинган гуруҳи ҳануз туманда қолаётганини айтмоқда.

Озодлик ўз манбаларидан олинган норасмий маълумотлар юзасидан Паркент тумани ва Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий ҳокимлик органларидан ҳозирча бирор расмий муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Сиздирилди: 3 кунда 3 та жойда варақа

26-27 апрель кунлари Паркент туманидаги 3 та маскан - Транспорт ва сервис коллежи, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларидан бирининг кириш йўлакчасида араб ёзувида портлаш уюштириш таҳдиди битилган варақалар топилгани 29 апрель куни матбуотга маълум бўлган эди.

25 апрель куни Паркент тумани Бўстон қишлоғидаги 24-сонли умумий ўрта таълим мактаби ойналарига айни мазмундаги варақалар ёпиштириб кетилгани хабар қилинган.

1-Манба: Варақадаги байроқнинг ранги қора экан

Матбуотга сиздирилган хабарларда варақалардан бир нечаси тумандаги мактаблардан бирининг ойнасига ёпиштирилгани, яна бир нечаси баклашкага солиб, болалар боғчаси ва кўп қаватли турар-жой биноларидан бирининг кириш йўлакчаси ташлаб кетилгани айтилди. Бу ҳақда хабар тарқатган Uzmetronom нашри эса таҳдидлар сирасида бу варақаларда ИШИД (Исломий давлат) нинг қора байроғи акс этган, деб ёзди.

Озодлик ҳозирча бу варақаларни кўрган бирор шахс билан гаплашишга муваффақ бўлмади. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манба ҳам бу борадаги маълумотларга аниқлик кирита олмади:

"Шу араб ёзувида ёзилган, дейишди. Байроқни ҳам расми бор, дейишди, қора рангга ўхшаган байроқ, дейишди", деди манба.

Паркентлик: Соат 21:00 дан кейин уйдан чиқиш йўқ

30 апрель куни бу ҳақда Озодликка ёзган паркентликлардан бири туманда комендантлик соати жорий қилингани ҳақида гап-сўз юрганини айтди. Дарвоқе, Uzmetronom нашри ҳам шу кунда туман аҳолисига соат 21:00дан сўнг уйларини тарк этмаслик, жамоат муассасалари, жумладан емакхоналар, тўйхоналар ёки бошқа кўнгилочар маскаларни ёпиш ҳақида кўрсатма берилганини ёзди.

Озодликка ёзган паркентлик туман марказидаги ресторанлардан бирининг хўжайини кечки соат 9:00дан сўнг ишни тўхтатмагани учун пойтахтдан борган ҳуқуқ-тартибот идоралари гуруҳларидан бирининг бошлиғи томонидан калтакланганини иддао қилди:

"Кечаси соат 9 дан кейин нега ёпилмаган ресторан, деб хўжайинини бир уриб, ерга ётқизиб ташлабди. Кейин ресторанни ёптириб кетибди. Кеча Паркентга кирадиган-чиқадиган йўлларнинг ҳаммаси ёпилган эди, ҳаммани қаттиқ текширишаётган эди. Мен машинада юраман-да, бугун эрталаб райондан чиқдим, анча тинчиб қолибди, ҳеч ким тўхтатмади", деди микрофонсиз суҳбатлашган паркентлик.

Унинг айтишича, пойтахтдан борган куч ишлатар тузилмалари вакиллари Ҳисорак қишлоғи ва Паркент тумани марказидаги аҳоли пунктларида текширувни давом эттирмоқда.

Ёдингиздами, президент Каримов огоҳлантирган эди?

Ўтган йилнинг сентябрь ойида Тошкентнинг Юнусобод туманидаги кўприкка "Исломий давлат" байроғи илиб кетилган эди. Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги бу ҳодиса борасида бирор расмий изоҳ бермаган.

Аммо орадан икки кун ўтиб, президент Ислом Каримов расмий телевидение орқали "Исломий давлат"нинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таҳдидан огоҳлантирган эди:

Қаранг, Ироқда нималар бўлаяпти?!. Бир бемаза, мутлақо аввал билинмаган оқимларнинг вакиллари нималар қилаяпти?!. Агар кимки бу оқимларга ўз вақтида зарба бермаса, нима бўлади?!. Бунинг оқибати нимага олиб келишини ҳеч ким айтолмаяпти... Биз бунақа бемаза, аввал кўрилмаган оқимлардан қандай эҳтиёт бўлишимиз керак?! Буларга нисбатан ўз фикримизни билдиришимиз керак. Остонамизга яқинлаштирмаслигимиз керак", деган эди, жумладан, президент Каримов.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2014 йил декабрда бўлган парламент сайлови ва 2015 йилнинг 29 мартида бўлган президент сайлови арафасида АҚШ ташаббуси билан тузилган ва Марказий Осиё республикалари махсус хизматлари фаолиятидан хабар берувчи centralasiaonline сайтига гапирган Ўзбекистон МХХ таҳлилчиси "Исломий давлат"нинг Ўзбекистонга эҳтимолий ҳужумидан огоҳлантирган эди.

XS
SM
MD
LG