Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:17

Ўзбекистонда террор эҳтимолидан огоҳлантирув кампанияси бормоқда


Ўзбекистон ҳукумати 29 март куни ўтказилган президент сайлови муносабати билан хавфсизлик чоралари¸ хусусан¸ сарҳадларни қўриқлашни кучайтирган эди.
Ўзбекистон ҳукумати 29 март куни ўтказилган президент сайлови муносабати билан хавфсизлик чоралари¸ хусусан¸ сарҳадларни қўриқлашни кучайтирган эди.

Паркентдаги ўқув муассасаларига қора байроқ сурати билан таҳдидли варақалар ташлаб кетилиши ортидан бутун Ўзбекистон бўйлаб давлат ва жамоат ташкилотларини террор хавфидан огоҳлантиришга қаратилган йиғинлар ўтказилмоқда. Ҳокимлар¸ МХХ ва ИИБ раҳбарлари ҳамда прокурорлар иштирокидаги бу йиғинларда диний-экстремист гуруҳларнинг мамлакат ҳудудида террор хуружи қилиш эҳтимоли мавжудлиги айтилмоқда.

Ҳокимият тизимидаги Озодлик манбасига кўра¸ айни кунларда ҳокимликлар ва куч ишлатар тизимлари мутасаддилари жойларга бориб¸ таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари¸ қолаверса, маҳалла раислари иштирокида катта мажлислар ўтказиб¸ четдан кириб келаëтган радикал диний оқимлар таҳдидидан огоҳлантирмоқда.

"Бу тадбирларда шахсан вилоят ҳокими¸ прокурор ва ИИБ бошлиғи қатнашмоқда. Ҳозирча ўқув муассасаларига қуролли қўриқчилар ажратиш ҳақида қарор йўқ¸ лекин шу нарса кўриб чиқилиши мумкин"¸ - дейди Жиззах вилоят ҳокимиятига яқин манба.

Бундай тадбирлардан бирида қатнашганлардан бири микрофонсиз суҳбатда Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида вилоят прокурори ўтказган йиғилишда 300 га яқин одам қатнашгани ва унда асосан диний экстремистларнинг террор хуружлари амалга ошириш таҳдиди мавжудлиги ҳақида гап борганини айтди.

Айни туманда яшовчи Набижон Жўрабоев¸ мазкур мажлис ҳақидаги хабарлар аҳоли ўртасида овоза бўлганини айтади:

"Мактаб директорлари ва ўқитувчилар¸ врачлар¸ фермерлар қатнашибди. Прокурор эҳтиëт бўлинглар¸ ҳар хил диний оқимларга кирганлар юрибди ораларингизда. Террорчилик қилиши мумкин. Шубҳали кўринганлар ҳақида дарров хабар қилинглар¸ дебди. Лекин мен аниқ бир оқим¸ ë ИШИД деганини эшитмадим¸" - дейди ғаллаороллик кузатувчи.

Озодлик суҳбат қилган Самарқанд шаҳри яшовчиларидан бири шаҳарда Паркентда тарқатилган варақалар муносабати билан фавқулодда ҳолат сезилмаслигини айтади.

"Шаҳар бугун "Фавворалар куни"ни байрам қилмоқда. Айни пайтда¸ куч ишлатар тизимлари вакиллари ва маҳалла фаоллари четдан¸ хусусан¸ Россиядан қайтаëтганларни сўраб-суриштириш¸ уларнинг четда нима иш қилиб-қилмаганини ўрганиш билан жиддий шуғулланмоқда" - деди у.

"ИШИД балоси"

Ҳозирча Озодликка Паркентдаги боғча¸ мактаб ва коллеж¸ шунингдек¸ кўп қаватли уй йўлагига ташлаб кетилган таҳдидли варақаларнинг аниқ матни ва ундаги қора байроқ сурати етиб келгани йўқ.

Озодликнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларидаги манбалари мазкур варақалар араб ëзувида экани ва уларда портлатиш билан таҳдид қилинганини билдирди.

Уларга кўра¸ қора байроқнинг Ироқ ва Шом ислом давлати – ИШИД номи билан танилган террор ташкилоти байроғи экани тахмин қилинмоқда.

Бир йилча муқаддам Президент Ислом Каримов "ИШИД балоси" Ўзбекистонга ҳам кириб келаëтгани ва "бу балони тўхтатиш лозим"лиги ҳақида гапирган эди.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб террор хуружлари эҳтимолининг кучайгани ҳақидаги кампаниялар айнан ИШИД билан боғлиқ экани айтилмоқда.

"Реал таҳдид"

Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институтининг собиқ директори¸ хавфсизлик бўйича таниқли таҳлилчи Рафик Сайфулин мамлакат раҳбарияти¸ хусусан¸ куч ишлатар тизимлари ИШИД таҳдидини жиддий қабул қилаëтгани¸ зотан таҳдиднинг ҳам жиддий эканини айтади:

"Бу таҳдид реал ва шу боис Ўзбекистон буни жиддий қабул қилмоқда. Албатта¸ ИШИД Ўзбекистонга қўшин тортиб келмайди¸ бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Таҳдид дер экан террор хуружлари назарда тутилмоқда. Масалан¸ аҳоли гавжум жойлар¸ бозор ëхуд метро бекатида портлаш бўлиб¸ дейлик¸ 100 одамни ўлдирса¸ қолган дунëдаги каби¸ бизда ҳам паника бошланиб кетади. Таҳдид дейилар экан¸ ана шундай алоҳида олинган террор ҳужумлари эҳтимоли ҳақида гап бормоқда. Куч ишлатар тизимлари ана шу таҳдидни бартараф қилишга уринмоқда¸" - дейди таҳлилчи Сайфуллин.

Кейинги ойларда Сурия ва Ироқнинг қатор шаҳар ва вилоятларини ишғол қилиб¸ бу ҳудудларда исломий халифат номи билан қуролли амалиëтлар ўтказаëтган “Исломий давлат”га бевосита алоқадор ëки унга ҳаммаслак гуруҳларнинг Афғонистон шимолида фаоллашгани кузатилмоқда.

Бу гуруҳларнинг Марказий Осиë давлатлари чегарасига яқин ҳудудларда фаоллашгани эса минтақа ҳукуматлари¸ хусусан¸ Ўзбекистонни хавотирга солган.

Тожик-афғон чегарасини Россия ҳарбийлари қўриқлаëтган бир пайтда¸ Афғонистоннинг айнан Толибон ва ИШИДга ҳайрихоҳ исломий радикаллар фаоллашган ҳудудларига туташ туркман чегараси эса¸ таҳлилчилар таъкидича¸ ”илма-тешик” бўлиб ëтибди.

Жангариларнинг айнан шу сарҳаддан минтақа¸ хусусан¸ Ўзбекистонга кириб келиш таҳдиди боис¸ норасмий манбаларга кўра¸ афғон-туркман чегарасини қўриқлашга Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари ҳам қўшилган.

Жангари гуруҳларнинг айнан Афғонистон орқали минтақага кириш эҳтимоли кучаяр экан 10 апрель куни Тошкентга келган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар махсус хизматлари ва ҳуқуқ тизимлари раҳбарлари бундай гуруҳларга қарши курашни мувофиқлаштириш масаласини муҳокама қилди.

Минтақавий аксилтеррор тузилмаси шунингдек интернетдан "террор мақсадларида фойдаланишни тўхтатиш бўйича қўшма машғулотлар ўтказиш режаси"ни ҳам кўриб чиқди.

Тошкент муҳокамаларидан сўнг Ўзбекистон бўйлаб ëшлар ва талабаларнинг интернет кафеларда қандай сайтларга кираëтганини назорат қилишнинг янада кучайгани кузатилмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG