Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

Ўзбекистонда бузилган уй учун товон пули бозор нархида тўланадиган бўлди


Суратда: Шаҳрисабзда бузилган уйлар.
Суратда: Шаҳрисабзда бузилган уйлар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 20 август куни имзолаган қонунга кўра, бундан буён фуқаронинг ер участкаси ва уй-жойи давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилган тақдирда, кўрилган зарарни қоплаш қонунга биноан амалга оширилади.

Шу пайтгача бу масала Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳал қилиниб келган эди.

Президент 20 августда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтириш- га, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан мамлакатнинг Уй-жой кодексига ўзгартишлар киритилди.

Кодекснинг янги таҳрирдаги 27-моддаси

Бузиладиган уй эвазига пул

“Ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мазкур фуқароларга, бузиладиган уй (квартира)нинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Уй (квартира) эгаси – мулкдорнинг бу ҳуқуқи уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга ҳам тааллуқлидир.

Бузиладиган уй эвазига тенг қимматли уй

Бузилган уй (квартира) эвазига уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади.

Дарахт пули

Айни пайтда ер участкасида мавжуд бўлган дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Эски билан янги ўртасидаги фарқ компенсацияси

Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда, бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим эканлиги белгилаб қўйилган қонунда.

Уйи бузилган ҳам тўлайди

Диққат қилинг: Берилаётган уй-жойнинг ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати бузилаётган уйнинг (квартиранинг) ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда эса, бу фарқ уй-жой берилган ёки ер участкасига бўлган ҳуқуқ берилган пайтдан эътиборан беш йил ичида мулкдор томонидан компенсация қилиниши лозим. Яъни бузилган уйингиз эвазига олганингиз қимматроқ бўлса, фарқни 5 йил давомида тўлайсиз.

Кодекснинг янги таҳрирдаги 28- моддаси

Бузиладиган уй эвазига ер участкаси

Ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мазкур фуқароларга уларнинг танлови бўйича якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилади.

Мулк эгасининг бу ҳуқуқи унинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга ҳам тааллуқлидир.

Янги уй битгунча вақтинча уй-жой

28-моддада мана бу меъёр ҳам белгилаб қўйилган: “Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига уч йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилади”.

Яна компенсация ҳақида

"Бузилаётган уйларнинг (квартираларнинг), иморатларнинг, иншоотларнинг ва кўчириб ташланган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқлар тўлиқ ҳажмда қопланади”.

Кодекснинг янги таҳрирдаги 31- моддаси

Бузиладиган уй эвазига тайёр уй

“Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг танлови бўйича янги жойда тенг қимматли уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади.

Яна бир бор компенсация ҳақида

...Бунда кўчириб ташланаётган дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлган тақдирда берилаётган ва олиб қўйилаётган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қийматлари ўртасидаги фарқ пул билан тўлиқ ҳажмда қопланади”

.Бу меъёрни 31-модданинг қуйидаги эски таҳрири билан қиёслаб кўринг:

“Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатларнинг қиймати пул билан қопланмайди”.

Бир мазмунда ўнлаб сарлавҳа

Кейинги йилларда Ўзбекистондаги шаҳарларнинг марказий кўчаларини ободонлаштириш муносабати билан уйлар бузилаётгани ва эвазига давлат тўлаётган компенсация миқдори озлиги тўғрисида мамлакатнинг турли жойларидан келаётган шикоятларни ўрганган Озодлик бу мавзуда ўнлаб мақола ёритди. Мана улардан баъзилари:

"Жиззахда уйи бузилган оилалар давлатдан пулини тўлиқ ололмаяпти",

"Уйи бузилган тўрақўрғонликлар товон пулига пойдевор ҳам кўтара олмаëтир",

"Оқсарой дастидан уйи бузилган шаҳрисабзликлар норози бўлмоқда",

"Уйлари бузилган шўрчиликлар кўчада қолди".

Масаланинг "сувини ичганмиз"

Озодлик OzodJavob эшиттиришида бузилаётган уй учун қанча товон тўланишини махсус ўрганган ҳам.

Шу эшиттиришдан маълум бўладики, Ўзбекистонда бузилган уйлар учун компенсация тўлаш механизми куни кеча имзоланган қонунгача ҳам мавжуд эди.

Фақат энди ўша механизмга қонун мақоми берилди.

Хўш, ишлайдими бу қонун?

Бу савол жавоби Озодликка кўп ўтмай маълум бўлади. Шикоятлар тўхтаса, демак, ишлай бошлаган бўлади. Аксинча бўлса, демак, эски тос, эски ҳаммом.

XS
SM
MD
LG