Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:11

Электр муаммолари бўйича шикоят қилиш тартиби қандай?


Андижонда электр тақчиллигидан шикоят қилган ўқитувчи йигит 5 кун қамаб қўйилди. Ушбу воқеа ортидан туғилган саволларни инобатга олиб, OzodJavobнинг навбатдаги сонида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар борасида мурожаат қилиш тартиб-қоидаларини ўрганамиз.

Андижон вилояти ички ишлар ходимлари Жалолқудуқ тумани Ойим қишлоғи турғуни Муҳаммадризо Эргашевни электр чекловлари киритилганига эътироз билдиргани учун “ватан хоини”га чиқарган.

Ойим қишлоғида ўрта мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган 20 яшар Муҳаммадризо Эргашевга кўра, 19 октябрь куни чекловлар юзасидан Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонасига шикоят қилиши ортидан милиция ходимлари уни беш кун давомида ҳибсда “овқатсиз ва сувсиз” ушлаб туришган.

Ушбу воқеа ортидан Озодликка бўлган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Амалдаги тартибга кўра, бирор муаммо юзасидан шикоят қилган шахсга нисбатан ҳар қандай кўринишда жазо қўллаш тақиқланади.

Ўзбекистоннинг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунига кўра, ҳар бир фуқаро ўзи дуч келган муаммо юзасидан тегишли давлат органига мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Жумладан, электр муаммоси бўйича фуқаро тегишли идорага оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Эслаб қолинг: Мамлакат қонунларида шикоят қилган фуқарога ҳеч қандай жазо кўзда тутилмаган. Аксинча, шикоят қилаётган шахснинг ҳуқуқлари кафолатланиши ва фуқаронинг камситилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланади.

Мамлакат қонунларига кўра, шикоят билан тегишли идорага мурожаат қилган жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини улар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат этганлиги, шунингдек, мурожаатларда ўз фикрини билдирганлиги ва танқид қилганлиги муносабати билан таъқиб этиш ман этилади.

Демак, агар сиз электр муаммоси бўйича шикоят қилишга қарор қилган бўлсангиз дастлаб ўзингиз яшаётган ҳудуддаги туман ёки шаҳар электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилишингиз лозим.

Ёки тўғридан-тўғри вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонасига шикоят қилишингиз мумкин.

Шунингдек, амалдаги тартибга кўра, фуқаро истеъмолчи сифатида ўзи яшаётган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилиши мумкин.

Ҳамда фуқаролар электр билан боғлиқ муаммолар борасида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳам мурожаат қилиши мумкин.

“Қўмитанинг ўзига ёки ҳудудий бўлимларимизга бу борада мурожаат қилиш мумкин. Мурожаат оғзаки ёки ёзма кўринишда бўлиши мумкин. Ишонч телефонларимиз орқали ҳам мурожаат қилиш мумкин. Биз қабул қилиб оламиз. Тегишли бошқармамиз бор. Улар чора кўриб, натижаси бўйича фуқарога жавобни беради. Қонунда белгиланган тартибда 15 кун ва узоғи билан 1 ой давомида фуқаро жавоб олиши мумкин”, деди Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг исмини очиқламаётганимиз мулозими.

Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитасининг ишонч телефони: +998712592137.

Амалдаги тартибга кўра, фуқаро шикоят мурожаатини қабул қилиш ва кўриб чиқиш қонунга хилоф равишда рад этилган тақдирда бу борада юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилишга ҳақли.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари мутахасисларидан олинган маълумотга кўра, электр муаммолари бўйича шикоят қилгани учун жазо қўлланган андижонлик ўқитувчи Муҳаммадризо Эргашев билан боғлиқ ҳолатда унинг қонуний ҳуқуқлари тўла бузилган ва у Андижон ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда милиция ходимлари устидан шикоят билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

************************************************************

Азиз муштарий¸ агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз - OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни Skype орқали ОzodSkype ëки ErkinMikrofon манзилларига йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381 рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG