Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2025, Тошкент вақти: 00:49

"Шубҳали мижозлар". Швейцария банки Тиллаевларнинг ҳисоб рақами ҳақида огоҳлантирилган - OCCRP


Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги собиқ элчиси бўлган Лола Каримова-Тиллаева эри Тимур Тиллаев билан, 2020.
Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги собиқ элчиси бўлган Лола Каримова-Тиллаева эри Тимур Тиллаев билан, 2020.

Швейцариянинг Reyl банки Марказий Осиё авторитар раҳбарлари оиласи пулини ювгани эҳтимолига оид ёзишмалар жамоатчиликка сиздирилди.

Бу ёзишмалар дунё бойларининг ҳисобрақамлари билан ном қозонган давлатдаги хусусий банкнинг қандай қилиб авторитар режимлар ва уларнинг коррупцияга ботган раҳбарларига алоқадор мижозларни "овлаши"ни ҳам кўрсатмоқда.

Бундай мижозлар орасида Ўзбекистоннинг узоқ йиллик марҳум президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи - Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев (Tillyaev) ҳам тилга олинган.

Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга доир суриштирувлар лойиҳаси - OCCRP ҳамда Франциянинг Le Monde нашри қўлга киритган ёзишмалар Швейцариянинг молиявий институтлар устидан назорат органи ҳисобланган FINMA агентлиги ҳамда Reyl хусусий банки ўртасида кечган.

Швейцариянинг, муқаддам Reyl Intesa Sanpaolo номи билан танилган хусусий банки ўзини глобал миқёсда пулдор мижозлар ишончини қозонган ҳамда “масъулиятли банк” сифатида тақдим этади.

Аммо OCCRP ва Le Monde қўлга киритган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Женеванинг муҳташам марказида жойлашган банк, ёпиқ эшиклар ортида Марказий Осиё авторитар раҳбарлари болаларининг пулларини ювишга хизмат қилган бўлиши мумкин.

Ёзишмалардан кўринишича, Reyl банки фаолияти “пул ювишга қарши заифлиги” учун текширувга тушган.

FINMA агентлиги Reyl банкига юборган бир неча хат ва банкнинг жавоблари 2023 йилда агентликнинг банкда текширув ўтказганини кўрсатади ва текширувлар натижасида агентлик банкка ёзган хатда “пул ювишга қарши кураш бўйича жуда юқори даражадаги хавфга мойиллик, шунингдек, бу хавфга қарши текширув мажбуриятларингизни бажаришда маълум даражадаги бепарволик мавжуд”, дейилади.

Гулнора Каримова билан тугамайдиган коррупция ва “янги Гугуша”лар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:56 0:00

Агентлик ўзи айблов эълон қилиш ваколатига эга эмас, аммо бундай вазиятларда Швейцария ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши мумкин.

Агентлик бундай қилганми, йўқми - ёзишмалардан маълум бўлмайди. Бундан ташқари, агентликнинг банк лицензиясини бекор қилиш, ноқонуний йўл билан олинган даромадларни мусодара қилиш ва айрим банкирлар учун маълум бир соҳаларда ишлашни тақиқлаши ҳуқуқи ҳам бор.

Ҳозирча FINMA агентлигининг Reyl банкига нисбатан бундай чораларни қўллаганига оид маълумот ҳам йўқ. Шунингдек, шикоят юборгани ёки бошқа ижро чораларини кўрганига оид далил ҳам мавжуд эмас.

OCCRP ҳамда Франциянинг Le Monde нашри журналистларининг сўровига агентлик бу борада изоҳ бера олмаслигини билдирган.

Айни пайтда Reyl банки ҳам изоҳ беришдан бош тортган. Аммо “назорат органлари билан тўлиқ ҳамкорлик қилаётгани, амалдаги барча қоидаларга риоя этишни энг устувор вазифа деб билиши”ни билдирган.

Рейл банки мижозлари орасида Қозоғистоннинг собиқ президенти - отасининг 20 йиллик ҳокимияти давомида ўзи ва оиласига катта бойлик орттирган қизи Дариға Назарбоева ҳамда Ўзбекистоннинг марҳум авторитар президенти Ислом Каримовнинг кичик қизи Лола Каримованинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаев ҳам бўлган.

Лола Каримова ва унинг эри Тимур Тиллаев Каримов ҳокимиятда бўлган даврдан бери ҳашаматли ҳаёт тарзи билан танилган. Лола Каримова 2013 йилда ББСга берган интервьюсида Женевага кўчиб ўтганини айтган эди.

2012 йилда FINMA агентлиги бу икковлон мижози бўлган Fidurhône мол-мулкни бошқариш фирмасидан - бу муносабат “жуда юқори даражадаги” хавф туғдириши ҳақида огоҳлантирганди.

OCCRPнинг ёзишича, орадан икки йил ўтиб, бу жуфтлик компаниясидаги ҳисоб баланси 190 миллион франккача ошгани аниқлангач, FINMA агентлиги Fidurhône ширкатидан улар билан алоқани узишни сўраган.

Аммо, Fidurhône ширкати Тиллаев ва Каримова билан алоқаларни узишдан бош тортгач, FINMA агентлиги ширкат лицензиясини бекор қилиши ҳақида огоҳлантиради.

Кейинчалик Швейцария Молия федерал департаменти бу ширкат асосчисини Тиллаев билан боғлиқ шубҳали ҳисоб ҳаракатлари ҳақида хабар бермагани учун жаримага тортган.

2020 йилда OCCRP қўлга киритган ёзишмаларга кўра, Тиллаевга тегишли Liobel Limited Inc ширкати Reyl банки мижозига айланган.

Уч йил ўтиб, Тиллаев банкда ўз номига ҳисоб рақами очган ва 2023 йил декабрь ҳолатига кўра, ушбу ҳисоб рақамларининг бирида 83 миллион франк (97 миллион АҚШ доллари) мавжуд бўлган.

“Тиллаев ёки Лола Каримова масаласига келсак, тегишли органларда уларни коррупция ёки пул ювишда айблашга доир конкрет маълумотлар борми-йўқми - буни айтиш қийин. Ҳозирча, бирор иш очилмаганига қаралса, ҳуқуқий жиҳатдан жиноят иши терговини бошлаш учун конкрет далиллар етарли эмас, деб тушуниш мумкин. Лекин, афтидан қандайдир маълумотлар йиғилган, чунки бу оиланинг Ўзбекистонда орттирилган миллионлари, капиталининг манбаси қонуний эканига савол туғдирувчи кўплаб маълумотлар эълон қилинган”, дейди Лондондаги сиёсий таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Каримова-Тиллаевларнинг Беверли Ҳиллздаги қимматбаҳо Le Palais қасри сотилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:42 0:00

OCCRP суриштирувидан аниқланишича, 2024 йил январда назорат органлари Reyl банкига Тиллаевнинг ҳисоблари билан боғлиқ ҳужжатлар, шунингдек, “Ўзбекистонга алоқадор” барча мижозлар ҳақида маълумотларни топширишни буюрган.

Банк эса агентликка жавобан Лола Каримованинг опаси — Гулнора Каримова ҳақида салбий хабарлар чиққанидан сўнг бу ҳолнинг банк “обрўсига шикаст етказиш хавфи эҳтимоли катта” экани боис, Тиллаевнинг ҳисобларини қайта кўриб чиқаётганини билдирган.

Тимур Тиллаевнинг ўзи эса бу каби хабарларга изоҳ бериш сўровига жавоб бермади, дейилади OCCRP суриштирувида.

Жорий йил 6 февралда Ўзбекистон ҳукумати ва Швейцария федерал кенгаши ўртасида Гулнора Каримова иши доирасида Швейцариядан яна 182 миллион долларни қайтариш бўйича битим имзолангани ҳақида Адлия вазирлиги ахборот берган эди.

“Мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иши юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди”, деб маълум қилганди Адлия вазирлиги.

“Швейцариянинг FINMA агентлиги 2012 йилдан - Гулнора Каримовага қарши пул ювиш ва коррупция билан боғлиқ иш очилганидан бери - Ўзбекистон хавфли ҳудуддга айланиб қолди. Швейцария томони банклар ҳамда молиявий институтлар Ўзбекистондан банк ҳисоби очадиган исталган шахсга алоҳида диққат билан қарашни тавсия қилади. Бу эса Ўзбекистоннинг, қўштирноқ ичидаги “обрўси”дан далолат беради. Боиси, бу давлат коррупция ва пул ювиш каналлари орқали пул келадиган давлат сифатида қарала бошлаган. Шунинг ўзи, банкларга эътибор қаратиш зарур бўлган индикаторга айланган”, дейди Илҳомов.

2022 йилнинг февралида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ўзлаштирган маблағларни мамлакатга қайтариш доирасида Франциядан 10 миллион АҚШ доллари Ўзбекистонга қайтарилгани, яна 131 миллион АҚШ доллари қийматидаги активлар "Ўзбекистонга қайтарилишга тайёр" эканини билдирган.

Аммо бу пулларнинг тақдири номаълум, уларнинг нимага ва қандай сарфлангани борасида очиқ ҳисобот мавжуд эмас.

Форум

XS
SM
MD
LG