Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2025, Тошкент вақти: 01:52

Тожикистонда зилзила: Бир киши ҳалок бўлди, юзлаб одам бошпанасиз қолди


Тожикистон. Видео скриншоти.
Тожикистон. Видео скриншоти.

13 апрель, якшанба куни Тожикистонда юз берган кучли зилзила оқибатида уч ёшли бола ҳалок бўлди, юзлаб одам бошпанасиз қолди.

Тожикистон Фанлар академияси Геофизика хизмати маълумотларига кўра, ер силкиниши соат 09:24 да қайд этилган. Эпицентр Душанбе шаҳридан 160 километр шимоли-шарқда, Рашт туманидан 21 километр шарқда жойлашган. Эпицентрдаги зилзила кучи 5–6 баллни, Рашт туманида — 4–5 баллни, Душанбе шаҳрида эса — 3 баллни ташкил этган.

Зилзила: сейсмик ёриқлар, афсоналар ва хавфсизлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:12 0:00

3 ёшли болакай ҳалок бўлди, юзлаб хонадонларга зарар етган

Табиий офат қурбони - Рашт тумани Уштурпаст қишлоғидаги оиланинг 3 яшар фарзанди Машрабов Абдуғани. Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотларига кўра, болакай зилзила пайтида ўз уйининг девори қулаб тушиши натижасида ҳалок бўлган.

Рашт туманида 40 та турар-жой тўлиқ вайрон бўлган, яна 5 таси қисман зарарланган. 3 та чойхона ва Гулхани қишлоғидаги 56-мактаб биносига ҳам зарар етган. Тожикобод туманида зарар кўрганлар сони анча кўп: 54 та уй тўлиқ вайрон бўлган, 45 таси қисман, 61 таси енгил шикастланган. Шунингдек, икки мактаб, учта чойхона, бир тиббиёт муассасаси ва тахминан 200 та хўжалик иншоотларига зарар етган. Ушбу туманда ҳалок бўлганлар йўқ.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда айрим уйларнинг вайронага айлангани кўринади. Қишлоқ аҳолиси уйларида чуқур ёриқлар пайдо бўлганини маълум қилиб, янги қулашлардан қўрқишмоқда.

Ҳужжатли фильм: Суви камайиб қолган дарёлар, қуриб ётган далалар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:30:02 0:00

Қайта такрорланган силкинишлар

ФВҚ маълумотларига кўра, биринчи зилзиладан сўнг мамлакатда камида яна уч марта такрорий силкинишлар кузатилган.

Орадан бир сутка ўтиб, 14 апрель тонги соат 05:44 да Тожикистонда яна зилзила қайд этилди — эпицентр Раштдан 18 километр узоқликда. Бу сафарги силкинишлар 4 баллга етган, аммо дастлабки маълумотларга кўра, янги вайрона ёки жабрланувчилар кузатилмаган.

Ҳодиса жойида ФВҚ раиси Ражабали Рахмонали бошчилигида зарарни баҳолаш бўйича комиссия иш бошлаган.

Тожикистон тектоник плиталар туташган ҳудудда жойлашган бўлиб, Осиёдаги энг сейсмофаол давлатлардан бири ҳисобланади. Бу ерда ҳар йили юзлаб зилзилалар қайд этилади. 2021 йили Тожикобод туманида шунга ўхшаш зилзила беш нафар инсоннинг ҳаётига зомин бўлган, 2020 йили эса 60 та уй вайрон бўлган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сейсмопрогностик мониторинг Республика маркази маълумотларига кўра, зилзила маркази пойтахт Тошкентдан 266 км жануби-шарқда бўлиб, Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида сезилиш кучи 3 баллгача, қолган вилоятларда 2 баллни ташкил этган.

Форум

XS
SM
MD
LG