Сўнгги бир ҳафтада Самарқанд, Тошкент ва Нукус нуфузли халқаро анжуманларга мезбонлик қилди.
Бу анжуманлар Ўзбекистоннинг фаоллашган минтақавий ва халқаро дипломатиясини кўрсатиши керак эди.
Бу дипломатиянинг орқасида президент Шавкат Мирзиёев, унинг орқасида эса, ўзининг сўзларига ишониладиган бўлса, президентнинг қизи ва ёрдамчиси Саида Мирзиёева турибди.
Аммо йилдан-йилга энергетик бўҳрон ва ишсизлик гирдобида қолаётган ва мамлакатга оқиб келаётгани айтилган инвестицияларнинг таьсирини кундалик турмушида сезмаётган ўзбекистонликлар дабдали халқаро тадбирларга сарфланаётган бюджет пуллари ҳақида тармоқларда тобора кўпроқ саволларни беришмоқда.
"Кўчма" гуллар
Самарқандда анжуманлар битиб, меҳмонлар уйларига кузатилгани билан тадбир ташкилотчиларининг иши тўхтамади. Тармоқларда тарқалган видеода меҳмонлар кўзларини қувнатиш учун туваги билан кўчаларга "экилган" гуллар, тадбир тугагач йиғиштириб олинаётгани акс этган.
Самарқандда нафақат гуллар, балки тадбирлар пайти туваги билан экиладиган дарахтлар ҳам бор. Буни Озодликка гапирган самарқандлик манбага кўра, мулозимлар фасадни безаш борасида устаси фаранг бўлиб кетишган:
“Кейинги йилларда Самарқандда тез-тез халқаро тадбирлар ўтказилмоқда. Тадбирга тайёргарлик ҳар сафар бир хил кечади. Аэропорт ва вокзалдан шаҳар марказига борадиган йўллар, тадбир бўладиган бинолар атрофига экиладиган кўчма гуллар ва дарахтлар бор. Улар тадбир олдидан туваги билан “экилиб”, кейин яна олиб қўйилди. Кейин тадбир пайти кўчаларга ҳар хил рангдаги чиройли мусор қутилари қўйилиб, тадбир ўтгач йиғиштириб олинди. Кўчма қуёш панеллари ва кўчма баннерлар ҳам бор. Кўп жойларда камчиликни кўздан пана қилиб турувчи муляж деворлар ишлатишди".
Саммитларга қанча пул сарфланди?
Самарқандда апрель бошида дастлаб ЕИ-Марказий Осиё етакчиларининг биринчи саммити ўтказилди. Кейин Самарқанд халқаро иқлим форуми, сўнгра Биринчи Орол маданияти саммити ўтди. Бу учала йирик анжуманнинг сарф-ҳаражати очиқланмади.
Самарқандда уч йил аввал ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити муносабати билан шаҳарни ободонлаштириш ва янги қурилишларни амалга ошириш учун 25 миллион доллар ажратилган эди.
Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан бу пул 2019 йилда Тикланиш ва Тараққиёт жамғармаси томонидан Самарқанд вилоят ҳокимиятига 5 йиллик муддатга қарз сифатида берилган эди.
Самарқанд вилоят ҳокимлиги мулозимининг Озодликка айтишича, бу қарзни режаланган муддатда узиш имкони бўлмаган ва боз устига бу йилги саммитлар учун яна қўшимча қарз ҳам олинган.
Мулозим янги қарзлар миқдоридан бехабарлигини айтди.
Lex.uz порталига жойланган ҳужжатларга кўра, президент қарорлари билан Самарқанд вилоят ҳокимлигига айнан бунёдкорлик ва ободонлаштириш учун 2018 йилдан бери жами 80 миллион доллар қарз берилган. Агар бунга Вазирлар Маҳкамаси ШҲТ саммити учун ажратган 25 миллион долларлик қарзни қўшсак, кейинги 7 йилда Тикланиш ва Тараққиёт жамғармасидан жами 105 миллион доллар Самарқанддаги бунёдкорлик учун олингани маълум бўлади.
Президент Мирзиёевнинг жорий ойдаги саммитлардан икки ҳафта аввал имзолаган қарорига кўра, бу қарзларни муддатида қайтариш имкони бўлмагани англашилади.
Мирзиёевнинг 18 мартдаги 113-сонли қарорига кўра, 5 йил муддатга берилган кредитлар муддати 13 йилга узайтирилган.
Президент қарорида бу “Самарқанддаги халқаро тадбирларга юқори даражада тайёргарлик кўриш мақсади” билан изоҳланган.
Мирзиёевнинг ушбу қароридан маълум бўлишича, Самарқанддаги тадбирларга тайёргарлик учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бюджетдан 150 миллиард сўм ссуда ҳам ажратган. Бу АҚШ долларида 11,5 миллиондан зиёдроқ пул бўлади.
Ҳисоб-китоб қилинса, кейинги 7 йилда Самарқанддаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш учун жами 116,5 миллион доллардан зиёд маблағ сарфлангани маълум бўлади.
"Ўзатом"нинг 6 млрд. сўмлик тадбири
Самарқанд саммитлари ҳаражати масаласи ўртага чиққан бир пайтда шаҳарда 4 ой аввал ўтказилган яна бир халқаро тадбир маблағларига оид маълумотлар тармоқларга сиздирилди.
2024 йилнинг декабрида «Ўзатом» агентлиги Самарқандда ўтказган Атом энергетикаси бўйича халқаро конференцияга қарийб 6 миллиард сўм сарфланган.
Жумладан,
- МАГАТЭ раҳбари учун меҳмонхона (2 кеча) – 50 млн сўм
- «Ўзатом» раҳбари учун кунлик яшаш тўлови – 4,9 млн сўм
- Конференция иштирокчилари учун авиачипталар – 301 млн сўм
- Тўртта видеоролик нархи – 194 млн сўм.
Бу маблағ давлат бюджетидан ажратилгани айтилди. Бироқ «Ўзатом» агентлиги тадбирга хусусий компанияларнинг ҳомийлик маблағлари сарфланганини иддао қилди.
Абдуҳолиқовнинг "пиар-машина"си
Шу кунларда Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази солиқ тўловчилар пулидан хориж нашрларидаги пиар мақолаларга 2 миллиард сўмдан зиёд пул сарфлагани ошкор бўлди.
Давлат харидлари порталидан Фирдавс Абдуҳолиқов раҳбари бўлган Ислом цивилизацияси марказининг камида 3та мамлакатга пиар мақолалар учун пул ўтказиб берганига оид маълумотни топиш мумкин:
- Дубайдаги «Adspace Sales Corporation» реклама агентлигига «The Economist», «The Guardian», «Washington Post», «Nyu-York Times», «The Wall Street Journal» каби нуфузли нашрларда пиар мақолалар чоп этиши учун қарийб 2 млрд ўтказиб берилган.
- Англиядаги «FGR15 LTD TRADING AS BELGRAVE EUROPE» компаниясига «Le Figaro», «La Reppublica» ва «ABC»даги пиар мақолалар учун 925 млн сўм ўтказиб берилган.
- Россиянинг «ТЕЛЕКОМПАНИЯ ДИВИ» компаниясига 775 млн сўм ўтказиб берилган.
Тармоқларда тарқалган бу маълумотни ҳозирча Ислом цивилизацияси маркази бирор кўринишда изоҳлагани йўқ.
Фирдавс Абдуҳолиқов аввал ҳам пиарга пул сарфлагани учун танқидга учраган эди. Озодлик Абдуҳолиқовнинг Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси 2021 йилдаги президент сайлови арафасида Мирзиёевнинг "янги" даври тарғиботи учун турли ташкилот ва идоралар миллиардлаб маблағ ўтказиб беришга мажбурлаш кампанияси бошида тургани ҳақида ёзган.
Саида Мирзиёеванинг "хос" тузилмаси
Юқорида Самарқанддаги тадбирга 116,5 миллион доллардан зиёд маблағ сарфлангани ҳақида ёздик. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу ерда, одатда, тадбиркорлардан тадбирлар учун ундириладиган мажбурий тўловлар ҳам бор.
Айни пайтда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ажратган пуллар миқдори Озодликка маълум эмас.
Президентнинг жорий йил 28 мартидаги 130-сонли қароридан англашилишича, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Самарқанд ва Нукусда ўтган Орол маданият саммитини юқори савияда ўтказиш учун масъул бўлган.
Қарорда Вазирлар Маҳкамасига саммитнинг харажатлар сметаси масаласи топширилган, бироқ аниқ пул миқдори кўрсатилмаган.
Президент қарори ижросига Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова жавобгар этиб тайинланган.
Саида Мирзиёеванинг мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги тадбирларидаги доимий ҳамроҳларидан бири Гаяне Умерова президент қизи иштирокидаги тадбирларнинг доимий ҳомийларидан саналади.
Кўпчилик Гаяне Умерова раислигидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасини Саида Мирзиёеванинг "хос" тузилмаси сифатида таърифлаб, уни марҳум президентнинг қизи Гулнора Каримованинг “Фонд Форуми”га қиёслашади.
Ўз пайтида Каримова раислик қилган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси унинг бизнес империясининг асосий таянчи ҳисобланган. Мамлакатдаги йирик брендлар, компаниялар ва тадбиркорлар “Фонд Форум”га ҳомийликка мажбурланган.
Яқинда Париждан француз ордени билан қайтган Гаяне Умерова бошчилигидаги жамғармага кимдир ҳомийликка мажбурлангани ҳақида Озодликда маълумот йўқ. Президент қарорида ушбу жамғарма юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари, меценатлик кўмаги ва грантларидан фойдаланиши қайд қилинган.
Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Саида Мирзиёева Президент администрациясига келгач, Маданият вазирлигидан олиниб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурига ўтказилган. Президент қарорида ушбу жамғарманинг асосий маблағи мамлакат бюджети пуллари экани белгиланган.
Чилпиқ қалъасидаги концерт
Жамғарма Самарқанд ва Нукусда ўтган Орол маданият саммитига қанча сарфлагани очиқланмади. Саммит очиқ осмон остидаги концертга уланди.
Қадимий Чилпиқ қалъасида ташкил қилинган таниқли пианиночи Кирилл Риҳтернинг концертига ҳам қанча пул кетгани номаълум.
Саида Мирзиёева ҳашаматли кўйлаклари билан саҳро қўйнида фотосессия қиларкан, у тадбирга етаклаб борган икки фарзанди ҳаражатлари кимнинг ҳисобидан бўлди, деган саволлар кўпайди.
Ижтимоий-иқтисодий муаммолардан азият чекаётган қорақалпоқларнинг эса бу каби дабдабали тадбирлар муҳокамаси билан иши ҳам, балки вақти ҳам йўқ. Бугун у сувсизликдан қовжираган даласига сув чиқариш учун насос излаган ёки қора қозонини қайнатиш учун саҳродан ўтин териш билан овора.
Жорий йилда Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўм этиб белгиланган яъни бу камбағаллик чегараси. Бу 51 доллардан сал кўпроқни ташкил қилади. Биргина Чилпиқ қаъласидаги концертга нечта камбағалнинг қорнини тўйдириш мумкинлиги ҳисобини чиқариш имконсиз.
Форум