Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:02

Толиблар Усмон Ғозий бошчилигидаги ИШИДчиларни тор-мор қилдими?


Афғонистоннинг Зобул вилоятида 6-9 ноябрь кунлари Толиблар билан ўзаро жангларда собиқ ЎИҲ амири Усмон Ғозий асир олингани иддао қилинмоқда. Афғон расмийлари "Исломий давлат"га байъат берган ўзбеклар мулла Ахтар Мансурга қарши жанг қилганини тасдиқлади, аммо Ғозийнинг асир олинганини тасдиқламади. Бироқ, ижтимоий тармоқда ЎИҲ матбуот котиби Нусратуллоҳ Мужоҳидга оид, деб тарқатилган видолашув тахминга асос қилиб келтирилмоқда.

Зобулда ўзбеклар Ахтар Мансурга қарши урушди

Афғонистон хавфсизлик кучлари жанубдаги Зобул вилоятида Толиблар ўртасида ўзаро қақшатқич жанглар бўлгани, унда гуруҳ амири этиб эълон қилинган мулла Ахтар Мансурга қарши толибларнинг яна бир қўмондони - мулла Муҳаммад Расул ва унинг ўнг қўли бўлган мулла Мансур Додуллоҳ жангарилари урушганини тасдиқлади.

Расмий хабарга кўра, бу жангларда Ахтар Мансурга қарши ўзбек жангарилари ҳам жанг қилган ва ҳар икки томондан 80 атрофида жангари ўлган.

Аммо, сўнгги ҳафта ичида турли норасмий манбалар бу жангларда 6 ой муқаддам "Исломий давлат"га байъат берган ва Толибларнинг янги раҳбариятини "ёлғончилик, афғонпарастлик, қавмпарастлик"да айблаган собиқ ЎИҲ раҳбари Усмон Ғозийнинг асир олингани, айрим манбаларда, ҳатто қатл этилгани иддао қилинмоқда.

"Усмон Ғозий асир олинди"

Жумладан, 11 ноябрь куни Ғозийнинг асир олинганини иддао қилган "Голос Ислам.ру" ахборот-таҳлил порталига кўра, "амир Усмон Ғозий етакчилигидаги 50га яқин ўзбек жангариси Толибларга таслим бўлган, тахминан 60га яқини жангларда ўлдирилган, бир неча асир шариат маҳкамаси қарори билан қатл қилинган".

Бу портал Ўзбекистонга раҳбарлик қилаётган Ислом Каримов режимини 20 йил ваҳимага солган "афсонавий ҳаракат каримовчилар, америкаликлар ёки дўстимчилар томонидан эмас, балки уни ҳимоясига олган жамоатга қарши чиққани учун, ўша жамоат томонидан йўқ қилинди", деб ёзди.

"Усмон Ғозий ўлдирилди"

Twitter тармоғида Толиблар ҳаракати - Афғонистондаги Исломий амирлик хабарларини тарқатувчи манбалардан бири 13 ноябрь куни Усмон Ғозий ўлдирилди, деб иддао қилди.

Матбуотга Усмон Ғозий номи билан танилган ўзбек жангарилари етакчиси суратини жойлаган манба: "Аслида ҳақиқий #Усмон__Ғозий бир йил один шаҳид бўлган, бу #Акром ва у ҳозир ўлдирилди", деб иддао қилди.

Ҳозирча Озодликда собиқ ЎИҲ етакчиси кўрилган Усмон Ғозий шахсига шубҳа билдирилган бу иддаони тасдиқловчи маълумот йўқ.

"Нусратуллоҳнинг видолашуви"

14 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда ўзини собиқ ЎИҲнинг матбуот котиби, деб тақдим қилиб келган ва ҳаракатнинг расмий баёнотларини тарқатиш билан шуғулланган Нусратуллоҳ Мужоҳидга тегишли кўрилган видолашув тарқалди.

Бу мурожаатни тармоқда улашган манба овоз эгасини "Зобул вилоятидаги ИШИД гуруҳининг маданий масалалар бўйича масъули, ўзбекистонлик Нусратуллоҳ" деб тақдим қилди ва унинг "қичқириқ, фиғон ва йиғи" тўла мурожаати вилоятнинг Арғандоп туманидан узатилганини иддао қилди. Аммо, мурожаатнинг қайси куни ёзилгани ва айнан ким томонидан тармоққа юклангани ҳақида маълумот бермади.

Арабча матн акс этган қора экран ортига тиркалган аудеода ўзбек жангариси биродарларидан розилик сўраб, юм-юм йиғлаган ҳолда видолашган.

Мурожаатда у сафдошлари билан "1 километрлик ҳудуд ичида мукаммал қуршовда қолгани, кўплаб опа-сингиллар, болалар шаҳид кетгани, кўплаб масъул бирордарлар асир олингани"ни айтади.

Овоз эгаси уларни ким қуршовга олганини аниқ айтмайди, аммо қуршовга олганлар улардан "Исломий давлат"га берган байъатни бузишни талаб қилаётганини айтади:

"Таслим бўлишлик, бизлар халифамизга берган байъатимизни бузишликни талаб қилишяпти. Биз ҳеч қачон бу куфрга қўл бермаймиз. Рози бўлиб қўясизлар биродарлар. Баъзи масъул биродарларимиз шаҳид бўлган, асир бўлган. Балки шу суҳбатимиз охиргиси бўлар. Тақрибан 1 километр еримиз қолган. Одам ҳам кўп эмас. 20 киши. 20 та эркак, 20 та аëл. Бу бадбахтлар ҳамма ëқдан келган. Мумкин бугун охирги интернетга чиқишимиздир. Ҳаққимизга дуо қилинглар", дея ўқ овозлари остида йиғлая-йиғлая мурожаатини тугатган овоз эгаси.

Озодликда бу мурожаатнинг айнан Нусратуллоҳ Мужоҳидга тегишли эканини тасдиқловчи маълумотлар йўқ. Дарвоқе, Нусратуллоҳ Мужоҳид ижтимоий тармоқлардаги мурожаатларга жавоб бермаётир ва сўнгги ҳафта ичида унга бўлган мурожаатлар, саҳифасида қолдирилган шарҳлар ҳам жавобсиз қолмоқда.

"Толиблар Ғозийни, Ғозий эса Толибларни сотди"

Ўзини собиқ ЎИҲнинг матбуот котиби, деб тақдим қилиб келган Нусратуллоҳ Мужоҳид 6 октябрь куни Facebook саҳифасида ижтимоий тармоқдаги ёзишмаларидан бирини чоп этди.

​Инглиз тилидаги ёзишмада бир шахс, афтидан, Нусратуллоҳ Мужоҳидни огоҳлантиради:

"Эҳтиёт бўлинг, Толиблар етакчиси амир Ахтар Мансур Усмон Ғозийни битирмоқчи. ва амир хон муттақий Ғозийни ўлдирмоқчи, у Ўзбекистон билан гаплашган".

Озодликда бу ёзишманинг айнан кимга тегишли экани ва ундаги иддаоларни тасдиқловчи бирор маълумот йўқ. 23 сентябрда қайд этилган бу ёзишма Нусратуллоҳ томонидан чоп қилинган ва Facebook тармоғида муҳокама қилинган эди.

"Усмон Ғозий Зобулда"

Собиқ ЎИҲнинг Зобулдаги бўлимини шахсан Усмон Ғозий бошқаргани ҳақидаги маълумотларни Афғонистон хавфсизлик кучлари ҳам тасдиқлайди.

Шу йилнинг баҳоридан Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Покистонни тарк этиб, Афғонистон шимоли ва жанубидаги вилоятларга жойлаша бошлагани кузатилган.

Майманадаги мустақил журналист Исомиддин Туйғунга кўра, ўзбекистонлик жангариларнинг тахминан 300дан ортиқ оиласи Форёб вилоятининг Қайсор ва Қовурмоч туманларига жойлашгани ҳақида икки ой олдин расмийлар маълумот берган:

- Усмон Ғозий бошчилигидаги юздан ортиқ ўзбек жангари эса Зобул вилоятига жойлашгани ҳақида маълумот бор. Ўтган ойда ҳаракат етакчиларининг "Исломий давлат" раҳбарлари билан Афғонистонда музокара қилгани ҳақида ҳам махсус хизматларга яқин манбалар маълумот берган. Кейин Зобул жангларида Усмон Ғозий ўлдирилди, деган хабарларга кўзим тушди. Аниқлашга уриндим ва бирор тасдиқ топмадим. Ўзларини Толибларнинг сўзчилари, деб эълон қилган айрим шахслар ҳам хос мулоқотларда бу маълумотни тасдиқламади. "Бундан хабарим йўқ", демоқдалар, - дейди журналист.

Шу тариқа, матбуотда шов-шув бўлаётган Зобул жангларида Усмон Ғозийнинг иштирок этгани ва асир олингани ёхуд қатл этилганига оид иддаоли маълумотлар расмийлар томонидан ҳам, Толиблар томонидан ҳам ҳозирча тасдиқлангани йўқ. Жумладан, Зобул вилояти ҳокимлиги расмийси Озодлик мухбирига жавобан бу маълумотларни тасдиқлай олмаслигини айтди.

"Мужоҳидларимиз эмас, исёнчи ИШИДчиларни йўқ қилдик"

Афғонистон Исломий амирлиги номи остида 11 ноябрь куни тарқатилган баёнотда Зобулдаги жанглар ўзаро Толиб жангарилари ўртасида эмас, "ўзини ИШИД ("Исломий давлат" - таҳр.) аскари, деб даъво қилган ва Исломий амирликка исён қилиб, унинг номига жирканч туҳматлар ёғдириб, амирлик мужоҳидларини эса хоинга чиқарган"ларга қарши бўлгани даъво қилинди.

Баёнотда амирликка исён қилганлар сўнгги ойларда тинч аҳолини ўғирлаб, пул ёки бошқа манфаатлари учун гаровга олгани қораланган ва бундайлар Толибларнинг собиқ қўмондони Мансур Додуллоҳ этагини тутиб, "Исломий давлат"дан чиқиш талабига бўйсунмагани учун маҳв этилгани айтилди.

Аммо, Толиблар баёнотида ўзбек жангарилари ёки унинг етакчиси Усмон Ғозий ҳақида бирор гап йўқ.

Афғонистонлик таҳлилчилар аслида Толиблар етакчиси мулла Ахтар Мансур собиқ ЎИҲ етакчиси ва жангчиларини асир олган ёки қатл қилган тақдирда ҳам буни матбуотга ошкор қилмайди, деб тахмин қилмоқда.

Зеро, ҳаракатга асос солган ва уни 20 йилдан ортиқ бошқарган мулла Умар ўлимидан сўнг Толиблар ичида иттифоқ ва қатъий тартибга дарз кетди. Бугунга келиб янги раҳбариятнинг марҳум етакчи ёнида узоқ йиллар бирга турган жангариларни қатл қилиши ички зиддиятни кучайтириши табиий.

Шу тариқа, мустақил манбалардан тарқалаётган бу хабарлар ноябрь бошида Зобулда бўлган жангларда ИДга байъат берган ўзбеклар гуруҳи Толиблар томонидан тор-мор қилинди, деган иддаоларни қувватламоқда. Аммо, бу иддаоларни тасдиқловчи маълумотлар Озодликда ҳозирча йўқ.

ЎИҲнинг тугатилиши

Ўзбекистон Исломий ҳаракати 6 ой муқаддам "Исломий давлат" сафига ўтгани ва 1996 йилда тузилган ҳаракат тугатилиб, ИДнинг бир қисмига айланганини эълон қилган.

Ҳаракат раҳбари Усмон Ғозийнинг ҳалифа Бағдодийга байъат бергани акс этган видео тарқатилиб, унда Хуросон минтақаси халифалик тасарруфига ўтгани иддао қилинган.

Бундан ташқари, Усмон Ғозий мулла Умарнинг 14 йил муқаддам ўлганини даъво қилиб, Толибларнинг амалдаги раҳбариятини "ёлғончилик, афғонпарастлик, қавмпарастлик"да айблаган, Покистон махсус хизматлари назоратига бўйсунган, деб қоралаган эди.

Муҳими, ЎИҲ раҳбари мулла Ахтар Мансурни амир, деб эълон қилган Толибларга бир неча талаб қўйган:

"...Покистон махсус хизматлари бўлмиш ISI дан мукаммал алоқаларни узиш.., муртад Ашраф Ғаний ҳукумати билан... сулҳ музокараларини дарҳол тўхтатиш.., муртад Қатар ҳукумати соябони остида ташкил этилган сиёсий қўмитани дарҳол беркитиш.., Афғонистон Исломий Амирлиги томонидан нашр қилинадиган барча сиёсий баёнотларни афғонпарастлик, қавмпарастлик лафзларидан холи қилиш.., кўкнори ва бошқа наркотик моддаларни ўстириш ва савдо қилишни қатъий равишда узил-кесил тўхтатиш..."

Толибларни "Исломий давлат"га қўшилишга чақираркан, Усмон Ғозий, "14 йилдан бери бой берилган қурбонликлар эвазига Афғонистоннинг 70 фоиз замини мужоҳидлар қўлига ўтди", "Хуросон минтақаси "Исломий давлат" тасарруфига ўтди", деб иддао қилган эди.

ЎИҲ раҳбарлари ўз баёнотида мунтазам тилга олган "Хуросон минтақаси" атамаси остида, одатан, ҳозирги Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиё минтақасини назарда тутишини такрорлаб келади.

ЎИҲ ҳақида

АҚШ, Европа давлатлари, Россия ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан "террорчи ташкилот" деб эълон қилинган Ўзбекистон Исломий ҳаракати 1996 йилда тузилган.

Ҳаракат Ўзбекистонда экстремизм, радикализм ва терроризмга оид қатор айбловлар билан айбланган, 1993 йилда мамлакатдан қочиб чиққан наманганлик дин пешвоси Тоҳир Йўлдош томонидан тузилган.

Ҳаракат 1999 йилда Тожикистоннинг Жирғатол туманида ўзининг илк қароргоҳини қурган ва ўша ердан туриб, Қирғизистоннинг Боткент вилоятига илк йирик ҳужумини уюштирган.

2001 йилда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонда амирлик эълон қилган Толибларга қарши кураш бошлаган кезларда, ЎИҲ Толиблар сафига ўтди. Ўша кездаёқ Тоҳир Йўлдош Пентагон томонидан қидирувга берилди ва 2009 йилнинг 27 августида АҚШ дронидан отилган ракетадан яраланиб, ўлди.

Унинг ўлими 2010 йилда ҳаракат томонидан тасдиқланди ва ўша йили ҳаракатга куёви Усмон Одил раҳбар этиб тайинлангани эълон қилинди. 2012 йилда у ҳам ўлдирилди ва шундан буён ЎИҲга Усмон Ғозий раҳбарлик қилмоқда.

Турли манбалар, жумладан ҳаракат ҳақида китоб ёзган покистонлик журналист Аҳмад Рашид, Афғонистон ва Покистон ҳудудидаги ЎИҲ жанггариларининг умумий сони 200 нафардан 500 нафаргача, деб ҳисоблайди ва Озодлик боғланган маҳаллий журналистлар бу рақамни ҳақиқатга яқин, деб баҳоладилар.
Аммо, кейинги пайтларда ҳаракатнинг Зобул ва Форёб вилоятларида фаоллашгани, айрим ўзбек жангариларининг Сурия ва Ироқдан бориб, уларга қўшилаётгани ва собиқ ЎИҲ сафи кенгаяётганига оид иддаолар ҳам кузатилди. Аммо аниқ маълумотлар йўқ.
XS
SM
MD
LG