Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Таниқли имом Рашодхон Камолов 10 йилга қамалди


Рашодхон Камолов Ўш вилоят аппеляция судида, 24 ноябрь 2015 йил.
Рашодхон Камолов Ўш вилоят аппеляция судида, 24 ноябрь 2015 йил.

Ўш вилоят судида 24 ноябрь куни қорасувлик таниқли ўзбек имоми Рашодхон Камоловга нисбатан апелляция жараёни ниҳоясига етди. Вилоят суди Қорасув туман судининг 7 октябрдаги ҳукмига қисман ўзгартиш киритиш билан Камоловга 10 йиллик қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқарди.

Ўш вилоят суди Рашодхон Камоловнинг жазо муддатига яна 5 йил қўшиб берди. Қорасув туман суди 7 октябрда “диний адоват қўзғаганлик” ҳамда “экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганлик” айблови билан Рашодхон Камоловга 5 йиллик қамоқ жазосини белгилаган эди.

Ўш вилоят судида эса Камолов “ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганлик”да ҳам айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан Рашодхон Камолов кучайтирилган тартибда 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Р.Камолов: Қамалишимдан учинчи кучлар манфаатдор бўлаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:29 0:00

Суд ҳукм чиқариш учун танафус эълон қилган вақтда Озодлик мухбири панжара ортида ўтирган Рашодхон Камолов билан суҳбатлашишига муяссар бўлди. Рашодхон Камолов ўзига қўйилаётган айблов борасида қуйдагиларни айтди:

- Бу ерда, кўриб турганингиздек, қамалишимдан учинчи кучлар манфаатдор бўлаяпти. Бизни мусулмонлар билан давлат ўртасида ҳеч қандай низо йўқ. Учинчи кучлар радикал кучларни пайдо қилиш, ёшларни ҳукуматга нисбатан қарши қўйиш учун шундай қилмоқда. Айрим ҳукумат вакиллари ҳам бундан манфаатдор. Улар ўзининг шахсий бойлигини, ўз мартабасини сақлаш ёки ўзини кимларгадир яхши кўрсатиш учун шу ишни қилаяпти. Биз ҳеч қандай радикал фикрда эмас эдик. Лекин, минг афсуски, бугунги кунда бўлаётган бу ҳолатлар сиёсий бюртмага ўхшаб турибди, - деди Рашодхон Камолов.

Суд ҳукмни эълон қилганидан сўнг Камоловнинг адвокатлари,яқинлари ҳамда судда иштирок этган қорасувликлар ҳукмдан норози эканини айтишди.

- Биз суд ҳукмидан норозимиз ва бу бўйича Олий судга мурожаат қиламиз. Ноҳақ қарор чиқарилди. Биринчидан, диний адоват қўзғаганликда айбланаяпти. У ким билан қайси динга қарши адоват қўзғади? Қани далил? Бу ҳақда сўз ҳам бўлмади. Иккинчидан, ман қилинган экстремистик материални сақлади, тарқатди дейилаяпти. Ким ман қилди, қаерда ман қилди? Биз Адлия вазирлиги ва бошқа барча тегишли ташкилотлар, жумладан, Қорасув туман судининг ман қилинган адабиётлар йўқлиги ҳақидагиҳатини тақдим қилдик. Бу ҳам эътиборга олинмади. Биз, албатта, юқори инстанцияга арзланамиз, -деди Камоловнинг адвокати Ҳусанбой Солиев.

Рашодхон Камолов экстремистик материалларни сақлаганлик ва тарқатганликда айбланмоқда. Суд жараёнларида иштирок этган мустақил экспертлар Рашодхон Камолвонинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани ҳақидаги хулосаларини тақдим этган эдилар. Камоловнинг яқинлари ҳам уни қўлга олиш чоғида уйи тинтив қилингани ва у ердан ҳеч нарса топилмаганини айтишмоқда.

- Ўн йил кучайтирилган тарзда озодликдан маҳрум ҳеч қандай асос йўқ. Уйини тинтув қилишганида ҳам ҳеч нарса чиқмаган. Буларнинг унга 10 йил жазо бериши адолатсизлик. Уни бешта фарзанди бор. Ҳеч қандай ноқонуний иш қилмаган. Суд одил ҳукм чиқариши керак эди. Биз суд ҳукмидан норозимиз, - деди Камолов яқинларидан бири Зиёиддин Юсупов.

37 ёшли таниқли имом Рашодхон Камолов шу йилнинг 9 февраль куни “экстремизмга даъват қилганлик”, “халифалик тузишга ҳаракат қилганлик”да айбланиб, ҳибсга олинган. Унга нисбатан суд жараёнлари 23 июлда бошланган.

Ўш милицияси Ўзбекистонга Рашод қори Камолов масаласида жўнатган сўров ортидан Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари айни пайтда жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонлик икки маҳбусни сўроқ қилган.

Қирғиз матбуотига сиздирилган сўроқ протоколида қайд этилишича, сўроқни 2015 йилнинг 22 май куни МХХ терговчиси, юстиция катта лейтенанти Ж.А.Иброҳимов адвокат Ш.М. Шарипов иштирокида ўтказган,

Сўров юзасидан Ўзбекистондан келган ҳужжатларда айтилишича, сўроқ қилинган Шуҳрат Мавлянов билан Файзулло Аминов экстремистликда айбланиб 2012 йилда Ўзбекистон суди томонидан сиртдан 10 йилга ҳукм қилган. 2015 йилда эса улар қўлга олинган ва айни пайтда Ўзбекистонда жазо муддатини ўтамоқда. Ўзбекистон томони жўнатган жавобда улар қирғизистонлик имом Рашодхон Камолов билан яқин алоқада бўлганини тан олгани айтилади.

Ўзбекистон томони қирғизистонлик ҳамкасбларига жўнатган жавобга ишонилса, сўроқ давомида Файзулло Аминов қирғиз ҳукуматини қурол қўлланиб босиб олиш, халифалик ўрнатиш тўғрисида 2014 йили қирғизистонликлар билан Туркияда бўлиб ўтган учрашувда суҳбатлашганини айтган. Шунингдек, ўша учрашувда Рашод Камоловдан ташқари Миқтибек исмли тележурналист ва ўшлик икки шахс иштирок этганини айтган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматига Файзулло Аминов “у ерда Суриядаги жангариларни қўллаш орқали Қирғизистон ҳукуматини қурол билан босиб олиш режалари гаплашилган”, деб маълум қилган.

XS
SM
MD
LG