Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Туркияда ишлаётган ўзбекларни ватанга қайтариш ҳаракати бошланди


Шу кунларда Ўзбекистон бўйлаб МХХ, милиция ва маҳалла фаоллари Туркияга ишлашга кетиб, узоқ муддатга қолиб кетганларни уйига қайтариш ҳаракатини бошлади. Туркияга кетганлар ва уларнинг уйида қолган яқинлари қайдга олиниб, милиция ва МХХ суҳбатидан ўтказилиб, ҳар бир оиладан тушунтириш хати олинаяпти.

Туркиядан қайтариш тадбири

Маҳалла қўмиталаридан олинган маълумотга кўра, Туркияга кетганларнинг оилалари билан ишлаш мамлакат бўйлаб ўтказилаётган аксилтеррор тадбирлари доирасида амалга оширилаяпти.

Пойтахтдаги маҳаллалардан бирининг фаоли Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, ўз маҳалласидан Туркияга кетган 6 кишининг Тошкентдаги оиласи тўла назоратга олинган:

“Биз ҳаммасини хатлов қилдик. 6 кишининг Туркияга қачон кетгани, нимага кетгани ва Туркиянинг қаерда яшаётгани, нима иш қилаётгани бўйича ҳамма маълумотларни йиғганмиз. Улар олдиндан ҳам рўйхатимизда эди. Лекин ҳозир бўлаётган антитеррор тадбирлари бўйича уларни қаттиқроқ текшириб, тўла маълумотларни оилаларидан олдик”, деди маҳалла фаоли.

Айрим маҳаллаларда Туркияда узоқ муддатга қолиб кетганларни уйларига қайтишлари талаб қилинмоқда.

Туркияда ишлаётган ўзбекистонликлардан Озодликка келган мактубда айтилишича, ушбу талаб боис кўпчилик уйига қайтишга мажбур бўлаяпти:

“Сизга Туркиядан ёзмоқдамиз. Ўзбекистондаги яқинларимизнинг айтишича, шу кунлари уйларимизга маҳалла раислари ва участка нозирлари келишиб, бизнинг Туркиядан қайтишимиз лозимлигини айтишмоқда. Сурхондарё, Самарқанд ва жиззахлик болалардан сўрасам, улар ҳам айни гапни айтишди. Жуда кўп одам Ўзбекистонга кетаётганмиш", дейилади Туркиядан келган мактубда.

Фарғонадаги маҳалла оқсоқолларидан бирининг айтишича, ҳозирча Туркияда ишлаётганларни қайтиши қаттиқ талаб қилинаётгани йўқ:

“Бу Туркияда узоқ муддатга қолиб кетган ва уйига анча вақтдан буён қайтмаётганлардан сўралаяпти. Талаб қилинмаяпти, фақат қайтишса яхши бўларди, деб сўраяпмиз. Туркияда ўқиётганларга бунинг алоқаси йўқ. Уларнинг контактлари олинган. Яна уйидагилар билан тез-тез гаплашиб турадиганларга ҳам бу тааллуқли эмас. Кетганлар орасида аёллар ҳам кўп. Биз аёл, эркак деб ажратмаяпмиз. Ҳаммасини бирдай текшираяпмиз”, деди маҳалла оқсоқоли.

Маҳалла йиғинларидан олинган маълумотга кўра, Туркияга ишлашга кетганларнинг оилалари МХХ ва милиция суҳбатидан ўтказилиб, улардан тушунтириш хати олинмоқда.

“ИШИД сафига қўшилаётган ўзбекларнинг кўпчилиги шу Туркияда яшаб, кейин Сурияга ўтиб кетганлар экан. Шунга бошқалар ҳам алданиб, террорчиларга қўшилиб, кетишмасин деган мақсадда оила аъзолари билан батафсил гаплашилаяпти. Агар оиласи билан тез-тез телефонлашиб туришса, хавотир олишга ҳожат йўқ. Лекин айримлар ярим йил, бир йиллаб уйидагилар билан гаплашмаяпти экан. Шуларнинг қаерда экани, нима иш қилаётгани номаълумда. Шунинг учун оила аъзолари билан суҳбатлашиб, бу борада маълумотлар тўпланаяпти”, деди Самарқанддаги маҳалла йиғинларидан бирининг фаоли микрофонсиз суҳбатда.

Аксилтеррор тадбирлари

Шу кунларда мамлакат бўйлаб ўтказилаётган аксилтеррор тадбирлари доирасида мактаб, коллеж-лицейлар, олий ўқув юртлари, шифохона ва деярли барча давлат ташкилотларида тунги навбатчилик ташкил қилинди.

Шунингдек, жойлардан олинган маълумотларга кўра, МХХ назоратида турган, яъни олдин қамалган ёки яқинлари қамоқда бўлган шахслар МХХ идорасига чақиртирилиб, махсус суҳбатдан ўтказилаяпти.

Аsiaterra нашрига кўра, пойтахтнинг катта савдо марказларида одамлар металл детекторлар ёрдамида текширилиб, рюкзак, портфель ва сумкалар тинтилмоқда.

Uzmetronom нашри хориждан қайтган ҳар бир фуқаронинг террорчилик ташкилотларига алоқаси бор ёки йўқлигини текшириш учун участка нозирлари сўроқ қилаётгани ҳақида ёзди.

Ижтимоий тармоқлардан олинган хабарга кўра, пойтахтдаги барча Интернет кафелар қаттиқ назоратга олинган ҳамда Интернет трафиги текширилаяпти.

ИШИД хавфи

Мамлакатдаги антитеррор тадбирлари ИШИД жангарилари Ўзбекистонга киришга ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабар чиққанидан сўнг бошлангани айтилмоқда.

Ноябрь бошидан буён ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари аҳоли орасида тушунтириш ишлари ўтказиб, аҳолини ҳушёрликка чорламоқда.

Маҳаллий матбуот маълумотига кўра, Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги ҳарбий тўқнашувларда иштирок этиб, сўнг қочишга мажбур бўлган айрим жангарилар Ўзбекистон ҳудудига кириб, яширинишга уринмоқда.

Нечта жангари Ўзбекистонга ўтган ёки ўтишга урингани ҳақидаги маълумотлар шу пайтгача очиқланмади. Лекин ҳушёрликка чақирувчи тадбирлар бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг Озодликка берган маълумотига кўра, ўтказилаётган антитеррор тадбирлари натижасида мамлакат бўйича ИШИДга алоқадорлик айблови билан ҳибсга олинганлар сони 200 нафарга етган.

Ҳибс этилганларнинг камида 160 нафари Тошкент шаҳри ва вилоятида яшовчи фуқаролар экани айтилаяпти.

XS
SM
MD
LG