Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:23

Пенсионернинг нафақаси унинг вафотидан сўнг кимга берилади?


Пенсионернинг бир неча ойлик нафақаси берилмаган бўлсаю, қария оламдан ўтса, унинг пулларини ким ва қандай тартибда олиши мумкин, деган савол жавобини OzodJavobнинг навбатдаги сонида изладик.

OzodJavobга Жиззахдан келган мактубда вафот этган одамнинг олинмай қолган нафақаси унинг яқинларига берилмагани айтилган:

“Опам 3 январь куни вафот этди. Ноябрдан бошлаб 2 ойлик нафақаси берилмаган эди. Ўлган одамнинг нафақасини бермас экан. Давлатга ўтиб кетди. Опам ёлғиз, фарзанди йўқ эди. То ўлгунича онам ёнларида бўлди. Лекин опамнинг нафақа пули онамга берилмади. Онаси дафн маросимини ўтказди деб, мурожаат қилсак ҳам беришмади. Учёти бир уйда эмас экан деб. Энди давлатга ўтиб кетди. Бу қанақаси энди?”, дея сўрайди жиззахлик йигит.

Кейинги йилларда пенсия ва маошларнинг ойлаб кечикиши Ўзбекистонда мунтазам кузатилаяпти. Баъзи ҳудудларда 4-5 ойлаб нафақалар кечикиши ҳам учраяпти. Шундай пайтда нафақахўр оламдан ўтсаю, унинг берилмай қолган пуллари давлатга қайтариладими ёки марҳумнинг яқинлари бу пулни олишга ҳақлими, деган савол нафақат жиззахлик йигитни балки кўпчиликни қизиқтириши табиий.

Ўзбекистон қонунларини титкилаб, пенсионер вафот этган тақдирда унга берилмаган пенсия пуллари давлат қайтарилмаслигини аниқладик.

Марҳумнинг олинмай қолган нафақасига ким даъвогарлик қилиши мумкин ва пулни қай тартибда олиш мумкинлигига “ФУҚАРОЛАРНИНГ ДАВЛАТ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ ТЎҒРИСИДА”ги қонундан жавоб топдик.

Мазкур қонуннинг 63-моддасига кўра, пенсионер олиши лозим бўлган ва унинг вафоти муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахсларга тўланади.

Боқувчисини йўқотганлик пенсияси вафот этган шахснинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига берилади.

Демак, вафот этган шахснинг олинмай қолган пенсия пулларини олиши мумкин бўлган шахслар: унинг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ва набиралари 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар. Бунда ака-укалар, опа-сингиллар ва набираларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса ҳам марҳумнинг пенсия пулларини олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, марҳумнинг ота-онаси, эри (хотини), шунингдек, у вафот этган кунигача у билан биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига ойнинг у вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланади.

Оиланинг бир неча аъзоси мурожаат этган тақдирда пенсиянинг уларга тегишли суммаси уларнинг ўртасида тенг тақсимланади.

Пенсионер вафот этган тақдирда унинг оиласига ёки пенсионернинг дафн маросимини ўтказган шахсга энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт баробари миқдорида дафн этиш нафақаси тўланади.

Марҳумнинг олинмай қолган пенсия пуллари ва унинг ўлимидан сўнг яқинларига бериладиган нафақаларни олиш учун пенсионер вафот этганидан кейин 6 ой ичида мурожаат этилган тақдирда тўланади.

XS
SM
MD
LG