Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:22

Ўзбекистон қора бозорида доллар 6 минг 400 сўмга чиқди


Ўзбекистон қора бозоридаги бир муддат мўътадилликдан сўнг АҚШ доллари яна рекорд даражада қимматлаб, 6400 сўмга чиқди. Ўтган йил октябрда 6000 сўмлик чўққини забт этган доллар бир ҳафтадан сўнг яна пастлаган ва икки ой давомида 5200-5800 сўмлик меъёрни ушлаб турган эди. Иқтисодчилар бунинг сабабини, одатдагидек, мамлакатда иқтисодий аҳволнинг оғирлиги билан изоҳламоқда.

Тошкентнинг Олой бозоридаги саррофлар сешанба куни бир АҚШ долларини 6300 сўмдан сотиб олиб, 6400 сўмдан сотишди. Шаҳарнинг бошқа туманларидаги қора бозорларида ҳам кун бўйи доллар 6360-6410 сўм миқдорида ўйнаб турди.

Dollar.uz сайти эса 23 февралда долларнинг Тошкентдаги курси 6400-6430 бўлгани ҳақида ёзди.

Ўтган йилнинг баҳорида бир АҚШ долларининг қора бозордаги нархи 4000-4200 сўм атрофида бўлган ва август ойида бу кўрсаткич 4600-4700 сўмга чиққан эди.

Кузга бориб беш минг сўмлик чегарадан ўтган доллар, 2 октябрда бирданига 5500 сўмдан 6000 сўмга чиқиб кетди. Қора бозорда, тахминан бир ҳафта шу нархда ҳукм сурган доллар, яна аста-секин пастлаб 5200 сўмга тушди.

Лекин сўнгги икки ой давомида долларнинг нархи аста-секин ошиб бориб 6430 сўмга чиқди.

Тошкентлик иқтисодчи Тошбекнинг айтишича, ўзбек сўмининг қадрсизланиб бориши энг аввало мамлакатдаги иқтисодий вазият билан боғлиқ:

- Ҳозир доллар курсининг кўтарилиши ҳамма мамлакатларда умумий тенденция бўлиб қолди. Ўзбекистон ҳам бундан холи эмас. Энг аввало, иқтисодиётнинг аҳволи яхши эмаслиги, хориждан меҳнат муҳожирлари юборадиган валютанинг камайиши сабаб бўляпти. Ўзбекистонда эса бунинг мавсумий характери ҳам бор. Мисол учун, мошинага савдони сўмда очиб юборишса, ҳамма доллар сотишга тушиб кетади ва доллар арзонлайди ёки ҳар йили Ҳаж мавсумида доллар кўтарилади, дейди Тошбек.

Иқтисодчи фикрича, баҳор арафасида Ўзбекистонда доллар кўтарилишининг ўзига хос икки сабаби бор:

- Биринчиси, қишда Ўзбекистонда кийим-кечак ёки хомашё товар айланмаси қисқаради. Одамлар, асосан озиқ-овқатга сарфлайди топганини. Баҳор келиши билан савдо жонланади, чунки янги кийим-кечакка харажат кўп бўлади. Шу пайтда хориждан товар олиб келадиган тадбиркорларда доллар сотиб олишга эҳтиёж кучаяди. Иккинчидан эса қурилишлар кўпаяди. Бу эса ўз-ўзидан долларнинг қимматлашишига сабаб бўлади, дейди иқтисодчи Тошбек.

Ўзбекистондаги доллар қора бозорининг ҳаёти эркин. Тошкентнинг ҳар бир ҳудудида бундай норасмий бозорлар фаолият юритади. Бу бозорларнинг маъмурияти ҳам, ўша ердаги милиция ходимлари ҳам, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам бу бозорлардаги валютафурушларни яхши билади.

Ҳукумат одамлари валютафурушларнинг ғайриқонуний тарзда фаолият юритаётганини ҳам яхши билади, бироқ уларга ҳеч ким тегмайди. Асосан Ўзбекистон вилоятларидан бўлган бу валютафурушларнинг ўз тиллари билан айтганда “криша”лари, яъни “том”лари бор.

Бу “том”лар кимлигини ҳам ҳеч ким билмайди. Ора-сирада валютафурушлардан кимлардир ёки уларнинг “криша”лари қамоққа олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлади.

Ўзбекистонда долларнинг расмий ва қора бозордаги нархи орасида икки баравардан кўп тафовут бор. Ўзбекистон Марказий банкининг 1 АҚШ долларига 23 февралга белгилаган курси 2851 сўмни ташкил қилди.

Ўзбекистонда аҳолининг банклардан эркин валюта алмаштириш имкони йўқ. Фақат хорижга борадиган фуқароларга самолёт чиптасини кўрсатганидан сўнг ҳар кварталда бир марта 2000 АҚШ доллари миқдорида алмаштириши имкони берилган. Лекин сўнгги пайтларда ўзбекистонликлар бунинг ҳам имкони бўлмаётганидан, банклар валюта сотмай қўйганидан шикоят қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG