Бу йилги Рамазоннинг 6 июндан бошланиши кутилмоқда ва арафада Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг умумий овқатланиш муассасалари ва масжидларда ифтор ўтказишни тақиқлаш ҳақида ҳокимиятга тавсия бергани маълум бўлди. Тошкентдаги қатор ресторанлар ифтор ўтказмаслик ҳақида ҳокимият томонидан берилган буйруқ ўзгармаганини айтмоқда.
"Ресторанда ифторлик бўлмайди"
Ўзбекистонда Рамазон ойининг 6 июндан бошланиши эълон қилинган ва диний идора раҳбарияти 5 июнь оқшомида бу сана ўзгариши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмаётир.
Бу ой арафасида унга тайёргарлик, фидя-фитр миқдори ҳамда ифторликлар масаласида берилган саволларга жавоблар асносида Ўзбекистондаги ресторан, кафе ва ошхоналарда, бундан ташқари аҳоли уйлари ва масжидларда ифтор ўтказмаслик ҳақида Диний идоранинг Тошкент шаҳар ҳокимиятига тавсия бергани маълум бўлди.
- Ҳокимият бизнинг тавсиямиз билан ресторан, кафеларда ифтор ўтказишни тақиқлаган. Бу давлатнинг сиёсати эмас. Биз масаланинг тарихидан келиб чиқиб шундай тавсия берганмиз. Пайғамбаримиз замонларида саҳарлик қилиб, оғиз очишга овқат тополмай қоладиган одамларга атаб ифтор қилинган. Бизнинг давримизга келиб, дабдабага айланиб кетди. Шунинг учун биз тавсия берганмиз ва ҳокимиятлар тақиқлади. Бу йил ҳам ресторан, ошхоналарда ифторликлар бўлмайди, - деди диний идора раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур.
Ресторанлар ифтор учун буюртма олмаётир
Ўзбекистондаги умумий овқатланиш муассасаларида ифторликлар ўтказиш 2014-2015 йилларда кескин тақиқланди ва Озодликка бундан норози бўлганлардан кўплаб шикоятлар келган.
Мижоз тариқасида боғланган Озодлик мухбирига жавобан Тошкент шаҳридаги қатор умумий овқатланиш муассасалари бу йил ҳам ифторликлар тақиқланганича қолаётганини тасдиқлади.
- Икки йилдан ошди-ку, ифторликка буюртма олмаяпмиз. Ҳокимиятдан тақиқлангани ҳақида буйруқ бор. Ҳозирча бошқа буйруқ келмади, демак шундай туриб ҳаммаси, - деди Тошкентнинг Чилонзор туманидаги миллий таомлар тайёрлайдиган муҳташам ресторанлардан бирининг маъмури.
Учтепа туманидаги миллий таомлар ресторани маъмури аслида ифторликлар учун рухсат берилса бўларди, чунки талабгорлар кўп, деб фикр билдирди:
- Шаҳарда ҳамма ишда, кунлар ҳам иссиқ. Ҳамма шароит муҳайё ресторанларда. Авваллари бизга жуда кўп заказ тушарди. Бошида сал камроқ, лекин иккинчи ҳафтасидан бошлаб, ҳар куни ифторлик бўларди. Лекин энди давлат тақиқлади, бир нарсани билмаса тақиқлашмасди-ку, тўғрими?! - деди ресторан маъмури.
"Масжиддаги ифторлик - бидъат"
Ўтган йили сўнгги йиллар ичида илк бор Тошкентдаги масжидларда ифторлик берилгани кузатилганди.
22 июнь куни пойтахтликлар орасида "Оқ масжид" номини олган "Минор" масжидида 500 кишилик ифторлик берилган ва масжид ҳовлисида ёзилган дастурхонлар ва ифторлик учун йиғилган юзлаб рўзадорлар жамоати акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда қўлма-қўл бўлиб кетган эди.
Абдулазиз Мансурга кўра, бу йил масжидларда ҳам ифторликлар берилмайди:
- Маккаи Мукаррамадагиларнинг ҳаммаси уйи йўқлиги учун, ўша ерда ифтор қилади. Биздагиларнинг ҳаммасининг уйи бор, ифторликка айтилган. Ўзининг уйида ифторлик қилгани яхши. Масжидда ифторлик қилиш - бидъатда! Бунақаси тарихда бўлмаган. Йўқ, масжидларда ифторлик берилмайди, - деди Абдулазиз Мансур.
"Хонадондаги катта издиҳомда ҳам савоб кам"
Диний идора мулозимидан олинган маълумотга кўра, бу йил ҳам ўзбекистонлик мусулмонларга ифторликни ўз уйида оиласи ёки қариндош-уруғлари билан ихчам қилиб ўтказиш тавсия қилинади:
- Оиласи, яқин биродарлари, қариндош-уруғлари билан ихчамгина қилиб ифтор қилиш керак. Қадимдан ўзи оч қолган одамларга атаб, ифторлик берилган. Ҳозирга келиб буни ҳамма тўйхоналардаги дабдабага айлантириб юборган. Биз аҳолига тушунтиряпмиз, бунинг савоби йўқ, - дейди идора мулозими.
Ўзбекистонда аҳоли уйлари, маҳалла гузарларида кўп кишилик ифторларни ўтказиш сўнгги 3 йил ичида кескин чеклангани кузатилмоқда. Ифторлик бермоқчи бўлган шахслар маҳалла қўмиталарини огоҳлантириши ва улардан бир вакил иштирокида, имкон қадар, кичик жамоалар учун ифтор бериши мумкин. Уйда бўладиган ифторлик маросими учун 20 нафардан ортиқ меҳмон чақирмаслик шарти қўйилган.
Сиздирилган қарор
Рамазон ойи арафасида Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов 24 май куни имзолаган "2016 йилги Закот, фитр садақа ва фидя миқдори" бўйича қарор матни ҳали Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тасдиқланмай туриб, ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.
Диний идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансурнинг айтишича, аслида бу қарор матнининг 3 май - жума куни Ўзбекистонда эълон қилиниши кутилаётган эди.
Айни пайтда, 25 май куни Facebook тармоғида тарқалган қарор матнига билдирилган муносабатларда фидя миқдорининг фитр садақасидан баланд қилиб белгилангани танқид қилинди.
Абдулазиз Мансурга кўра, аслида ўтган йилги фитр садақаси ва фидя миқдори бу йил ҳам ўзгармаган:
- Катта ўзгариш йўқ, шу одатдагидек, 2 килограм буғдойнинг бозордаги нархига тенг миқдорда - 4 минг сўм қилиб, фитр садақаси белгиланди. Бир кунлик фидя миқдори 10 минг сўм. Фитрдан кўплигининг сабаби, авваллари 2 килограм буғдой билан одамлар қаноат қилиб, кунини ўтказган. Ҳозир 4 минг сўм етмайди, аслида 10 минг ҳам кам, 20 минг сўм қилсак бўларди. Лекин, ҳар йили Озодликда ҳам айтилади-ку, фидя миқдори кўпайиб кетибди, озайиб кетдибди, деб. Шунга кунлик егулик учун кетадиган ҳаражатнинг энг камини танлаб, 10 минг сўм қилдик. Закот нисобини 85 грам тилла, деб ёзиб қўйишибди, лекин, бу хато - 84 грам тилла миқдори, - дея изоҳ берди идора мулозими.
Қуйида Абдулазиз Мансур билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:
Исломда муқаддас саналган Рамазон ойи ичида фитр садақасини тўлаш, рўза тута олмайдиган хаста кишининг бир кунлик емагига етадиган миқдорда фидя бериш фарз амаллардан ҳисобланади.
Сўнгги йиллар давомида Рамазон ойининг Ўзбекистонда қатор чекловлар билан ўтаётгани кузатилмоқда.
Юқорида айтилгани каби, ифторликлар бўйича чекловлардан ташқари, аксар ҳудудларда Таровеҳ намозларини ҳам фақат рухсат берилган жоме масжидларида ўқиш мумкин, бошқа масжидлар ва аҳоли уйларида жамоат бўлиб, Таровеҳ ўқиш тақиқланган.
Бундан ташқари, Рамазон ойи давомида 18 ёшга тўлмаганларнинг Таровеҳга қатнаши ҳам тақиқланган. Ҳатто, Қўқон шаҳридаги касб-ҳунар коллежларидан бирининг ўқувчиси 2014 йил 29 июнь куни таровеҳ намози учун масжидга борганида 1 миллион сўмгача жарима солинишидан огоҳлантирилгани аниқланган эди.
Рамазон ойларида Тошкент шаҳрида ўқувчиларнинг жума ва Таровеҳ намозларига бормасликлари учун дарс соатлари узайтирилгани, айрим мактаб ўқитувчилари масжидлар олдида навбатчилик ҳам қилгани кузатилган.
Ўзбекистон ҳукумати расмийлари чекловларини билвосита тан оладилар ва буни ёшларнинг таълим жараёнидан узилиши, турли диний оқимларга берилиши, хусусан, кейинги вақтда Ўзбекистонда фаоллашгани кузатилаётган "Ҳизбут Таҳрир" ҳамда "Жиҳодчилар" радикал гуруҳлар, мамлакат ташқарисидан хавф солиб турган "Исломий давлат" террор гуруҳи тарафдорлари таъсирига тушиб қолиши олдини олиш мақсади билан изоҳлайдилар.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фаоллар ва халқаро ташкилотлар бу амалиётни болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари бўлган ота-оналарининг фуқаровий ва диний эркинликлари бузилиши сифатида қоралаб келадилар.