Тожик кинорежисери Набижон Пирматов "Озодагон" нашрига берган суҳбатида ўзи суратга олган “Арўси замонавий” ("Замонавий келин") филмининг идеясини ўзбек киночиси Рустам Сагдиев тарафидан 2006 йилда суратга олинган “Келгинди келин” фильмидан олганлигига иқрор бўлди. Нашрнинг кинорежиссёр Пирматовни суҳбатга тортишига матбуот ва ижтимоий тармоқларда унинг плагиат фильм олгани билан боғлиқ бошланиб кетган мунозаралар сабаб бўлган.
“Мен бу фильм идеясини ўзбеклардан олганим тўғри¸ лекин ўзбек режисcёри ҳам бу кино идеясини ҳиндлардан олиб ўзларидан ҳам қўшишган. Мен ҳам бу кинога ўз ҳаëт тажрибамдан қўшдим”, дея таъкидлайди суҳбат давомида плагиат фильм қилгани мунозарага сабаб бўлган фильм продюссери¸ режиссери ва бош роль ижрочиси Набижон Пирматов.
Киночи Набижон Пирматовнинг мақолада яна таъкидлашича, “бошқа тожик киночилари ҳам ўзбек киноларидан нусҳа олишган, аммо негадир “Арўси замонавий” фильми кўп баҳсларга сабаб бўлган.”
Плагиат ҳақидаги қизғин баҳсларга сабаб бўлган "Замонавий келин" фильмига андоза бўлган “Келгинди келин” фильмини суратга олган Рустам Сагдиев Озодлик билан суҳбатда ўзи суратга олган кино ғоясининг ўғирлангани юзасидан Тожикистон маданият вазирлигининг муаллифлик ҳуқуқлари бошқармасига шикоят ëзганлигини айтди:
- Мен кино идеяси¸ кинодаги мизансаҳналар ва раскадровка ҳамда диалоглар тожик ҳамкасбим тарафидан бирга-бир ўғирланганини кўрдим. Буни ҳар бир одам солиштириб кўриши мумкин. Сал ўзгаришлар бору аммо улар кино ғоясини ўзгартирмайди. Ҳуқуқшунослар ëрдамида Тожикистон маданият вазирлигидаги муааллифлик ҳуқуқи бўйича идорага ариза ëздик. Жавоб кутяпмиз. Тожикистон муаллифлик ҳуқуқлари бўйича халқаро келишувларни имзолаган мамлакат. Шу маънода муаммо ижобий ҳал бўлишига ишонаман. Агар ҳал бўлмаса судга мурожаат қиламан¸ дейди Рустам Сагдиев.
Озодлик Набижон Пирматовнинг ëрдамчиси билан боғланганида у айни гапларни таркорлаб¸ киночининг жарима тўлашга қурби етмаслигини ҳам таъкидлади. Унга кўра¸ бор-йўғини кинога тиккан режиссер уйсиз-йўқсул бўлиб ëтоқхонама-ëтоқхона кўчиб юради.
2006 йилда суратга олинган “Келгинди келин” асари шаҳарлик “олифта” қизнинг қишлоққа келин бўлиб тушиб “одам” бўлгани ва “ақли киргани” билан боғлиқ кулгили воқеаларни ҳикоя қилади.