Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Низомий университетининг тўрт ўқитувчиси плагиатда айбланмоқда


Олим Алексей Арапов.
Олим Алексей Арапов.

Тошкентдаги "SMI-ASIA" нашриëти раҳбари 57 яшар Алексей Арапов бирданига тўрта “олим”ни ўз мақоласини ўғирлаб чоп қилдирганликда айблади.

Араповнинг Озодлик радиосига айтишича¸ унинг 2002 йилда “Санъат” журналида чоп қилинган "Буддийские мандалы и символика Саманидов" номли мақоласи¸ Низомий номли Тошкент давлат педагогика университетининг “Ўзбекистонда демократик жамият қуришнинг ғоя ва амалиëти” кафедраси доценти¸ санъатшунослик фанлари кандидати Ҳайитбой Холмирзаев тарафидан ўғирланиб¸ Россиядаги "Новый университет" журналининг 2014 йилги сонида чоп қилинган.

Арапов иддаосига кўра¸ у жорий ҳафта ўз мақолаларининг Россия нашрларида бошқа ном остида чоп этилганидан тасодифан хабар топган.

Араповнинг айтишича¸ қарийб 15 йил олдин ëзилган илмий мақолаларини 2014 йили Низомий университетининг катта ўқитувчиси Шерзод Қаршиев¸ кафедра ассистенти Ҳулкар Қурбоналиева¸ ҳамда айни олийгоҳ ўқитувчиси Анора Маҳмудова ҳам кўчириб Россиядаги нашрларда эълон қилишган.

Бу мақолаларнинг “Санъат” журналида чоп қилинган Араповга оид оригинали ва ўғирлаб чоп қилингани иддао қилинган нусхалари Озодликда мавжуд.

Эгиз мақолалар
Эгиз мақолалар

"Юз фоиз плагиат"

Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Санъатшунослик институтида ишлайдиган мутахассис Арапов мақолаларини махсус ўрганиб чиқиш асосида юқорида номлари келтирилган тўрт шахс мақоласини “100 фоиз плагиат” дея хулоса берди.

Унга кўра¸ Араповнинг "Символические “Тексты” Афрасиабе" мақоласи ўзгаришсиз тарзда Шерзод Қаршиев тарафидан кўчирилиб чоп қилинган.

Хулосада таъкидланишича¸ Араповга оид "Забытый язык символов Ак-Астан-Баба" мақоласи Ҳулкар Қурбоналиева тарафидан ўзгаришсиз кўчирилган. Алексей Арапов тарафидан Ўзбекистон Фанлар академиясида журналида босилган "Науба Искандара" мақоласини эса Низомий университети ўқитувчичи Анора Маҳмудова фақат сарлавҳасини ўзгартирган ҳолда "Образ Искандара в сакрально-политических традициях Сельджуков" деган сарлавҳа билан Россиядаги илмий нашрда чоп қилдирган.

Озодлик суҳбатлашган бу олим ўз тажрибасида “бу қадар безбетларча плагиат” билан илк бор юзлашганини айтади.

“Одатда идеяни ўғирлашади¸ компиляция қилишади. Абзацлар олинади. Аммо бу ҳолатда “муаллифлар” фақат исмини ўзгартириб¸ мақолага эга чиқишган”¸ деди Озодлик суҳбатлашган мутахассис.

“Санъат” журнали оид бўлган Ўзбекистон Бадиий академиясида ишлайдиган бошқа бир олимнинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда таъкидлашича¸ Низомий институтидаги бу тўрттала “муаллиф”нинг “плагиат фаолияти” жорий ҳафта Бадиий академия илмий кенгашида муҳокама қилинган.

Академия мулозими Озодлик мухбирига “плагиат билан шуғулланган Ҳайитбой Холмирзаев ва бошқалар илмий даражаси бекор қилиниб¸ жазога тортилиши керак”¸ дея фикр билдирди.

Маълумот текширилмоқда

Низомий номли ТДПУ илмий кенгашининг ўзини Азиз деб таништирган мулозими “плагиатда айбланаëтган университет ўқитувчилари ҳақидаги маълумот текширилаëтганлигини” билдирди.

Унинг айтишича¸ бу масалада “мақолани плагиат эканлигини текширмай” чоп қилган Россиядаги илмий журналлар айбдор.

Озодлик мухбири низоли мақолани чоп қилган Россиядаги "Новый университет" журнали билан боғланди. Журнал таҳририятидан келган мактубда “ҳақиқий муаллиф Араповдан узр сўралган ҳолда¸ плагиат мақоланинг нашрдан 30 июлда олиб ташланиши” айтилади. Шунингдек¸ нашр жавобида “плагиат мақолани электрон почта орқали юборган Холмирзаевнинг огоҳлантирилганлигини” ҳам таъкидланди.

Озодлик мухбири плагиатда айбланаëтган доцент Ҳайитбой Холмирзаевнинг электрон почтасига хат ëзиб¸ мавжуд вазият юзасидан изоҳ сўради. Ҳайитбоев “кейинроқ жавоб бераман” деган қисқа жавоб билан кифояланди.

Низомий номли ТДПУ илмий кенгашининг ўзини Азиз деб таништирган мулозими Озодлик билан суҳбатда университетнинг плагиатда айбланаëтган тўрт нафар ўқитувчиси Холмирзаев¸ Қаршиев¸ Қурбоналиева ва Маҳмудовалар масаласини тубдан ўрганиб чиқиб¸ кейин изоҳ беришни ваъда қилди.

Суд ҳукмидан ҳам оғир жазо

Таниқли юрист¸ Инсон ҳуқуқлари ва демократия институти директори Сайëра Хўжаева Арапов мақолаларининг “ўғирланиши” борасида facebook тармоғида бошланган муҳокамада фикр билдириб¸ “Арапов айбдорларни судга берсин¸ бу эса бошқа ўғриларга дарс бўлади” деб ëзиб¸ интеллектуал мулк бўйича ихтисослашган адвокатни ҳам тавсия қилди.

Мақолалари ўғирлангани иддао қилинаëтган олим Алексей Арапов Озодлик билан суҳбатда бундай тавсияларга:

- Мен уларни судга беришни истамайман. Улар ўз шаъни¸ биографияси ва репутациясига доғ туширишди. Бу шармандалик юкини улар умрининг охиригача кўтариб юришга маҳкум. Шунинг ўзи уларга кифоя, деб жавоб қилди.

XS
SM
MD
LG