Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:14

Паспорт ололмаётган Жамшид Каримов оч-наҳор қолди


Ўзбекистонда руҳий касалликлар шифохонасида сал кам 11 йил мажбурий ва яширин сақланган журналист Жамшид Каримов озод этилиганидан олти ой ўтиб ҳам унга паспорт берилмаяпти. Марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримов Озодлик билан суҳбатда паспорт олишга ёрдам сўраб мамлакатни ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев порталига ёзган мурожаатлари ҳам жавобсиз қолаётганини айтди.

Ўзбекистонда руҳий касалликлар шифохонасида 2006 йилдан бери мажбурий ва яширин тарзда сақланиб келинган ва февраль ойида озод этилган журналист Жамшид Каримов Озодлик билан суҳбатда паспорт сўраб қилган мурожаатлари жавобсиз қолдирилганини айтди.

- 2006 йилни ёзида Швецияга кетиш учун ОВИРга ҳужжатларни тайёрлаётган пайтда, яъни қамалишимдан сал олдин паспортимни олиб қўйишганди. Ўшандан бери паспортсизман. Қизим президент порталига паспорт олишимга ёрдам сўраб мурожаат қилди, жавоб бўлмади. Атайлаб беришмаяптими ёки бу ўзбекона бюрократиями, буниси менга қоронғу. Паспортсиз мен нафақамни ҳам ололмаяпман, ишга ҳам жойлашолмаяпман, мана қўлимда қизим берган сўнгги олти минг сўмим қолди- дейди Жамшид Каримов.

Ўзбекистоннинг ўтган йил сентябр ойида оламдан ўтган президенти Ислом Каримовнинг жияни бўлган Жамшид Каримов Жиззахда яшайди ва 2000 йилдан бошлаб халқаро матбуот билан ҳамкорлик қилган.

Ислом Каримов акаси Арслон Каримовнинг ўғли бўлган журналист президент амакисини ошкора танқид қилгани учун, расмийлар томонидан тазйиққа учраган ва руҳий касалликлар шифохонасига мажбуран ётқизилган эди.

Биринчи марта у руҳий касалликлар шифохонасига 2006 йилда мажбуран ётқизилиб, у ерда 2011 йилгача сақланган эди.

- Орадаги икки ойлик танаффусни ҳисобга олмаганда мен 10 йилу 5 ойни "Иф қалъасининг асири" каби Самарқанддаги ўша зиндонда, бир кишилик камерада кечирдим. Мени ҳач қанақа айблов ҳукмисиз Самарқанд чеккасидаги Ички ишлар вазирлиги тизимидаги руҳий касаллар изоляторига мажбурлаб тиқишди, - дейди Каримов.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган.

- Менга қўйилган ягона айб – шизофрения. Бу айбми аслида? Одам руҳий хаста бўлса уни йўқ қилиш керакми? Менга ўшанда айтишган, “сенга ҳеч қанақа айблов қўйилмаган, сени бу ерга тиқиш учун буйруқ энг юқоридан берилган” деб. Тўғриси, амакимни ўлими мен учун бир сюрприз бўлди. Мени зиндондан чиқишимга амакимни ўлими туртки бўлди. Президент ўлганидан сўнг янги раҳбариятни портали очилди. Қизим шу порталга дадамни озод қилинг деб ёзди, шундан сўнг мени 15 кун ичида озод қилишди, - дейди Жамшид Каримов.

Жамшид Каримов руҳий касалликлар шифохонасида унга нисбатан эҳтиёткор ва айни пайтда қаттиққўл муносабатда бўлишганини айтди.

- Мен ҳар холда президентнинг жияни эдим. Жуда эҳтиёткор ва айни пайтда қаттиққўл бўлишди менга нисбатан. У ерда ҳаётим очликда кечди. Очлик туфайли шу зиндонда сурункали панкреатит – ошқозон касаллигини орттирдим, - дейди Каримов.

Ҳозирда эллик ёшни қаршилаётган Жамшид Каримов букилиб юради. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, журналист ўз касбий фаолиятини давом эттириш ниятида.

- Мен албатта журналистикани давом эттираман. Бу мен учун шарафли касб, - дейди Каримов.

Жамшид Каримов 2000-чи йилларда Буюк Британиянинг Уруш ва тинчликни ёритиш институти (IWPR), “Арена” ва “Uznews.net”веб сайтлари билан ҳамкорлик қилиб келган журналистдир.

XS
SM
MD
LG