Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:18

OzodDayjest: Одамларни "намозхон ва беномозга" ажратган имом жаримага тортилди


“Тўхтабой” жомеъ масжиди собиқ имоми Исҳоқжон Бегматов миллий урф-одатларни бидъат деб атагани ҳамда одамларни намозхон ва бенамоз тоифасига ажратгани учун жаримага тортилди. Электр корхонаси назоратчиси бўлган аёл истеъмолчи томонидан калтакланди. Қоғоз ишлаб чиқариш бўйича муҳим лойиҳага бирорта банк ёрдам бермаяпти. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тадбиркор: Қоғоз ишлаб чиқариш бўйича муҳим лойиҳага бирорта банк ёрдам бермаяпти

Ўзбекистонда қоғоз ишлаб чиқариш учун хомашё хориждан келтирилаётгани боис бу борадаги тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши қийин кечмоқда (“Жамият”, 25 август).

Бу ҳақда қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Топинамсел” фирмаси раҳбари Юнус Содиқов маълум қилади.

Тадбиркорга кўра, айни пайтда 500 гектар ерга топинамбур ўсимлиги экиб, ундан қоғоз ишлаб чиқариш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган, аммо мамлакатдаги бирорта банк ушбу муҳим ишга кўмак бермаяпти.

Ишбилармоннинг таъкидлашича, қоғоз Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқарилмас экан, тобора қимматлаб бораверади.

Маълумотларга қараганда, Марказий Осиё мамлакатларининг қоғозга бўлган талаби 470 минг тоннани ташкил этиб, унинг 70 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатда истифода этиладиган қоғознинг 95 фоизи четдан келтирилади.

Электр корхонаси назоратчиси бўлган аёл истеъмолчи томонидан калтакланди

Қашқадарё вилояти Косон тумани Сарипул маҳалласида яшовчи Алишер Ҳайдаров туман электр корхонаси назоратчиси вазифасида ишлаган Г.Негматовани калтаклади (“Ҳуқуқ”, 31 август).

Қайд этилишича, А.Ҳайдаров хонадонини яширин равишда электр тармоғига улаб, ундан истаганча фойдаланиб келган.

Назоратчи Г. Негматова текширув пайти бу ҳолни фош қилиб, ноқонуний электр манбаини узган. Бу пайтда хонадон соҳиби А.Ҳайдаров уйда бўлмаган. Уйга қайтиб, электр тармоғидан узилганидан хабар топган А.Ҳайдаров назоратчи Г.Негматованинг ишхонасига борган ва уни ҳақоратлаб, тепкилаган.

Атрофдагиларнинг аралашуви билан Г. Негматова ҳаёти сақлаб қолинган.

Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди Алишер Ҳайдаровга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинлаган.

“Тўхтабой” жомеъ масжиди собиқ имоми Исҳоқжон Бегматов миллий одатларни бидъат деб атагани боис жаримага тортилди

Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жомеъ масжидининг собиқ имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов ноўрин тарғибот, ножоиз ташвиқот олиб борганликда айбланди (“Даракчи”, 31 август).

Қайд этилишича, имом-хатиб “Келин салом бидъатми ёки...” мақоласида келин салом маросимини шўро даврида миллий қадрият байроғи остида юзага келган бидъат деб хато ёзган.

“Тўхтабой” масжиди собиқ имоми сумалак тайёрлаш маросимини бидъат ва хурофотга тенглаштиргани учун ҳам танқид қилинган. Қолаверса, имом-хатиб одамларни намозхон ва бенамоз дея тоифага ажратиб хатога йўл қўйгани хабар қилинган.

“И.Бегматовнинг турли сабабларга кўра намоз ўқимай юрган кишиларга беписандлик билан қараши, уларга нисбатан ножоиз сўзларни қўллаши одамлар ўртасида айирмачилик кайфиятига сабаб бўлмайдими?” дейилади мақолада.

Имом-хатиб яна бошқа хатоларга йўл қўйгани қайд этилган. Тошкент вилояти Зангиота туман суди собиқ имом-хатиб Исҳоқжон Бегматовга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддасига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

XS
SM
MD
LG