Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:17

Халқ таълими вазири ўқитувчилар маошини бир неча баробар кўтариш лозимлигини айтди


Шу кунда Ўзбекистон бўйлаб 11 мингдан ортиқ ўқитувчи ўрни бўш ва айни пайтда олий таълим дипломига эга бўлмаган 66 минг ўқитувчи мактабларда ишламоқда. Улар орасида эркак ўқитувчилар улуши 30 фоиздан кам. Тошкент шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 10 фоизни ташкил этади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида ёзди.

Вазирнинг фикрича, мактабларда ўқитувчи етишмаётганининг “асосий сабаби мактаб таълими тизимидаги ходимларнинг ойлик маошларининг ўта паст эканидир”.

Шерзод Шерматов мана бу маълумотни келтирган:

“Охирги уч йилликни сарҳисоб қиладиган бўлсак, умумий ўрта таълим соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ойлик маошлари энг паст бўлиб, ўсиш суръати ҳам бошқа соҳа вакиллари маошларига солиштирганда анча паст бўлган. Натижада 2016 йилда мактаб таълими соҳасидаги ўртача ойлик Молия соҳасиникига нисбатан атиги 48 фоизни ташкил этган бўлса, бу йилга келиб 42 фоизгача камайганини кўриш мумкин”.

Вазирнинг фикрича, ўқитувчилар маошларини бир неча мартага ошириш зарур. “Таълим соҳасидаги ҳолатни ҳақиқий ўзгартириш учун Халқ таълими вазирлиги тизими ходимларининг ойлик маошларини бир неча фоиз эмас, балки бир неча баробар ошириш зарур! Бу ўз навбатида жойлардаги истеъмол талабининг кўпайиши ҳамда иқтисодиётда фаолликнинг ошишига туртки бўлади”, деб ёзди Шерзод Шерматов.

XS
SM
MD
LG