Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабарига кўра, туристик мақсадларда Ўзбекистонга келиш учун элекрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш тизими йўлга қўйилди.
15 июлдан бошлаб e-visa.gov.uz сайтида бу визаларни расмийлаштириш мумкин.
Бу тизим чет эл фуқароларининг туристик кириш визасини олиш учун Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари, консуллик муассасаларига мажбурий мурожаат заруриятини бекор қилишни кўзда тутади.
Электрон виза Ўзбекистон ҳудудида 30 кунгача бир марта бўлиш учун берилади ва виза берилган вақтдан бошлаб 90 кун давомида амал қилади.
Электрон визани расмийлаштириш ва бериш учун мурожаатни кўриб чиқиш муддати, мурожаат қилинган кундан ташқари, икки иш кунини ташкил этади.
Берилган электрон виза e-visa.gov.uz тизимининг расмий веб-порталига мурожаат этиш вақтида кўрсатилган чет эл фуқаросининг электрон почтасига жўнатилади.
Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат қилиш Ўзбекистонга келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Визанинг консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ доллар.Тўлов электрон кўринишда халқаро тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Электрон виза беришда рад жавоби берилган тақдирда консуллик йиғими учун олинган маблағ қайтарилмайди. Электрон виза ўтиш ҳужжатига (паспорт) ёпиштирилмайди. Чегара орқали ўтиш пунктида чет эл фуқароси электрон визани қоғоз ёки электрон кўринишда тақдим этади.