Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:58

Самарқандда 21 киши хот-догдан заҳарланди, 7 нафари ўта оғир аҳволда


Иллюстрация
Иллюстрация

23 октябрь куни Самарқанд шаҳри Сартепа массивида 21 нафар фуқаро хот-догдан заҳарланиш гумони билан шошилинч тиббий ёрдам хизматига мурожаат қилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига таяниб turon24 хабар қилди.

Тиббий кўрикдан сўнг беморлардан 7 нафари ўта оғир аҳволда вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Ушбу шифохона бош врачи Аллоберган Байжановнинг сўзларига кўра, беморлар овқат токсикоинфекцияси билан оғриган.

Шифохонанинг ўткир ичак инфекцияси бўлими бошлиғи Комил Абдураҳмоновнинг билдиришича, хот-догдан заҳарланиб, мазкур бўлимда даволанаётган беморларнинг аҳволи ҳозир ўрта оғир. Айни пайтда керакли муолажалар қилинмоқда.

Аниқланишича, беморларнинг барчаси Сартепа деҳқон бозорига яқин овқатланиш шохобчасида хот-дог истеъмол қилган.

“Кеча йўл-йўлакай Сартепадаги бозор ҳудудига яқин шохобчадан хот-дог едим, – деди ушбу бўлимда даволанаётган нурободлик талаба Зуҳриддин Бекмуҳаммедов. – Шундан сўнг ошқозонимда оғриқ сездим. Шифокорлар кўрсатган тиббий ёрдам туфайли ҳозир анча яхшиман”.

Самарқанд шаҳар давлат санитария эпидемиология назорат маркази бошлиғи вазифасини бажарувчи Пирмуҳаммад Маҳмудовнинг маълум қилишича, ҳозир фуқаро Ғулом Муродовга тегишли, Сартепа массиви 148-уйда фаолиятини бошлаганига 3 кун бўлган савдо объекти ёпиб қўйилган. Унда тайёрланган хот-догдан намуналар олинган ва лабораторияда ўрганилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ДСЭНМ томонидан фуқарога нисбатан маъмурий чора кўрилган, баённома тузилган ва Самарқанд шаҳар прокуратурасига хабар берилган.

XS
SM
MD
LG