Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:58

Тошкентда бир ҳафтада 7 киши ис газидан ўлди, ҳокимият махсус йиғилиш ўтказди


Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев йиғилиш ўтказмоқда, 3 ноябрь, 2018 йил
Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев йиғилиш ўтказмоқда, 3 ноябрь, 2018 йил

Тошкентда сўнгги ҳафта ичида 7 киши ис газидан заҳарланиб ўлди, булардан 4 нафари болалардир. Бу ҳодисалар тармоқларда кескин мунозара уйғотган бир пайтда Тошкент ҳокими вазифасини бажараётган Жаҳонгир Ортиқхўжаев 3 ноябрь куни коммунал хизматлар ва жамоатчилик вакиллари билан учрашув ўтказди.

Gazeta.uz нашрининг хабар қилишича, йиғилишда тошкентликлар ва тегишли ташкилотлар ис газидан заҳарланиш олдини олиш учун газ ускуналарини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тартибига риоя қилишга чақирилган.

Бу йиғилиш 31 октябрь куни пойтахтнинг Чилонзор туманида 4 бола, 1 ноябрь куни Юнусобод туманида 3 киши ис газидан заҳарланиб, ўлиши ортидан ўтказилди.

Хусусан, 31 октябрь куни Чилонзорда содир бўлган 4 боланинг ўлими ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди. Туманнинг Дилхуш кўчасидаги 37-уйда яшаётган оиланинг 3 қизи ва 1 ўғли тунда ўткир заҳарланиши натижасида ўлган, уларнинг онаси эса заҳарланиш ортидан шифохонага ётқизилган эди.

Аввалига бу оила шашликдан заҳарланди, деган гумон тармоқларда тарқалиб кетганди. Аммо, тиббий экспертизада болалар ис газидан заҳарланиб ўлгани аниқлагани айтилди. Маълум бўлишича, ис гази оила яқинда кўчиб ўтган кўп қаватли уйнинг ертўласига ўрнатилган қурилмадан чиққан.

Бу ҳодиса ортидан шаҳар прокуратураси ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши очган.

Шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Раҳмонқуловга кўра, сўнгги 2 йилда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайган.

Расмийга кўра, Тошкентда сўнгги 10 йил ичида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ 20 та ҳолат қайд этилган, 20 киши заҳарланган, 60 киши ўлган, ўлганларнинг 25 нафари пойтахтга ишлаш учун борган вилоятликлардир.

Бахтиёр Раҳмонқуловга кўра, одатан, газ ва иситиш ускуналаридан нотўғри фойдаланиш, мўриларни тозаламаслик, иситиш печларини газ қувурларига резина шланглар орқали улаш, турар жойларни очиқ олов билан иситиш, шунингдек носоз ва сертификатсиз ускуналардан фойдаланиш фожеага сабаб бўлади.

Ўзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳоллари, асосан, кеч куз-қиш-эрта баҳор мавсумида кўп учрайди.

Шу йилнинг августида "Ўзтрансгаз” ташкилоти 2018 йилнинг январь-апрель ойлари оралиғида Ўзбекистонда 58 одам ис газидан заҳарланиб вафот этгани, 54 одам эса жабрланганини билдирган.

"Ўзтрансгаз” фаолиятида янгиланиш, модернизация ва истиқболли ҳамкорлик масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжуманида бу ҳақда маълум қилинганди.

“Табиий газ ҳамда ис гази билан заҳарланиш ҳолатлари иситиш тизимига табиий газни улашда меъёрий талабларга риоя этмаслик ҳамда фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, иситиш учун мўлжалланган печлар ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмаганлиги боис юзага келади”, дейилганди бу борадаги ЎзА хабарида.

Расмий маълумотга кўра, 2017 йилда эса ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.

Бундай ҳолатлар ҳақида Озодликка бот-бот хабарлар келиб туради.

Жумладан, Озодлик шу йилнинг январь ойида Фарғона вилояти Риштон туманида олтмиш ёшдан ўтган эру хотин ис газидан заҳарланиб вафот этганини хабар қилган.

2017 йилнинг февраль ойида Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Тоз қишлоғидаги хонадонлардан бирида юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг саккиз аъзоси нобуд бўлган эди. Оила уйини иситиш учун ёққан кўмирдан ис гази чиқиши оқибатида ҳалок бўлган.

Жиззах вилояти Дўстлик туманида истиқомат қилган эр-хотин ва уларнинг бир қизи 2016 йилнинг 30 декабрида ис газидан заҳарланиб ўлган эди.

Хусусан, 2015-2016 йиллар давомида Озодлик камида 10 одамнинг ис газидан заҳарланиб ўлгани тафсилотини ўрганган.

2016 йил 18 декабрда Самарқанд шаҳрининг Каварзор маҳалласида яшаган ёш эр-хотин газдан заҳарланиб нобуд бўлди.

2015 йил декабрида ҳам Самарқанд шаҳрида уч талаба ис газидан заҳарланиб ўлган эди.

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги Tиббиёт коллежининг 1-курс ўқувчиси 17 ёшли Марҳабо Баҳринова 2015 йил 5 март куни ижарада яшайдиган уйининг ҳаммомида ис газидан заҳарланиб вафот этди.

5 февраль куни эса Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб ўлган эди.

Ўтган йил февралида булунғурлик Шарофат Бегимқулова ва унинг 19 ёшли қизи ҳам ис газидан заҳарланиб ҳаётдан кўз юмган эди.

XS
SM
MD
LG