Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:47

Нукусда босқинчи эр-хотинни пичоқлади


Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги хонадонлардан бирига 8 апрель куни ярим кечаси қилинган босқинчилик ҳужумида хонадон бекаси ўлди, унинг эри оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Воқеа гувоҳларининг айтишларича, босқинчилик мақсадида кирган шахс эру хотинни пичоқлаб қочган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабарига кўра, босқинчилик ва қотилликда гумонланаётган шахс қидирилмоқда.

Нукус шаҳрида 8 апрель куни тунги соат уч-тўрт орасида қилинган босқинчилик ҳақида нукусликлардан бири Озодликка хабар берди:

“Биз Нукус шаҳрининг Жийдели байсун, аввалги номи Саранша, маҳалласида яшаймиз. Қотил ёки қотиллар, неча киши эканлигини билмайман, кечаси маҳалладошимизнинг уйига бостириб киришган. Уйнинг эгаси уйга кимдир кирганини сезиб ташқарига чиққанда, уни пичоқлаган. У бақиргандан кейин хотини югуриб чиққанда, уни ҳам пичоқлашган. Хотини ўша ерда ўлган, эри касалхонада, аҳволи оғир дейишяпти. Босқинчилар уйдан нима олган-олмаганидан хабарим йўқ”.

Исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, бу оила маҳалланинг ўзига тўқ оилаларидан бири:

"Оила бошлиғи тадбиркорлик билан шуғулланарди. Дамас машинаси бор. Шаҳарда икки-уч жойда уйи бор дейишади. Яқинда битта уйини сотган экан. Ўғри ҳам шу пулга келган дейишяпти. Марҳум аёл Қозоғистонда ишларди, топиш-тутиши яхши эди. Битта катта ўғли бор"

Нукус шаҳар ички ишлар бўлимининг навбатчиси, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади, аммо тафсилотларини телефон орқали бермаслигини айтди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодлик сўровига жавобан бу воқеа ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:

“08.04.2019 йил соат 04:00 ларда Нукус шаҳар, Тахтакўпир кўчаси 66-уйда яшовчи Д.М. (1956 й.т.) уйида юрган номаълум шахснинг овозини эшитиб, у томонга борган вақтда номаълум шахс уни қасддан ўлдириш мақсадида кўкрак қафасининг ўнг қисмига пичоқ билан бир маротаба урган.

Шунингдек, номаълум шахс Д.М. уйдагиларни ёрдамга чақирган вақтда чиқиб келган турмуш ўртоғи А.Ш.нинг (1961 й.т.) кўкрак қафасининг чап томонига пичоқ билан бир маротаба уриб, воқеа жойидан яширинган.

Аёл олган тан жароҳати натижасида воқеа жойида вафот этган, уни эри шифохонага ётқизилган ва зудлик билан кўрсатилган тиббий ёрдам натижасида унинг ҳаёти сақлаб қолинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 08.04.2019 йилда Нукус шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноятни содир этган шахсни аниқлаш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда”

XS
SM
MD
LG