Ўзбекистон хабарлари
"Kun.uz" мухбирларига ҳужум қилган Олмазор ҳокими муовини ишдан олинди
Шу йил август ойида Kun.uz журналистларига тажовуз қилган Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ишдан олинган.
Бу ҳақда Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бош директори Комил Алламжонов Facebook каналида маълум қилди.
"Хабарингиз бор, бугун «Kun.uz» мухбирига ҳужум қилган Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ўз лавозимидан озод қилинди.
Шу муносабат билан биз яна бир бор таъкидлаймизки, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳар бир журналист ва блогерни унинг ҳуқуқлари бузилишидан ҳимоя қилишни давом эттиради", — деб хабар қилди Алламжонов ўз Facebook каналида.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев эса Олмазор туманининг собиқ ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобов прокуратура томонидан киритилган тақдимнома асосида эмас, ўз хоҳишига кўра ишдан кетганини маълум қилди.
Абдурасул Ваҳобов шу йилнинг 14 август куни Kun.uz оператори Шерзод Эгамбердиевга ҳужум қилган эди. Орадан бир кун ўтиб у Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига берган интервьюсида Kun.uz мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф этгани ҳақидаги даъвони илгари сурган эди.
Маҳаллий тадбиркор арзини ўрганиш учун ҳокимликка борган Kun.uz журналистлари Олмазор туман ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов уларга тажовуз қилиб, таҳририятга тегишли камера штативини синдирганини даъво қилишган.
Видеода kun.uz тасвирчисини ҳоким ўринбосари "ўзбекмисан", деб қувлаб юраркан, унинг ёнида милиция ходими бефарқ юргани кўринади.
Шу йилнинг 11 сентябр куни эса Тошкент шаҳар, Олмазор туман прокуратураси Ваҳобовнинг Kun.uz журналистларига тажовуз қилгани ҳақидаги даъвони ўрганиб, ҳоким муовини ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, деб қарор чиқарганди.
Kun.uz нашри ҳуқуқшуноси Зафарбек Солижонов 25 сентябрь куни Озодликка бу ҳақда маълум қилар экан, улар туман прокурори қарори юзасидан энди юқори инстанцияга арз қилажакларини айтганди.
Ўзбекистон Бош прокуратура матбуот хизматининг 28 сентябр куни маълум қилишича, Тошкент шаҳар прокурори томонидан ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ҳокими номига тақдимнома киритилган, тақдимнома кўриб чиқилиши натижасига кўра Ваҳобов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.
Шунингдек, бошқа ҳолатлар юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан қўшимча текшириш ҳаракатлари давом этмоқда.
Бош прокуратура шаҳар прокуратурасининг жиноят ишиқўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарорини бекор қилиб, ишни қайтадан кўриб чиқиш бўйича топшириқ берган.
Кун янгиликлари
Ўзбекистон ва Россия ўзаро орден алмашди
Россияда 19 ноябрь куни бошланадиган “Ўзбекистон маданияти кунлари” тадбири олдидан икки давлат ўзаро орден алмашди.
Россия президенти Владимир Путин 18 ноябрь куни Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров ва Севара Назархонни “ўзбек ва рус маданиятини яқинлаштириш ҳамда бойитишга қўшган ҳиссаси учун” “Дўстлик” ордени билан мукофотлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам россиялик икки санъаткорни мукофотлашга қарор қилган.
Президент матбуот хизмати ёйинлаган фармонга мувофиқ, Сергей Безруков (РФ халқ артисти, Москва драма театри бадиий раҳбари, театр ва кино актёри) ҳамда Андрис Лиепа (РФ халқ артисти, балет артисти, режиссёр) “ёрқин ва бетакрор истеъдоди, хусусан, кино ва театр йўналишидаги сермаҳсул ижодий фаолияти билан маданият ва санъат соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ва бойитишга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун” Ўзбекистон Республикасининг “Дўстлик” орденига муносиб кўрилган.
Бугун Москвадаги Кремль давлат саройида “Ўзбекистон маданияти кунлари” доирасида ўзбек санъати усталари иштирокида концерт дастури намойиш этилади.
“Аския” бозори шахси очиқланмаган сармоядорга берилади
Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Аския” деҳқон бозори қайта қурилади, дея маълум қилди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бир неча инвестор томонидан бозорни қайта қуриш бўйича таклиф билдирилган.
Туман ҳокими Нилуфар Аллабергеновага кўра, сотиб олиш таклифи билан чиққан инвестор “Аския” бозорининг бошқарувчиси бўлган жамиятга 3000 кв метр майдонда экобозор, 1200 кв метр майдонда совиткич омборхона ва 400 ўринга мўлжалланган ерости автотураргоҳни беғараз ўтказиб бериши керак.
Лойиҳага 150 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши ва янги бозор ёнида жаҳон стандартларига жавоб берадиган 4 юлдузли меҳмонхона барпо этилиши кўзда тутилган.
Ҳокимлик қайта қуриш лойиҳасини “бозорда харидорларнинг келиб кетишига бир қатор ноқулайликлар мавжудлиги” билан асослаган.
Расмий маълумотда 150 миллион доллар сармоя киритмоқчи бўлган инвестор номи очиқланмаган.
Пойтахтнинг энг қиммат мавзеларидан бирида жойлашган “Аския” бозорининг камтарона миқдордаги сармоя эвазига бериб юборилиши экспертлар томонидан “коррупциоген амалиёт” деб танқид қилинди.
“Таклиф этилаётган схемадан на давлат бюджети, на маҳаллий бюджет бир сўм ҳам олмайди... Энг ликвид, энг қиммат локацияларни “инвестиция киритиш” шаблони билан совға қилишни ва чўнтаклар фойдасига тақсимлашни бутунлай тўхтатиш керак”, деб ёзди иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров.
Фаоллар фикрича, бозор очиқ аукционга қўйилиши ва истаган талабгор минимал шартлар билан савдога киритилиши керак.
Мирзиёев “парламентда мухолифатни жонлантириш зарур”лигини айтди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5-чақириқдаги илк ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Президент матбуот хизмати қайдича, Мирзиёев ўз чиқишида парламентда мухолифатни жонлантириш зарурлигини айтган.
Бунинг учун эса қонунчилик идорасида мухолифатга кафолатланган ҳуқуқлари сонини 3 тадан 6 тага ошириш, 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш, ҳар чоракда “Ҳукумат соати” ва парламент сўрови доирасида камида биттадан масала киритиш каби қўшимча ҳуқуқлар беришни таклиф қилган.
Шунингдек, у янги даврда парламент чинакам халқ уйи, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генераторига, соғлом рақобат, баҳс ва мунозаралар майдонига айланиши кераклигини урғулаган.
Мирзиёевга кўра, ҳозирча парламент назорати тўлақонли таъсирчан институтга айланди, деб айтиб бўлмайди. Парламент ва депутатлик назорати ижтимоий соҳа билан чекланиб қолмоқда.
Нутқ давомида Қонунчилик палатасига ҳукумат аъзоси ҳисоботини эшитиб, унинг якунларига кўра ушбу раҳбарни истеъфога чиқариш тўғрисида президентга таклиф киритиш ҳуқуқи берилгани эслатилган.
Йиғилишда ташкилий масалалар ҳам кўрилган.
Сиёсий партиялар вакиллари кенгашининг таклифига биноан, депутатлар яширин овоз бериш йўли билан ЎзХДП вакили Нуриддин Исмоиловни навбатдаги муддатга Қонунчилик палатасининг спикери этиб сайлаган.
Озодлик аввалроқ хабар берганидек, ЕХҲТ Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловига доир дастлабки баёнотида сиёсий муҳит чекланган ҳолда қолгани ва сайловчиларга ҳақиқий танлов имконияти берилмаганига эътибор қаратганди.
“Рўйхатдан ўтган беш партия ҳукумат сиёсатини умумий қўллаб-қувватлагани сабабли сайловчиларга ҳақиқий муқобил вариантлар тақдим этилмади. Бу фуқаролар овозини чинакам ифодалаш учун янада фаол ва рақобатбардош сиёсий муҳитни яратиш зарурлигини яна бир бор таъкидлайди”, деган эди ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси делегацияси раҳбари Саргис Ханданян.
Энергетика вазири яна “узлуксиз таъминот”дан баҳс этди
Ўзбекистонда ҳарорат -10, -20 даражагача пасайган тақдирда ҳам аҳоли ва иқтисодиётни энергия билан таъминлаш бўйича ҳаракатлар режаси ҳозирланган, деб маълум қилди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
“Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида мулозим мамлакат президенти мутасаддиларга чекловларсиз, узлуксиз электр таъминотини таъминлаш бўйича топшириқ берганини урғулаган.
“2024 йилнинг ноябрь ойи ўтган ноябрга нисбатан салқинроқ бўлиб, қор ёғиб, ҳарорат -3 даражагача, айрим ҳудудларда -8 даражагача пасайган. Бу табиий газ ва электр энергияси истеъмолини кескин оширди. Ушбу [истеъмол] режимларини таъминлаш учун зарур захира ресурслари жалб қилинди. Газ омборларида етарли ҳажмда газ тўпланиши ҳисобига газ билан таъминланди. Аҳоли учун ҳам, иқтисодиёт тармоқлари учун ҳам узлуксиз етказиб бериш таъминланди”, деган Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазири ҳудудларда ҳам электр энергияси, ҳам газ таъминотида узилишлар бўлаётгани ҳақидаги мурожаатларга муносабат билдирмаган.
Унга кўра, куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган. Кескин совиш ҳолатида ҳаракат режаси ва ижтимоий муассасаларни узлуксиз энергия билан таъминлаш чоралари ишлаб чиқилган.
“Бу масалалар бўйича ҳам масъулият, ҳам мажбуриятлар белгиланган”, дея ишонтирган Жўрабек Мирзамаҳмудов.
Энергетика вазири аввалроқ “Газли” ва “Хўжаобод” ерости газ омборларида қиш мавсуми учун 5,1 миллиард куб метрдан ортиқ газ жамлангани, захира ўтган йилга нисбатан 1,1 миллиард куб метрга кўп эканини маълум қилганди.
Қиш мавсумида электр энергияси ва газ узилиши одатий ҳолга айланган шароитда аҳоли энергетика раҳбариятининг “узлуксиз таъминот” ҳақидаги ваъдаларига шубҳа билан қарайди.
Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки бараварга ортди
Ўзбекистонда 2019−2024 йиллар оралиғида наркожиноятлар сони икки бараварга кўпайган. Бу ҳақда, Gazeta.uz нашри хабарига кўра, Тошкентда ўтказилган гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масалалари бўйича халқаро тадбирда Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази директори Равшан Маматов маълум қилган.
“Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони икки баробарга, гиёҳвандлик воситалари мусодараси 8,5 баробарга, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси эса 400 баробарга кўпайди. Кузатилаётган салбий жараёнлар бу соҳада комплекс чора-тадбирларни белгилаш ҳамда самарали идоралараро ва халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишни тақазо этмоқда”, деган Р. Маматов.
Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази раҳбари минтақа, хусусан, Ўзбекистонда “дорихона наркоманияси” авж олганидан ҳам хавотир изҳор қилган.
“Минтақамизда “дорихона наркоманияси” деб аталувчи иллатнинг ёшлар ўртасида кенг тарқалаётгани бизни ташвишга солмоқда. Ушбу йўналишда яқин қўшниларимиз билан тажриба алмашишга ва ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деб таъкидлаган гиёҳвандлик моддаларига қарши курашувчи тизим раҳбари.
Ўсиш динамикасидан ташвиш билдирган Миллий марказ раҳбари наркожиноятлар аниқ сонини очиқламаган. Аввалроқ “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 2019 йил якунида мамлакатда 5 мингдан ортиқ наркотик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этилгани, наркодиспансерда ҳисобда турганлар сони эса 5698 нафарга етгани ҳақида маълумот тарқатганди.
Ўзбекистонда 2024 йилда илк бор гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024−2028 йилларга мўлжалланган Миллий стратегия қабул қилинган.
Рейтинги баланд тадбиркорларга текширув борасида имтиёз берилмоқда
Ўзбекистонда барқарорлик рейтинги бўйича “ААА” тоифадаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан солиқ текширувлари ўтказилмайди. Мамлакат президенти томонидан 15 ноябрь куни имзоланган 1000-сонли қонунда ана шу талаб илгари сурилган.
Солиқ кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, солиқ тафтишига доир имтиёз жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувларни истисно этади.
Қонун билан Солиқ кодексига тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тушунчаси киритилмоқда. Юқори рейтингли тадбиркорлик субъектлари учун рағбатлантириш чоралари жорий этиляпти.
Жумладан, мазкур тоифадаги тадбиркорлик субъектларига ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш текширувлар ўтказилмасдан 1 кунлик муддатда амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил 1 январидан эътиборан тадбиркорлар фаолиятини текшириш “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими доирасида ишбилармонлик субъектларини 3 та тоифага ажратган ҳолда ўтказилишини маълум қилганди.
Янги тартибга мувофиқ, тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади. Ушбу рўйхатда йўқ масалалар бўйича текширув ўтказиш ман этилади.
Мирзиёев Сенатнинг тўққиз нафар аъзосини тайинлади
Президент Шавкат Мирзиёев 16 ноябрь куни “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги фармонни имзолаган. Ҳужжат матни Ўзбекистон президенти сайти орқали ёйинланди.
Фармонга мувофиқ, қуйидаги кишилар Олий Мажлис Сенати аъзолари этиб тайинланган:
• Азамат Зиё – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институти директори;
• Муножатхон Йўлчиева – Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори;
• Абдусаид Кўчимов – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори;
• Қудратилла Рафиқов – Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси;
• Миракбар Раҳмонқулов – Президент ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти директори;
• Содиқ Сафоев – Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари;
• Алишер Саъдуллаев – Ёшлар ишлари агентлиги директори;
• Содиқжон Турдиев – Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси;
• Турсинхон Худайбергенов – Президент маслаҳатчиси.
Ўзбекистон Конституциясининг 92-моддаси ҳамда Сайлов кодексининг 75-моддасига асосан, парламент юқори палатасининг тўққиз нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан президент томонидан тайинланади.
2023 йилда Конституция янгилангач, Сенат аъзоларининг умумий сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарган.
Эндиликда Сенат аъзолари Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда 4 нафардан (илгари 6 нафардан) сайланади. 9 сенатор эса (илгари 16 нафар эди) президент фармонига асосан тайинланади.
Маълумот ўрнида, Марказий сайлов комиссиясининг 16 ноябрдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган сенаторлар рўйхатга олинди.
МСК қайдича, янгидан шаклланган Сенат аъзоларининг 56,6 фоизи 60 ёшдан катталарни ташкил этди. Анъанавий равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳам сенатор бўлган.
Янги таркибдаги Сенатнинг илк мажлиси 19 ноябрь куни чақирилади.
Қозоғистон ширкати Humo’ни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмайди
Қозоғистоннинг Kaspi.kz технологик компанияси Ўзбекистоннинг Humo тўлов тизимини хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмайдиган бўлди.
“Биз бу жараёнда иштирок этишни давом эттирмасликка қарор қилдик... Биз Ўзбекистоннинг қизиқарли рақамли трансформациясида иштирок этиш учун имкониятларни излашни давом эттирамиз”, дейилган ширкат баёнотида.
Айни пайтда капиталлашуви тахминан 24 миллиард доллар деб баҳоланаётган Kaspi.kz компанияси жорий йил август ойида Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлигига Humo’ни хусусийлаштиришдан манфаатдорлигини билдириб хат йўллаганди.
“Миллий банклараро процессинг маркази” АЖ – банк тўлов карталарига асосланган Humo тўлов тизими Ўзбекистон тўлов тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Устав капитали 155,4 млрд сўмни ташкил этувчи тизим 27 миллиондан зиёд карта чиқарган, 210 мингдан ортиқ терминал ва 6,4 мингдан кўпроқ банкомат ўрнатган.
Айрим таҳлилчилар Қозоғистон ширкатининг бу тариқа “ўйиндан чиққани”ни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнига ишончсизлик ўлароқ талқин қилган.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистонда хусусийлаштириш бўйича берилган кўплаб ваъдалар амалга ошмагани, жумладан, савдолар бўйича муддатлар ва йирик корхоналарнинг оммавий рўйхатлари доимий равишда ортга сурилганига эътибор қаратганди.
АҚШ Регистон майдони муҳофазаси учун молиявий кўмак ажратади
АҚШ Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида консервация ва реставрация ишлари учун 500 минг доллар миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда 13 ноябрь куни Вашингтонда бўлиб ўтган АҚШ–Ўзбекистон стратегик шериклик мулоқотининг навбатдаги йиғилиши якунида маълум қилинди.
АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов раислигидаги мулоқотда иқтисодий ва хавфсизликка доир ҳамкорлик, инсон ҳуқуқлари масалалари муҳокама қилинган.
Вашингтон Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз қўллаб-қувватлашини яна бир карра тасдиқлаган.
Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг минтақадаги археология ва маданиятни сақлаш соҳасидаги етакчилиги учун миннатдорлик билдирган. Шу муносабат билан АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси орқали Регистон майдонида архитектура консервацияси ва реставрацияси ишлари учун ярим миллион доллар миқдорида маблағ ажратилиши эълон қилинган.
Октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли шаҳри яқинидаги ХII асрга оид Халифа Ражаб (Эрежеп) мақбараси ҳам Қўшма Штатлар кўмагида қайта тикланганди.
2001 йилда таъсис этилган АҚШ элчиларининг маданий меросни асраш жамғармаси ривожланаётган мамлакатларга тарихий обидалар ва маданий объектларни сақлаб қолишда молиявий кўмак беради. Жамғарма Ўзбекистондаги 10 дан зиёд лойиҳа учун 1,3 миллион доллар ажратган.
Ҳайдовчидан пора олган ЙПХ ходими 4 йилга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Гулистон шаҳри суди йўл-транспорт ҳодисаси содир этган ҳайдовчидан пора олган ЙПХ ходимини 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.
Олий суд матбуот хизматининг маълум қилишича, вилоят ҳудудидаги авария содир бўлган жойга етиб борган ЙҲХХ катта инспектори ҳодисани расмийлаштирган ва йўловчилардан бирининг жароҳат даражасини аниқлаш учун тиббиёт экспертизаси тайинлаган.
ЙТҲ содир этган машина дарҳол жарима майдончасига жойлаштирилган. Орадан тўрт-беш кун ўтгач, ЙПХ ходими ҳайдовчини ўз хизмат хонасига чақириб, терговга қадар текширув материалларини унинг фойдасига ҳал қилган ҳолда судга чиқариш, суд тиббий экспертизасини енгиллаштириш ҳамда машинани жарима майдончасидан чиқариб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига ҳайдовчидан 400 доллар пул талаб қилган.
ЙҲХХ катта инспектори ҳайдовчининг аризасига асосан ўтказилган тезкор тадбирда ўз хизмат хонасида 200 долларни олаётган вақтида ушланган.
Суд айбланувчини Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топган.
Аввалроқ Озодлик Cамарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили порахўрлик сабаб 2 йил муддатга, Андижон туманидаги профилактика инспектори эса бангфурушга кўмаклашгани ортидан 10 йил 2 ой муддатга қамалгани ҳақида хабар қилган эди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълумотларига қараганда, 2020 йилда ички ишларнинг 46 нафар ходими коррупцион жиноятларга қўл урган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич деярли 2 бараварга ортиб, 89 нафар ходим томонидан 119 та коррупцион жиноят содир этилган.
Ўзбекистон эрта никоҳ муаммоси мавжуд давлатлар рўйхатига киритилди
Ўзбекистонда, энг паст кўрсаткичда бўлса-да, болалар никоҳи мавжуд, дейилган Equality Now халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида.
Халқаро ташкилотга кўра, болалар, эрта ва мажбурий никоҳ Евросиёда кенг тарқалган долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат камбағал оилалар, қишлоқ жойлари ва зиддиятлардан азият чеккан ҳудудларда кўпроқ кузатиляпти.
Минтақа бўйича Грузия ва Қирғизистонда болалар никоҳининг энг катта кўрсаткичи, Ўзбекистонда эса энг кичик кўрсаткичи кузатилган.
Ўзбекистонда болалар никоҳи 3,4 фоиз бўлиб, сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада камайган. Бироқ, Equality Now қайдича, мамлакатда баъзи муаммолар сақланиб қолган.
Умуман, тадқиқотда Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондаги болалар никоҳи, эрта никоҳ ва мажбурий никоҳ муаммоси таҳлил қилинган.
Экспертларга кўра, етти давлатнинг барчаси болалар ва мажбурий никоҳга оид қонунларни ислоҳ қилиш бўйича чоралар кўрган, бироқ фақат Грузия ва Озарбайжон никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш деб белгилаган.
Қолган мамлакатларда ота-она розилиги ёки маҳаллий ҳокимият рухсати билан 18 ёшга тўлгунга қадар никоҳ қуришга имкон берилади. Россиянинг бир қатор минтақаларида ҳатто 14 ёшдан бошлаб никоҳга рухсат мавжуд.
Equality Now ташкилоти никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш этиб белгилашга чақирган. Ҳукуматларга, шунингдек, қизларни ёш турмушга узатмаслик учун оилаларни моддий рағбатлантириш чораларини кўриш уқтирилган.
2019 йил 1 сентябридан Ўзбекистон қонунчилигига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини 18 ёш этиб белгиловчи норма киритилган. Унга қадар оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш бўлган.
Расмий статистикага кўра, мамлакатда 2023 йилда эрта никоҳлар сони 42 тани ташкил этган. Аммо амалда бу рақам каттароқ экани тахмин қилинади.
Самарқанд ва Андижондаги ЙТҲларда ўқувчилар нобуд бўлди
Самарқанд шаҳридаги 12-мактаб яқинида йўловчи автобуси ўқувчини уриб юборди.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати қайдича, ҳодиса 14 ноябрь куни соат тахминан 8:00 ларда Камолиддин Беҳзод маҳалласи ҳудудида юз берган.
Ҳайдовчи Isuzu автобусини Амир Темур кўчаси бўйлаб бошқариб бораётиб мактаб яқинида йўлни кесиб ўтаётган 3-синф ўқувчисини уриб юборган. Бола воқеа жойида вафот этган.
Самарқанд шаҳри ички ишлар органлари ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган. Ҳайдовчи қамоққа олинган.
Автобус ҳайдовчиси мактаб олдида катта тезликда ҳаракатлангани айтилмоқда. Мамлакатда мактаб ва боғчалар яқинида таълим жараёни бўлиб ўтадиган кунларда максимал тезлик соатига 30 км этиб белгиланган.
Андижон вилояти Асака туманида ҳам ўқувчининг ўлимига олиб келган ЙТҲ рўй берган.
“Миллий” телеканалининг “Миллар” информацион дастурида хабар берилишича, 11 ноябрь куни соат 13:00 ларда Damas ҳайдовчиси тез ҳаракатланиб келган ҳолда пиёдалар йўлакчасидан ўтаётган қизни уриб юборган.
Кескин тормоз берилиши оқибатида машина 9 ёшли қизчанинг устига ағдарилган. Ҳодисадан сўнг қизча зудлик билан шифохонага олиб борилган. Аммо муолажаларга қарамасдан у вафот этган.
Ушбу ЙТҲ юзасидан ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида темирйўл саёҳат дастури йўлга қўйилмоқда
Жорий йил 16 ноябридан Олмаота – Туркистон – Тошкент – Олмаота йўналиши бўйича илк темирйўл саёҳат дастури йўлга қўйилади.
Қозоғистон Туризм ва спорт вазирлиги маълумотига кўра, “Ипак йўли” деб аталган тўрт кунлик халқаро темирйўл сафари сайёҳларга Буюк Ипак йўлидаги қадимий шаҳарларни зиёрат қилиш имконини беради.
Дастур Туркистон ва Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини қамрайди. Сайёҳларга, шунингдек, Марказий Осиёнинг қадимий шаҳарларидан бири Ўтрорга ҳамда Аристон бобо мақбараси, “Ҳазрат Султон” тарихий музей-қўриқхонасига ташриф таклиф этилади.
“Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида биз икки давлатни боғлайдиган ноёб темирйўл саёҳат йўналишини жорий қилишга муваффақ бўлдик. Бу Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида туризмни ривожлантириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам”, деган Қозоғистон туризм ва спорт вазири ўринбосари Ержан Еркинбаев.
Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотига кўра, 2024 йилнинг январь–cентябрь ойларида 5,7 миллион нафар хорижлик мамлакатга туристик мақсадда келган бўлиб, улардан 1,1 миллион нафари Қозоғистон фуқароларидир.
Озодлик аввалроқ 2025 йилнинг ёзидан Тошкентдан Қирғизистондаги курорт ҳудуд саналган Иссиқкўлга поезд қатнови йўлга қўйилиши ҳақида хабар қилганди.
Темирйўл ширкати юк тарифини оширмоқда
Жорий йил 1 декабридан эътиборан “Ўзбекистон темир йўллар” АЖга тегишли маҳаллий қатновдаги вагонларда юк ташиш тарифлари 30 фоиз миқдорида оширилади. Бу ҳақда маълумот тарқатган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати нарх ошишини харажатлар кўпайгани билан изоҳлаган.
Монопол мавқедаги ширкат 2024 йил 1 январидан бошлаб юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилганини ҳам эслатган.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда маҳаллий фаоллар йил бошида мамлакат раҳбари барча давлат корхоналарига таннархни 15 фоизга камайтириш бўйича топшириқ бергани, бинобарин, “Ўзбекистон темир йўллар” ширкатининг тарифларни ошириши умумий сиёсий курсга зидлиги ҳақида ёзган.
Иқтисодий таҳлилчилар кескин қимматлашаётган юк тарифлари истеъмол ва ишлаб чиқариш нархларига сезиларли таъсир кўрсатишидан огоҳлантирган.
Маълумот ўрнида, жорий йил мобайнида йўловчи ташиш поездлари чипта нархи ҳам икки бора оширилган. Жумладан, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездлари чипта нархи 20 январдан бошлаб 20 фоизга, 15 майдан бошлаб эса 20-40 фоизга оширилган эди.
Сурхондарёда машинасидан 50 кг банг моддаси чиққан шахс ушланди
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари рейд тадбирлари давомида Тожикистон ва Қирғизистондан контрабанда йўли билан келтирилган қарийб 65 кг гашиш гиёҳвандлик воситасини мусодара қилди.
ДХХ матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи 30 ёшли шахс автомашинасида Узун тумани ҳудудида кетаётган вақтида тўхтатилган. Текширувда машина юкхонасида 50 килограмм 567 грамм гашиш моддаси борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Терговга қадар текширув давомида у бангивор моддани тожикистонлик наркосавдогарлардан олганини айтган.
52 ёшли марғилонлик фуқаро эса тожикистонлик наркокурьерлар Тошкент вилояти Бўка тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетган 4 килограмм 929 грамм гашиш моддасини олиб, йўловчи автомашинада доимий яшаш манзилига қайтиб келаётган вақтида Фарғона шаҳрида қўлга олинган.
Самарқанддан Андижонга келаётган Spark машинаси Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги ЙПХ масканида текширилганда унда кетаётган 1990 ва 1995 йилларда туғилган 3 нафар андижонлик ҳамда қирғизистонлик бир нафар шахсдан 4 килограмм 727 грамм гашиш моддаси олинган.
ДХХ Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи 4 нафар фуқаро Қирғизистондаги наркосавдогарлар етказиб берган 4 килограмм 634 грамм гашиш моддасини Андижон туманида 53 минг долларга сотаётганда ашёвий далиллар билан ушлангани ҳақида ҳам маълум қилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Озодлик аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятида ташкил этилган ноқонуний лабораториялардан умумий нархи тахминан 1 миллион долларга тенг, жами 14 килограмм 795 грамм синтетик гиёҳвандлик воситалари топилгани ҳақида хабар қилганди.