Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:05

Мурод Муҳаммад Дўст: Ўзбек автосаноатида бир тўданинг каттагина манфаати бордай


Таниқли ёзувчи, кўп йиллар Ўзбекистон президенти девонида юқори лавозимларда ишлаган Мурод Муҳаммад Дўст "Кун.уз" нашри мухбири билан суҳбатда UzAuto Motors автомобиллар нархини оширгани ҳақида фикр билдирар экан, ҳукумат ушбу монополист корхонани қўллаб-қувватлашни бас қилиши кераклигини таъкидлади.

"Жиддийроқ гапирадиган бўлсак, ҳукумат энди ўзининг ўйинларини қўйиб, бу монополист корхонани умуман қўлламаслиги керак. У чегарадаги божларни камайтириши, одамларга эркин автомобил сотиб олиши учун имконият яратиб бериши шарт.", - деди Мурод Муҳаммад Дўст.

"Кун.уз" мухбири билан суҳбатда ёзувчи мамлакат автосаноати фаолиятида алоҳида шахслар манфаати устуворлик қилишини ҳам қўшимча қилди.

"Бу ерда қандайдир бир тўданинг каттагина манфаати бордай. Эсингизда бўлса, бир пайтлар корхона ичидаги шахслар томонидан автомобилларни арзон баҳода четга чиқариб, кейин яна Ўзбекистонга қайтариб қиммат баҳода сотиш ҳолатлари ҳам бўлган", – дея қўшимча қилди Мурод Муҳаммад Дўст.

9 март уни Ўзбекистондаги ягона автомобил ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors енгил автомобилларнинг нархларини ўртача 20 фоизга оширгани ижтимоий тармоқларда кескин норозиликларга сабаб бўлганди.

Норозиликлар ортидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам нархлар оширилишини танқид қилиб чиққанди.

«Мана кўряпсизлар, автосаноатимиз раҳбарлари машиналар нархини оширишга қарор қилгани одамларнинг норозилигига сабаб бўлди. Бу иқтисодий жиҳатдан керакдир, лекин ҳозирги шароитда тўғри эмас. Биз халққа енгиллик яратишимиз лозим. Ҳар бир қарорни етти марта эмас, етмиш марта ўйлаш зарур. Аввало халқимизнинг сотиб олувчанлик қобилиятини мустаҳкамлаш керак», - деганди президент Хоразмда фаоллар билан учрашувда.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors автомобилларини бойкот қилишга чақириқлар янграмоқда.

XS
SM
MD
LG