Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва қимматчилик ортидан қароқчилик кўпайди


Кечқурун Ашхобод кўчаларига чиқиш хавфли бўлиб қолди.
Кечқурун Ашхобод кўчаларига чиқиш хавфли бўлиб қолди.

Туркманистонда озиқ-овқат тақчиллиги ва қимматчилик ортидан кўчаларда жиноятчилик кўпайди.

Озодлик радиоси туркман хизматининг хабар беришича, Туркманистон полицияси кўчаларда талончилик ва қароқчилик авж олаётганидан ташвиш билдирган.

Айни пайтда Туркманистон расмийлари жиноятчилик кўрсаткичи тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликдан сир сақлаб келмоқда.

Хабарда айтилишича, сўнгги йилларда пойтахт Ашхободда кечқурун кўчаларда юриш хавфсиз бўлиб қолган эди. Аммо бир ҳафтадан бери одамлар тунда кўчага чиқишга чўчиб қолган.

“Пойтахт кўчаларида асосан ёлғиз юрган аёллар талончилик ва қароқчиликка дуч келмоқда. Ёлғиз юрган эркакларга ҳам ҳужумлар қилингани тўғрисида маълумотлар бор”, деб хабар берди Озодликнинг Ашхободдаги мухбири.

Унинг айтишича, талончилар ўз ўлжаларини кафе ва ресторанлар олдида пойламоқда. Аёлларнинг тилла тақинчоқлари, сумкаларини олиб қочишмоқда.

“Айрим ҳолатларда эркакларга ҳам ҳужум қилишмоқда. Кафе ёки ресторандан кечқурун чиққан ширакайф эркак асосий ўлжа бўляпти. Уларни уриб йиқитишиб, пуллари ва телефонларини олиб қочишмоқда”, деди мухбир.

Озодлик радиоси туркман хизматига исми сир қолиш шарти билан маълумот берган амалдорлардан бирининг айтишича, ҳукумат юзага келган вазиятдан яхши хабардор.Талончилар ва қароқчилар томонидан жароҳатланганлар полицияга мурожаат қилмоқда. Аммо баъзи одамлар полицияга мурожаат қилмаяпти. Бунга одамлар орасида полицияга бўлган ишончнинг йўқлиги ва полиция уларнинг ўзини айблашидан чўчиш сабаб бўлмоқда.

Одатда, Туркманистонда амнистия эълон қилинган пайтда жиноятчилик ҳолатлари кўпайгани қайд этилади. Қамоқдан озод этилганларнинг айримлари ишга ўрнаша олмай, яна жиноятга қўл уради.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка маълумот берган амалдорнинг айтишича, сўнгги бир неча ҳафта ичида жиноятчиликнинг кўпайганига амнистия омил бўлмаган. Сўнгги марта амнистия 2019 йилнинг декабрида эълон қилинган ва 528 маҳкум озод қилинган эди. Кўча жиноятчилиги эса кейинги бир ҳафта ичида кескин кўпайди.

Кузатувчилар жиноятларнинг кескин кўпайиши озиқ-овқат тақчиллиги ва қимматчилик ҳукм сураётган бир пайтга тўғри келганига эътибор қаратмоқдалар.

Озодлик радиоси сўнгги марта 20 апрель куни Тукрманистонда нон қимматлагани ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллашгани ортидан одамлар ярим кечадан бошлаб магазинлар олдида навбатга тураётгани ҳақида ёзган эди. Аммо полициянинг қатъий назорати остида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари навбатда турганларнинг барчасига етмай қолмоқда.

Ун етишмовчилиги оқибатида, давлат дўконларида аввал 2 манатдан сотилган нон икки ярим баробарга қимматлади ва 5 манатдан сотилмоқда (1 доллар 3,5 манат). Маҳаллий уннинг нархи эса 7 манатдан 9 манатга қимматлади.

XS
SM
MD
LG