Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

OzodDayjest: Сенат ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари кўпайиб кетгани юзасидан ҳукуматдан изоҳ сўради


Сенат йиғилишларидан бири.
Сенат йиғилишларидан бири.

Бош прокурор фуқарони аёвсиз калтаклаб ўлдирган ИИБ ходимлари ҳақида гапирди. Cардоба фожиасини ҳукумат эмас, парламент комиссияси тафтиш этиши керак. Жорий ҳафта матбуот каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Бош прокурор терговда кимлар қийноқ қўллашига ойдинлик киритди

Олий Мажлис Сенатининг 4-ялпи мажлисида қатнашган бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев тергов жараёнларида қийноққа солиш ҳолатлари ҳақида ҳам гапирди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди.

Унинг фикрича, қийноққа солиш ҳолатлари ўз касбида етарли малакага эга бўлмаган ходимлар томонидан содир этилади.

“Терговда қийноққа солиш бўйича қонун бузилиш ҳоллари ўз касбида етарли тажриба, малакага эга бўлмаган, савияси паст ходимлар томонидан содир этилишини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Улар қонуний йўл билан жиноятни фош қилиш йўлини билмагани учун шунга қўл уришади” деди у.

Н.Йўлдошев мисол сифатида жорий йил бошида Қашқадарё вилоятида рўй берган воқеани тилга олди.

“Чироқчи туманида туман ички ишлар бўлимининг икки нафар ходими – Жонқобилов ва Облаевлар ўғриликда гумон қилинган фуқарони ички ишлар биносида аёвсиз калтаклаб, шафқатсизларча тан жароҳати етказиб ўлдиришган. Оқибатда унинг 4 нафар фарзанди етим бўлиб қолди. Улар жазосини олади, лекин бу билан нима ўнгланиб қолади?” деган бош прокурор.

Эслатиб ўтамиз, шу йил январь ойида Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли фуқаро ИИБ биносида калтакланиб вафот этган эди. Шундан сўнг икки нафар ички ишлар ходими қамоққа олиниб, бир неча кундан кейин Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Самад Турдиев истеъфо берганди. Март ойига келиб, Чироқчи туман ИИБ бошлиғи ва унинг ўринбосарлари ишдан олинди. Ҳодиса юзасидан тергов тафсилотлари маълум эмас.

Депутат: Cардоба фожиасини ҳукумат эмас, парламент комиссияси тафтиш этиши керак

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Обиджон Латипов Сардобадаги фожианинг юзага келишига сабабчи бўлган омиллар ва тизимли муаммолар ҳақида сўз юритди (www.kun.uz, 14 май).

“Сардоба фожиаси жуда кўп, шу пайтгача бўлиб келган касаллик, иллатларнинг белгиси, тиббиёт тили билан айтганда, иситмаси, дейишимиз мумкин. У касаллик қанчалик чуқур илдиз отганлигини яққол исботлаб, кўрсатиб берган белги сифатида намоён бўлди” дейди О.Латипов.

У Сардоба фожиаси халқ бойлиги талон-торож қилинган ҳолатларнинг кўп эканини кўрсатиб берганини қайд этар экан, халқ ишончини оқламаган мансабдорлардан тезроқ воз кечиш лозимлигини урғулаган.

Депутат фожиа сабабларини ўрганиш учун ҳукумат эмас, балки парламент комиссияси тузилиши лозимлигини таъкидлаган ва Юнусободдаги метро қурилишида рўй берган фожиа ортидан тузилган комиссия фаолиятини ёдган олган.

“Юнусободдаги фожиа бўйича ҳукумат комиссияси иши қандай эканлигига шу пайтгача баҳо бера олганимиз йўқ. Чунки очиқликни кўрмадик ва бу иккинчи шубҳани туғдирадики, бу жараёнда ҳам ҳукумат комиссияси қанчалик самарали ишлаши мавҳумлигича қолади” деган у.

Сенат: Ҳокимларнинг ноқонуний қарорлари кўпаймоқда

Олий Мажлис Сенати ҳокимларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ қарорлар қабул қилиниши ҳолатини ўрганди (www.xabar.uz, 11 май).

Таҳлилларга кўра, биргина 2019 йилнинг ўзида ҳокимларнинг 3400 дан ортиқ қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

Туман, шаҳар ҳокимлари ваколатга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда бино-иншоотларни балансга олиш ва ер ажратиш юзасидан қарорлар қабул қилган.

Сенат хулосасига кўра, мулкдорларнинг мулки мусодара қилиниши ҳақида огоҳлантиришнинг олти ойлик муддатига риоя қилмаслик, компенсация маблағларини тўламай ёки қиймати бўйича тенг мол-мулкни тақдим этмай мажбуран чиқариб юбориш одатий ҳолга айланган. Мавжуд қонунбузарлик ҳолати юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан ўз вақтида эътибор берилмаган.

Таъкидланишича, маҳаллий ҳокимият органлари вакилларининг мулк эгаларига кўп ҳолатда қўпол муносабатда бўлиши аҳолининг ижтимоий кайфиятига путур етказмоқда. Шунга асосан, мазкур масала юзасидан Сенатнинг бош вазирга парламент сўрови юбориш бўйича қарори қабул қилинди.

XS
SM
MD
LG