Буюк Британия прокурорлари, бу давлатда музлатилган Гулнора Каримовага оид қарийб 29 млн. долларлик кўчмас мулк ишини якунлаш учун уни Ўзбекистондаги қамоқхонага бориб кўришига тўғри келиши мумкин.
Бу ҳақда Bloomberg нашри 26 июнь куни чоп этилган "Буюк Британиядаги 22 миллион фунтлик қаср эгаси қидируви Ўзбекистон қамоқхонасига элтмоқда" номли мақоласида ёзди.
Шу кунга қадар Швейцариялик терговчиларнинг Г. Каримова билан қамоқда учрашишига рухсат берилган.
Швейцариядаги хусусий адвокати Грегуар Манжа ҳам у билан бир неча марта панжара ортида кўришгани, аммо сўнгги пайтларда рухсат берилмаётганини билдирган.
Bloomberg нашри чоп этган мақолада айтилишича, 26 июнь куни Лондон суди Гулнора Каримованинг бу давлатда музлатилган 23 миллион фунт стерлинг қийматидаги (қарийб 29 минг АҚШ доллари) мулкини музлатиш қарори муддатини узайтирган.
Ўта йирик миқдордаги фирибгарликларга қарши кураш офиси (The Serious Fraud Office - SFO) Гулнора Каримова ва унинг собиқ эри Рустам Мадумаровларнинг Британиядаги кўчмас мулклари Ўзбекистондаги коррупцион схемалар орқали топилган пулларга олингани даъвоси билан уларни мусодара қилишни сўраб, 2018 йил октябрида мамлакат Юқори судига мурожаат қилган эди.
SFO идорасига таяниб Bloomberg нашри берган хабарда айтилишича, Г. Каримова ва унинг бу иш доирасида гумон қилинаётган шериги Рустам Мадумаров Ўзбекистонда қамоқда бўлгани учун, суд қарори чиққанидан 3 йил ўтган бўлса-да, ҳануз уларга қарорни етказишнинг имкони бўлмаган.
Мақолада ёзилишича, Лондондаги прокурорларнинг Ўзбекистонга сафарини коронавирус пандемияси ҳам кечиктирган ва эндиликда улар, Ўзбекистон Бош прокуратураси ёрдам беришига умид билдирган.
SFO 2019 йилнинг 13 декабрь куни даъво қилинаëтган кўчмас мулкка оид тафсилотларни жамоатчиликка очиқлаганди.
Музлатилган мулклар - Лондон ғарбида жойлашган 18 миллион фунт қийматга эга қаср, Букингем саройи яқинида жойлашган 3,7 миллион фунт нархдаги уй ҳамда Лондоннинг энг қимматбаҳо районларидан бирида жойлашган 1 миллион фунт нархдаги квартирадир.
Даъво қилинаëтган бу уйларнинг эгалари, расмий маълумотга кўра, Гулнора Каримова, Рустам Мадумаров, Ислом Каримов (Каримованинг Лондонда яшаëтган ўғли), Британия Виржин оролларида рўйхатга олинган PORCHESTER INDUSTRIES LIMITED, OREGON GROUP LIMITED, RAWTENSTALL INTERNATIONAL LIMITED ширкатларидир.
Британия прокурорлари Г. Каримова 2004 – 2012 йилларда қатор халқаро телекоммуникация ширкатларидан 500 миллион доллар миқдорда пора олганини гумон қилмоқда.
Айбловга кўра, бунинг эвазига Каримова ушбу ширкатларга мамлакатнинг телекоммуникация бозорига йўл очиб берган, пулни эса ўзи ва шерикларига тегишли офшор ширкатларга ўтказган.
Жорий ҳафтада бўлиб ўтган суд эшитувларида Г. Каримова ҳимояси томонидан ўз ўғли - Ислом Каримов қатнашган. Унинг адвокати Ҳюго Кейт Лондондаги кўчмас мулкни музлатиш қарори узайтирилганига эътироз билдирмаган.
Кейт ўз ҳимоясидаги Ислом Каримов, онаси бу мулкларни қонуний йўл билан харид қилганига ишониши, аммо буни исботлаб бериш учун онаси билан тўғридан-тўғри алоқа зарур, деб ҳисоблашини билдирган.
Гулнора Каримованинг Швейцариядаги хусусий адвокати Грегуар Манжа (Grégoire Mangeat) ўз ҳимояланувчисининг қизи Имонга онаси билан икки марта – 2019 йилнинг 9 июль ва 22 август кунлари дераза ортидан кўришишига рухсат берилганини билдирган. Ўғли Ислом эса, онасини 2014 йилдан бери бирор марта кўрмаган.
Айни пайтда, кичик Ислом Каримовнинг ўзига ҳеч қандай айблов қўйилмаган.
Кейтга кўра, мижози 19 ёшлигида Каримовлар оиласи уни юқорида тилга олинган мулкларнинг ҳужжатларда қайд этилган эгаси (straw owner) этиб белгилаган.
Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи 48 ёшли Гулнора Каримова давлат мол-мулкини ўзлаштириш, солиқ тўлашдан бош тортиш ва бошқа қатор иқтисодий-молиявий жиноятларда айбдор, деб топилган.
Бош прокуратура Каримованинг давлат ва одамларга келтирган зарари 1 трлн. 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн АҚШ доллари, 26,1 млн евро миқдорида деб баҳолаган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан қатор оғир жиноятларда айбланган 48 яшар Гулнора Каримова махвий суд ҳукми билан ҳозирда Зангиота колониясида қамоқ жазоси ўтамоқда.
Шу йилнинг 18 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримова ва “у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзолари” устидан суд ҳукм чиқарган, Гулнорага 13 йил 4 ойлик қамоқ жазоси тайинлаган.
“Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди”, дейилганди расмий баëнотда.
Каримова дунëнинг ўндан ошиқ давлатида очилган жиноят ишларининг бош фигурантидир. Каримованинг қатор Ғарб давлатлари¸ хусусан¸ АҚШ¸ Швейцария¸ Швеция¸ Ҳолландия¸ Франция ва айрим Болтиқбўйи давлатларидаги кўчмас мулклари ва юзлаб миллион долларлари бу жиноят ишлари доирасида музлатиб қўйилган.
Бу мулк ва пулларга Гулнора Каримованинг ўзининг коррупцион схемаларидан азият чекканини айтаëтган қатор давлатлар даъвогарлик қилмоқда.
Мирзиëев ҳукумати уч йилдан бери Гулнора Каримованинг хориждаги пуллари Ўзбекистон халқидан ўғирланган бойликлар эканини айтиб¸ уларни ўзига қайтаришни сўраб келаëтган бўлса-да¸ ҳозирча бу сўровнинг кичик қисмигина қондирилди.
Хусусан¸ 2019 йилнинг 24 июнь куни Швейцария Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг Швейцария банкларида музлатиб қўйилган 850 миллион долларлик пулининг 133 миллионини Ўзбекистонга қайтарилишини маълум қилди.