Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:18

Чилонзорда COVID-19 га чалиниб, иситмалаб ётган бемор "Тез ёрдам"ни бир ҳафта кутди


Тошкентнинг Чилонзор туманида COVID-19 га чалиниб, иситмаси тушмаётган бемори бор оила "Тез ёрдам" хизматини бир ҳафта кутди.

Уй бекасининг Озодликка айтишича, эри 30 июнь куни иситмалай бошлаган ва 5 июль куни, ўзи бориб, хусусий тартибда таҳлил топширганида, коронавирусга чалингани аниқланган.

Аёлга кўра, эри иситмалай бошлаши биланоқ такрор-такрор мурожаатларига қарамай, "Тез ёрдам" машинаси уйига келмаган. Фақат 6 июль оқшомига келиб эри шифохонага олиб кетилган.

Озодлик бу аёл мурожаати билан шуғулланишни 6 июль, куннинг биринчи ярмида бошлаган ва бу аснода Санитария-эпидемиология агентлигининг Чилонзор туман бўлими раҳбари Гулноза Мирзаева суҳбатлашган эди.

Тошкентнинг Чилонзор туманидан Озодликка боғланган аёл, турмуш ўртоғи 30 июнь куни иситмалаб ётиб қолгани ва бир неча кундан сўнг, ўзи рўйхатга олинган поликлиникага бориб, таҳлил топширганини айтди.

Аёлнинг айтишича, таҳлил натижаси ижобий чиққан ва 5 июль куни турмуш ўртоғига COVID-19 инфекцияси юққани аниқланган.

(Бу аёл ўзи ва турмуш ўртоғи шахсига оид маълумотларни жамоатчиликка очиқламасликни сўради.)

Озодликка бу аёл тақдим қилган тиббий маълумотнома “Мудофаа вазирлиги қошидаги Санитария-эпидемиология назорати марказининг ўта хавфли инфекцион касалликларни аниқлаш лабораторияси”дан берилган ва унда беморда 2019-nCoV аниқлангани айтилган.

Чилонзорлик аёл, бу маълумотномани олганидан сўнг 1 сутка давомида 1003 телефон рақамига такрор ва такрор қўнғироқ қилгани, аммо "Тез ёрдам" хизмати уйига келмаганини айтди:

- Уларга телефон қилсак, СЭСга (Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги – таҳр.) телефон қилинг, деди. СЭСни 6 та телефон рақамини беришган, бирортасини бирорта одам кўтармади. Яна қайтариб, 1003 рақамига қилсам, сиздаги натижа республика СЭС ни якуний тасдиғидан ўтмаса, биз ҳеч нарса қилолмаймиз, бизнинг ваколатимизда эмас, деди. Хўжайинимнинг иссиғи бир ҳафтадан бери 38дан тушмаяпти. Мен ҳам кечадан иситмалашни бошладим. Уйда иккимиздан бошқа ҳеч ким йўқ, бошқаларга юқмасин, деб кўчага ҳам чиқмай ўтирибмиз. Наҳотки, тиббий ёрдам келиши шунча қийин бўлса?!

Қуйида шахсини сир сақлаган бу аёл билан 6 июль тушда, турмуш ўртоғи шифохонага олиб кетилмасидан аввал, қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:19 0:00
Бевосита линк

Озодлик мухбири бу аёл тақдим қилган қуйидаги телефон рақамларига 6 июль кун ярмигача бирма-бир, бир неча маротабадан қўнғироқ қилди:

+998 71 276 4665; +998 71 276 4966; +998 71 248 5747; +998 71 248 4468; +998 71 266 6027; +998 71 233 8561;

Ҳақиқатан ҳам юқоридаги телефонларга боғланиш имкони бўлмади, аксар телефон рақамлари автоматик равишда факсга уланди.

Озодлик мухбири Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлигининг Чилонзор тумани бўлинмаси раҳбари Гулноза Мирзаевага мобил телефони орқали боғланишга мувафақ бўлди.

Мирзаева юқорида тилга олинган рақамларнинг бирортаси унинг бўлинмасига тегишли эмаслиги, унинг хизмати +998 71 278 5078; +998 71 278 3830 рақамлари орқали куну тун хизмат кўрсатаётганини таъкидлади.

Г. Мирзаеванинг айтишича, белгиланган тартибга биноан, ўзида коронавирус инфекцияси аломатлари: иситма, йўтал, ҳолсизлик, бурун оқиши ва ҳоказо белгиларни сезганлар 1003-рақами орқали "Тез ёрдам" хизмати ёки яшаш манзили орқали рўйхатга олинган поликлиникасига мурожаат қилади:

“Бизга поликлиника ёки "Тез ёрдам" хизмати заявка беради. Биз бу заявка билан уйига бориб, таҳлил намуналарини оламиз".

Мулозимнинг қўшимча қилишича, COVID-19 учун мустақил равишда таҳлил топширганлар Санитария-эпидемиология агентлиги республика лабораториясидан якуний тасдиқни кутиши лозим. Бунинг учун 1 суткадан 3 суткага қадар вақт керак бўлиши мумкин.

Мулозимга кўра, битта таҳлил намунаси 3 марта тест қилинади:

"Биринчи марта Хитойдан келтирилган тест тизими, кейин Россиядан олинган тест тизими, охиргиси Германиядан олинган тест тизими. Учинчисида ҳам позитив натижа чиққанидан кейин, беморнинг уйига "Тез ёрдам" бориб, уни госпитализация қилади".

Г. Мирзаева Озодлик мухбири билан 6 июль тушдаги микрофонсиз суҳбатда, Чилонзор туманидаги оила тақдиридан хабардорлиги, бу ҳақда "Тез ёрдам" хизматига махсус маълумотнома бергани ва мулоқотдан кейиноқ, COVID-19 беморини дарҳол шифохонага ётқизилиши учун яна барча чораларни қўллашини айтди.

Шу ўринда Гулноза Мирзаева, беморлар сони кундан-кунга ошиб бораётганини таъкидлади ва аҳолини ҳозирги вазиятни тўғри тушуниб, тўғри қабул қилишга чақирди:

"Битта нарсани тўғри тушуниш керак – ҳозир клиникаси бўлмаганлар (COVID-19 инфекцияси аломатларини сезмаганлар – таҳр.) ҳам уйига чақиртиряпти. Менинг СЭСимда 3 та машина бор. Биз "Мени анализ қилиб қўйинг", деб уйига чақирганларнинг ҳаммасига боришга ҳам жисмонан улгуролмаймиз. Бизнинг асосий қиладиган ишимиз, айнан клиникаси бор, симптоматикаси борлар билан”.

Г. Мирзаевага кўра, шу кунда унинг бўлинмасига кунига ўртача 50-70 та атрофида мурожаат тушмоқда. Айтишича, Ўзбекистонда карантин эълон қилинганидан кейин дастлабки ойларда бу миқдор 20-30 тани ташкил қилган.

Озодлик мухбирининг “3 та хизмат машинаси билан бир кунда 50 - 60 та манзилга бориб, таҳлил олишга жисмонан улгуряпсизми?” деган саволига мулозим шундай жавоб берди:

“Эплаяпмиз, ҳаракат қиляпмиз. Навбатчи қизларимиз кечаси соат 1 да кириб келяпти. Ҳали бу таҳлил натижаларини лаборатория қабул қилиши ҳам бор. Кечаси соат 1 дан кейин лаборатория қабул қилмайди. Улар охирги постановкасини кечаси соат 10да қўяди. Кейин уни кутиш керак. Шунинг учун ҳозир масала қўйиляпти - туман СЭСларига ҳам ПЦР аппаратларини (COVID-19 вирусини аниқлайдиган қурилмалар - таҳр.)бериш ҳақида”.

Гарчи бу мулозим мавжуд ресурс ва ходимлар етишмовчилиги кузатилаётгани ҳақида гапирмаган бўлса-да, Чилонзор тумани мисолида берилган бир кунлик рақамларнинг ўзиёқ СЭС ходимлари катта босим остида ишлаётгани ва айни пайтда, коронавирусни аниқловчи тест тизимлари ҳам чекланганини кўрсатмоқда:

  • Бир суткада ўртача 60 та чақирув бўлса, СЭСга қарашли 3 та хизмат машинасининг ҳар бири бир кунда ўртача 20 тагача манзилга бориши мумкин.
  • Туну кун узлуксиз ишлаган тақдирда, 1 та гуруҳ 1 та хонадон учун 1 соату 20 дақиқа вақт ажрата олиши мумкин. Бу орада йўлга кетадиган вақт, бу ходимларнинг нонушта, тушлик ва оқшомги емак вақти ҳам бор.
  • Бундан ташқари, СЭС ходимлари биринчи навбатда касаллик белгилари аниқ ва кучли кўринган беморлардан таҳлил намуналарини олмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6 июль соат 17:00да берган маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганларнинг 72 нафари, 5 июль куни эса 84 нафари аҳоли орасида аниқланган.

Вазирлик 6 июль куни вируснинг аҳоли орасида ортиб бораётгани қайд этилган алоҳида баёнотни эълон қилди ва унга Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасидан олинган видеолавҳани илова қилди:

Сўнгги расмий маълумотда айтилишича, шу кунда мамлакат бўйлаб 3524 бемор шифохоналарда қолмоқда, улардан 285 нафари ўрта оғир, 25 нафари оғир, 8 нафари эса ўта оғир аҳволда.

XS
SM
MD
LG