Эрон уриб туширилган украин йўловчи учоғининг қора қутисини Францияга юборганини билдирди.
«Украина халқаро ҳаво йўллари» авиаширкатининг Теҳрон-Киев йўналишидаги PS752 рейси билан 8 январь куни Теҳрон аэропортидан парвоз қилган самолёт кўп ўтмай Эрон ҳарбийлари отган ракета туфайли қулаб тушган эди. Натижада 176 нафар одам нобуд бўлди.
Etemad газетасининг хабар беришича, Эрон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Муҳсин Баҳорванд учоқ қора қутиси Парижга юборилганини, уни расшифровка қилиш жараёни 20 июль кун бошланишини айтган.
Бошида Эрон расмийлари учоқни ракета уриб туширганини рад этишди.
11 январь куни эса Эрон армияси учоқ «ғайриихтиёрий» равишда уриб туширилганини тан олди.
Расмийлар учоқ ҳарбийлар хатоси билан уриб туширилганини тан олганидан кейин Эрон бўйлаб норозилик намойишлари бошланиб кетди.
Эрон расмийлари яқинда эълон қилган ҳисоботда ҳарбийлар ўртасидаги тушунмовчилик ҳамда нотўғри созланган ракета фожиага сабаб бўлгани эътироф этилди.
Учоқ уриб туширилганидан бери Канада ва Украина Теҳрондан учоқ қора қутисини хорижга анализ учун юборишни талаб қилиб келаётган эди.