Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:10

OzodDayjest: Олий суд собиқ ходими жасади чамадондан топилди. Уни ўлдирганликда гумонланган юқори лавозимли шифокор қўлга олинди


Олий суд собиқ ходимининг жасади мана шу чамадон ичидан тоиплган эди.
Олий суд собиқ ходимининг жасади мана шу чамадон ичидан тоиплган эди.

Жасади чамадон ичидан топилган фуқаронинг ўлимига доир янги тафсилотлар маълум бўлди. 15 августдан бошлаб Ўзбекистонда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Актёр Алишер Узоқовнинг шахсий саҳифаси ҳакерларга ҳужумига учради. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Чамадондаги жасад: Олий суд собиқ ходими шифокор томонидан ўлдирилгани тахмин қилинмоқда

Жасади чамадон ичидан топилган фуқаронинг ўлимига доир янги тафсилотлар маълум бўлди (www.gazeta.uz, 12 август).

Аввалроқ Тошкент вилояти Қибрай туманида саёҳат чамадонидан мурда топилгани, жасад 1968 йилда туғилган, пойтахтнинг Яккасарой туманида истиқомат қилиб келган Ш. Очилов бўлиб чиққани, марҳум илгари Ўзбекистон Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани хабар берилган эди.

Бош прокуратура ҳолат бўйича икки киши гумонланиб ҳибс олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, Олий суднинг собиқ ходими жорий йил 7 август куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги (РШТЁИМ) таниши Р.Х.нинг олдига борган.

Шифокор Р.Х. Ш. Очилов қабулга келганидан фойдаланиб, уни бўш хонага олиб кириб тиббиёт кушеткасига ётқизган ва бошига тўмтоқ қаттиқ жисм билан урган, сўнг бўғиб ўлдирган.

Жиноятни яшириш мақсадида жасадни ўз йўл чамадонига жойлаштирган ва таниши А.М. (тошкентлик, вақтинча ишсиз) билан Қибрай туманидаги Бўзсув каналига ташлаб кетган.

Тергов идораси қотиллик содир этилишига Очилов томонидан шифокорнинг оиласи ва фарзандларига таҳдид қилингани, шунингдек, рашк каби мотивларни кўриб чиқмоқда.

Қотилликда айбланиб ҳибсга олинган Р.Х. 2009 йилдан буён РШТЁИМда раҳбар лавозимда ишлаб келган. Тергов давомида суд-тиббиёт, суд-биологик, дактилоскопик ва суд-кимёвий экспертизалар ўтказилиши кўзда тутилган.

Блогер карантин чоралари юмшатилиши сабабини очиқлади

Карантин чораларининг бу галги юмшатилиши аввалги юмшатишлардан фарқли ўлароқ – умумий эпидемиологик вазиятнинг яхшиланиши билан боғлиқ эмас, деб ҳисоблайди Телеграмдаги Davletov.uz канали.

Қайд этилишича, охирги бир ойда тўпланган тажриба, Тошкентда ва ҳудудларда яратилган вақтинчалик тақсимлаш, диагностика ва даволаш муассасаларидаги койкалар сони, кризис вазиятни сал-пал бўлса-да бошқариш ўрганилгани карантинни юмшатишга асосий туртки бўлган.

“Агар расмий статистикага ишониладиган бўлса, кунлик вирус юқтиришлар сони, ўлимлар сони, оғир ва ўта оғир аҳволда бўлган беморлар сони карантинни юмшатишга ҳали вақт борлигини кўрсатади. Эпидемиологик вазият ҳали барқарорлашгани йўқ”, - деб ёзади блогер Қобилжон Хидиров.

Таъкидланишича, 15 августдан карантин чекловлари юмшатилаётгани мамлакат “шу шароитда ишлаш ва яшашни ўрганишимиз керак” принципига ўтаётганини кўрсатади.

“Қолгани ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати сифатида қабул қилинади”, - деб хулоса ясайди блогер.

Эслатиб ўтамиз, 15 августдан бошлаб Ўзбекистонда карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилмоқда.

Ҳакерлар таниқли актёрнинг Инстаграмдаги саҳифасига ўғринча кирди

11 август куни таниқли актёр Алишер Узоқовнинг Инстаграмдаги саҳифасида ҳакерлар ҳужумига учради (www.daryo.uz, 11 август).

Ҳакерлар актёрнинг онаси автоҳалокатга учраб ўта оғир аҳволда ётгани ҳақида сохта хабар жойлаган. Мухлислардан актёр онасининг операцияси учун 240 минг доллар ёрдам сўралган. Кейин маълум бўлишича, актёр IT мутахассиси кўмагида ўз саҳифасини яна қайтариб олган ҳамда видеомурожаат йўллаб, онасининг соғ-саломат эканини маълум қилган.

“Эй ҳакер жаноблари, сизга Аллоҳдан инсоф тилайман!” - деган Инстаграмда 2,3 миллион обуначига эга актёр.

Алишер Узоқов атоқли ҳофиз Маъмуржон Узоқовнинг набираси. Ҳакер томонидан “ўлди”га чиқарилган онаси Шоҳида Узоқова ҳам таниқли актриса саналади.

36 ёшли санъаткор кино ва театрдаги роллари билан тилга тушган.

XS
SM
MD
LG