Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:24

Аравонда сайловда рақобатлашаётган партияларнинг тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилди (ВИДЕО)


Аравондаги муштлашув видеосидан скриншот.
Аравондаги муштлашув видеосидан скриншот.

Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туманида парламент сайлови арафасида олиб борилаётган тарғибот пайтида икки рақобатчи партия тарафдорлари ўртасида оммавий муштлашув содир этилди.

20 сентябрь куни бўлган ҳодисада 12 одам касалхонага тушган. Бир кишининг ахволи оғир экани айтилмоқда. Милиция мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговни бошлади.

Қирғизистонда парламент сайловлари 4 октябрда ўтказилади. Бу сайловда 16 партия парламентдаги 120 ўрин учун курашмоқда.

20 сентябрь куни Ўш вилоятининг Аравон туманида содир бўлган воқеа юзасидан 21 сентябрь куни "Мекеним Киргизстан" (“Ватаним Қирғизистон”) ва "Биримдик" (“Бирдамлик”) партияси расмий баёнот тарқатади.

"Мекеним Киргизстан" партияси баёнотида айтилишича, 20 сентябрь куни партия номзоди Илҳом Маннонов Аравон туманида маҳаллий аҳоли билан учрашув ўтказган. Учрашув пайтида “провокаторлар жанжал чиқарган”.

Партия муштлашув ортидан ўзининг бир неча тарафдори касалхонага ётқизилганинини таъкидлаган. Уларнинг бири Ўш ҳудудий касалхонасида оғир аҳволда. Мазкур партия ўз билдирувида провокаторлар кимлар эканини очиқламаган.

"Биримдик" партияси баёнотида “провокаторлар қонуний жавобгарликка тортилиши шарт экани” қайд этилади. Партия ҳуқуқ-тартибот органлари тез кунда оммавий муштлашув айбдорларни топишига ишонишини ёзган.

20 сентябрь куни кечга яқин Аравон туманининг Юсупов қишлоқ ҳукуматига қарашли Аравон қишлоғида "Мекеним Киргизстан" партияси ташвиқот ишларини олиб бораётганида оммавий муштлашув юз берган эди.

Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаевнинг айтишича, жанжалда беш автомашина ҳам вайрон қилинган.

Аравон туман милицияси воқеа юзасидан дастлабки терговни бошлаган.

- Ўн бир одам Аравон туман касалхонасига, бир одам Ўш шаҳар касалхонасига мурожаат қилган. Бугунги кунда ўша жанжални чиқарган ўнга яқин фуқаро қўлга олиниб, сўроқ беряпти. Бундан ташқари жанжалга қатнашган 12 одам ҳам касалхонадан чиққанидан сўнг терговга чақиртирилади. Жанжал “Мененим Киргизстан” партиясидан депутатликка номзод бошқа партиядан бўлган номзодни қоралай бошлагани ортидан келиб чиққан. Қораланаётган номзоднинг ҳамшаҳарлари ва қариндошлари бу танқидни нотўғри қабул қилиши оқибатида жанжал чиққани бизга маълум,- деди Жениш Аширбаев.

21 сентябрь куни Қирғизистон Бош вазири Қубатбек Бўрўнов Ички ишлар вазирлигига Ўш вилояти Аравон туманида икки партия вакиллари ўртасида чиққан жанжални тез орада тергов қилишни топширди.

Марказий сайлов комиссияси эълон қилган номзодлар рўйхатидан маълум бўлишича, Аравон туманидан “Биримдик” партиясидан Юсупов қишлоқ ҳукуматининг раҳбари Шукурулло Файзуллаев депутатликка номзод қилиб кўрсатилган.

Файзулаев мазкур қишлоқ ҳукуматини 14 йилдан бери бошқариб келади.

Муштлашув айнан мана шу номзод шаънига айтилган гаплар ортидан келиб чиққани таҳмин қилинмоқда.

Илҳом Маннонов эса турли йилларда Ўзган, Аравон, Новқат туман Ички ишлар бўлимларини бошқарган. 2015 йили Социал-демократлар партиясидан парламент депутатлигига сайланган.

Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари 2020 йил 4 октябрда бўлиб ўтади. Унда 16 та партия иштирок этади.

XS
SM
MD
LG