Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:01

Ургутдаги тўйда олтмишдан ортиқ одам заҳарланди


Ўзбекистонда тўйларда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.
Ўзбекистонда тўйларда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.

Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги тўйда иштирок этган олтмишдан зиёд меҳмон овқатдан заҳарланиш белгилари билан шифохонага ётқизилди.

Туманнинг "Ўроқбойжар" қишлоғида 21 сентябр куни бўлган суннат тўйида заҳарлангани айтилаётганлар орасида тўй эгаси ва унинг ўғли ҳам бор.

Ургут тумани Тиббиёт бирлашмаси врачи 22 сентябр куни 66 одам заҳарланишдан шикоят қилиб мурожаат қилганини Озодликка тасдиқлади.

Врачга кўра, туман касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига ётқизилган беморлардан ўттиздан ортиғига уйларига кетишга рухсат берилган.

Ургут туман Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси заҳарланиш тўйда тортилган майонезли салатдан бўлгани таҳмин қилинаётганини айтди.

Мутахассисга кўра, тўйда тортилган барча озиқ-овқатлар ва беморлардан олинган биологик намуналар текшириш учун Тошкентдаги лабораторияга юборилган.

Ургут туманидаги оммавий заҳарланиш коронавирус пандемияси шароитида тўйларни ўттиз кишидан ошмаган тартибда ўтказиш талаб этилаётган бир пайтда рўй берди.

22 сентябр куни Ургут туманининг "Ўроқбойжар" қишлоғида бўлган суннат тўйида юздан ортиқ меҳмон қатнашган.

Базмда қатнашганлардан бири Озодликка тўйнинг эртасига ҳолсизлик, кўнгил айниши, ич кетиши каби белгилар билан шифохонага мурожаат қилганини айтди:

- Тўйда тортилган майонезли салатдан, деб гумон қилишяпти. Ичида колбасаси бор салат. Ким шу салатни еган бўлса заҳарланган.

Тўй эгаси (унинг илтимосига кўра исмини очиқланмаяпти.) Озодликка айтишича, суннат тўйи ўз ҳовлисида ўтказилган, таомларни маҳалланинг ошпази тайёрлаган.

- Тўйда чучвара тортилди, ош тортилди. Маҳалламизни ошпази тайёрлади. Ҳозир кун иссиқ, овқат тез айнийди. Атайлаб қилмайдику буни. Мана мени ўзим ҳам ётибман, ўғлим ҳам ётибмиз. Система қуйишди, ҳозир анча яхшимиз.

Ургут тумани Тиббиёт бирлашмаси врачининг Озодликка айтишича, 22 сентябр куни 66 одам заҳарланишдан шикоят қилиб, мурожаат қилган.

- Овқат токсикоинфекцияси ташхиси билан 66 бемор мурожаат қилди. Ҳаммасини аҳволи яхши, ҳозир ўттизтачаси касалхонада, қолганига уйларига руҳсат берилди.

Ургут туман Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси 24 сентябр куни Озодликка тўйда тортиқ қилинган озиқ-овқатлар ва беморлардан олинган биологик намуналар текшириш учун Тошкентдаги лабораторияга юборилганини билдирди.

Унинг айтишича, одамлар тўйда тортилган майонезли салатдан заҳарланган бўлиши таҳмин қилинмоқда.

- Ҳамма овқатдан намуналар олинди, Тошкентга жўнатганмиз. Баъзи овқатларни еб бўлишган. Туман ички ишлар булими ва прокуратураси ҳам текшириш қиляпти. Бизни таҳминимизга кўра майонезли салатдан заҳарланиш бўлган бўлиши мумкин. Чунки шу салатни ким еган бўлса кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиш бўлган.

Ургут туманидаги оммавий заҳарланиш коронавирус пандемияси шароитида тўй қатнашчилари ўттиз кишидан ошмаслиги талаб этилаётган бир пайтда рўй берди.

- Бизга маълум бўлишича, "Ўроқбойжар" ​қишлоғидаги тўйда юздан ошиқ одам қатнашган. Тўй эгаси оммавий тадбирларни ўтказиш тартибини ҳам бузган, - дейди Ургут туман Санитария-эпидемиология назорат маркази мутахассиси.

Карантин тартибини бузиб тўй қилганлар Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси, яъни "Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш" бўйича 2 млн. сўмдан 6 млн. сўмгача жаримага тортилишлари мумкин.

Ўзбекистонда тўйларда овқатдан оммавий заҳарланиш ҳолатлари учраб туради.

Бир йил аввал сентябр ойида Наманган вилоятининг Чуст туманидаги қиз базмида элликдан ортиқ, 2019 йилнинг октябр ойида Қашқадарёнинг Қарши шаҳридаги тўйда 74 одам, ўша йилнинг март ойида эса Тошкент вилоятининг Бекобод туманидаги тўйда 55 киши заҳарлангани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Чустдаги холатда тўй қилинган хонадонда икки юздан ортиқ кишига овқат қилиш учун умуман шароит бўлмагани, ошпаз эса тиббий кўрикдан ўтмагани, ушбу фаолият учун тегишли рухсатнома олмагани аниқланган эди.

Санитария-эпидемия талабларини бузганлиги учун тўй эгасига нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, энг кам иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жарима солинганди.

XS
SM
MD
LG