Қирғизистонда парламент сайловида иштирок этган 12 партия лидерлари Марказий сайлов комиссиясидан сайлов натижаларини бекор қилиш талаб қилинган ҳужжатни имзолаганлар. Бу ҳақда Бишкек марказий майдонида 5 октябрь куни бўлиб ўтган митингда “Республика” партияси вакили Мирлан Жеенчўрўев маълум қилди.
Унинг айтишича, мазкур ҳужжатни имзолаганлар орасида 7 фоизли тўсиқдан ўтган “Бутун Қирғизстан” партияси ҳам бор.
“Ата Мекен” партияси вакили Жанарбек Ақаев МСК мазкур талабнома бўйича ярим тунгача қарор қабул қилиши кераклигини билдирди.
Митинг чоғида сўзга чиққан нотиқлардан бир қанчаси президент Сўўрўнбай Жээнбековнинг истеъфосини талаб қилишди. Уларга кўра, Жээнбеков “адолатсиз” ўтган сайловлар учун жавобгардир.
Аввалроқ МСК сайлов натижаларини бекор қилиш ва қайта сайлов кунини белгилаш учун асос йўқлигини билдирган.
Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида 16 та партия иштирок этган. Дастлабки маълумотларга кўра, парламентга 4 партиягина ўтган. Улар “Биримдик” (24,5 фоиз), “Мекеним Қирғизстан” (23,88 фоиз), “Қирғизистон” (8,76 фоиз), “Бутун Қирғизстан” (7,13 фоиз) партияларидир.
Сайловда ютқазган партиялар сайловчилар овози ёппасига сотиб олгани ва маъмурий ресурсдан фойдаланилганини иддао қилмоқдалар.