Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:13

ОАВ: ССВ расмийси Зангиотадаги махсус шифохона ходимларига "қаматтираман" деб таҳдид қилди


Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов Зангиота туманидаги махсус шифохонани президентга тақдим қилмоқда, 29 май, 2020
Соғлиқни сақлаш вазири А. Шодмонов Зангиота туманидаги махсус шифохонани президентга тақдим қилмоқда, 29 май, 2020

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) мулозими, Зангиота туманида коронавирус беморлари учун қурилган шифохона ходимларини ўз ишига масъулиятсизлик, ўғирликда айблагани қайд этилган аудиоёзув тарқалди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, аудиода ССВ вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаевнинг овози қайд этилган ва буни ССВ матбуот хизмати тасдиқлаган.

Шунингдек, ССВ матбуот хизмати, аудиода махсус шифохона учун ажратилаётган ресурслар ўғирланаётгани, беморлар кислород босими тушиб кетгани учун вафот этаётгани, дориларни эса ўзи сотиб олишга мажбур бўлаётгани ҳақида айтилган айбловларни ҳам "барчаси асосли эътирозлар ва тўғри талаблар", деб изоҳлаган.

50 дақиқалик аудиоёзувда ССВ мулозими, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги тиббий ходимлар ва шифокорларни ўз хизмат вазифасини бажармаслик, ўғирликда айблайди.

Сўнгра, бу ердаги шифокорлар устидан прокурорга арз қилиши, уларни "қаматтириши"ни айтиб, таҳдид қилади.

Қуйида ушбу аудиоёзувдан айнан кўчирилган баъзи жумлаларни ўқишингиз мумкин:

"20 йилдан бери врачларни қамоқдан қутқариб келганман, энди фикрим ўзгармоқда. Врачларни қамаш керак дейман, мен ўзим уларни қаматтираман, Зангиотадан бошлаймиз";

“Бир ойга битта шу клиникага 40 млрд [сўм] кетяпти, ўша 40 млрд.ни 90 фоизи сизларнинг (шифокорлар назарда тутиляпти) маошларинг”;

“Москвадан келган профессор айтяпти, касал 7-10 кун ётаркан, бельё [чойшаблар, ич кийим] бир марта ҳам алмаштирилмайди, деяпти, ҳеч бўлмаса 3 марта алмаштирилиши керак эмасми?”;

“Кислород давленияси тушиб кетаётгани учун ҳар куни бир нечта одам ўляпти”;

“Ишлатмасдан туриб ўғирлайди... Ҳаммаси ўғри буларнинг. Афсуски, бу факт”;

“Биттаям главврачни бўшатмайсиз... Ҳаммасини бўйнига қўйиб, ундан кейин нима қилиш кераклигини айтамиз”.

Маҳаллий нашрлар аудиоёзувни эълон қилмади, аммо ижтимоий тармоқларда қатор блогерлар айни жумлалар акс этган ва айнан ССВ мулозимига тегишли экани айтилган, 50 дақиқалик аудиони эълон қилди.

Kun.uz нашрининг хабар қилишича, ССВ матбуот котиби Фурқат Санаев аудиода Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Хаджибаевнинг овози қайд этилганини тасдиқлаган.

Матбуот котиби, мулозим нутқидаги таҳдид ва айбловларни "бироз муболаға ёки пўписа қилинган бўлиши мумкин", деб изоҳлаган:

"Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Абдуҳаким Мўминовичнинг сўзлари бироз асабий ва жаҳл аралашган туйилиши мумкин, лекин барчаси асосли эътирозлар ва тўғри талаблар. Ҳар бири беморлар тезроқ соғайиши ва халқимиз манфаати учун айтилган. Албатта, йиғилишда таъсирчанликни ошириш учун бироз муболаға ёки пўписа қилинган бўлиши мумкин, лекин бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор".

ССВ матбуот хизмати Озодлик саволларини мунтазам равишда жавобсиз қолдириб келмоқда.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги шифохона СOVID-19 беморларини даволаш учун махсус қурилган ва унинг бир қисми шу йилнинг 29 майида фойдаланишга топширилган эди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти мамлакатда коронавирус беморлари энг кўп қайд этилаётган икки йирик ҳудуд бўлиб қолмоқда. Беморларнинг катта қисми шу шифохонада даволанмоқда.

Шифохонада беморларга давлат томонидан бепул ажратилаётгани айтилган дори-дармонларнинг тўлиқ берилмаётгани, беморлар қиммат дориларни сотиб олишга мажбур бўлаётгани, бундан ташқари, хасталар вақтида муолажа қилинмаётгани ҳақида Озодликка ҳам кўплаб шикоятлар келган.

Айни муассасада ишлаётган шифокорлар эса, беморлар сони фавқулодда ошиб бораётгани, муассасада тиббий ходим ва шифокорлар сони етмаётагани, бепул дори-дармон таъминотида узилишлар бўлаётгани, шунингдек, уларга ваъда қилинган иш ҳақида ҳам берилмаётгани ҳақида шикоят қилишади.

ССВ мулозимининг таҳдидларига қараганда, эндиликда коронавирус беморларининг асосий қисмини даволаётган бу муассасада юзага келган комплекс муаммолар учун туну кун ишлаётган шифокорларнинг ўзлари айбланмоқда.

XS
SM
MD
LG