Сирдарё туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Нурали Мирзаев 2021 йил 14 июнь куни "ўз аризасига биноан" ишдан бўшади.
Шунингдек, Сирдарё туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Нозим Муротов ҳам 14 июнь куни ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзган.
“Улар ўз аризасига кўра вазифасидан озод қилинди ва бу уларга интизомий чора кўрилганини англатмайди” деди Озодликка Сирдарё вилоят ҳокимлигининг ўзини ходимлар бўлими вакили деб таништирган мулозими.
Аввалроқ Gazeta.uz нашри вилоят ҳокимлигига иқтибосан видеодаги амалдорлар билан "тушунтириш ишлари" олиб борилгани, уларни лавозимдан четлатишга қадар чоралар кўрилиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.
Ишдан бўшаган ёки бўшатилган икки мулозимнинг ресторанда ярим-яланғоч раққосаларга пул қистираётгани акс этган видеолавҳа ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинди.
"Аҳлоқ қўриқчиси"га айланган тармоқ босими
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Гулистон ҳудудий филиалининг исми айтилишини истамаган ўқитувчисининг Озодликка айтишича¸ “мулозимлар тармоқда ўзидан аҳлоқ қўриқчиси ясаб олганлар тарафидан виртуал сазойи қилинган ва бу компания таъсирида икки маҳаллий раҳбарга босим қилинган”.
“Ишдан кейин ресторанда раққосага пул қистирган мулозим учун қонунда чеклов йўқ. Ўз ойлигидан қистирибди. Дресс-код деб аталадиган хизмат чоғида ўзини тутиш йўриқномасида ҳам бу чеклов йўқ. Бу раҳбарлар ўз вазифаларини адо қилиб бўлиб, ресторанда дам олишга ҳаққи бор. Ўзбекистонда араб тангоси ëки балет тақиқланмаган. Ишдан бўшаган Мирзаевни шахсан танийман. Сирдарë тумани ободончилиги борасидаги ишлари таҳсинга лойиқ. Ғайратга тўлган раҳбар бир йил бурун палон ресторанда ўтирдинг, деган босим остида қолиб ариза ëзди. Давлат бошқаруви ижтимоий тармоқ таъсирига тушиб талантли кадрлардан жудо бўлиши заифлик аломати. Мен бу борада ўз дарсимда ҳам айтаман”, деди гулистонлик ўқитувчи.
Чехиядаги Боҳемия университети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари доктори Холназар Омоновнинг Озодликка айтишича, “ Қонунан чеклов бўлмаса ҳам халқ тўлаган солиқдан ойлик оладиган ва халққа маънавият ҳақида кези келганда ақл ўргатадиган мулозимлар ўзларидан билиб, жамиятнинг анъанадор қисми аҳлоқий нормаларига зид келадиган юриш-туришдан тийилиши керак”.
“Ишдан бўшатилгани тўғри бўлди ва бу бошқа мулозимлар учун ҳам дарс бўлсин. Мен ресторан ва тунги клубларда кордебалет раққосалари фаолиятига қарши эмасман. Пули бор тадбиркорлар бемалол ҳордиқ чиқарсин. Ош бўлсин. Аммо давлат бошқарувини тамсил қилган мулозим тунги клубга бормасин. Мулозимнинг ойлиги маълум. Бундай тунги клублардаги бир ўтириш нархи туман раҳбарининг бир ойлиги даражасида ҳам бўлиши мумкин. Буларнинг пул сочиши оддий халққа ëмон таъсир қилади. Давлат бошқаруви эл кўзида ëмонотлиқ бўлади”.
"Дам бу дамдир, ўзга дамни дам дема"
Бундан бир йил олдин олинган видеотасвирда Сирдарё тумани ҳокимлиги масъуллари – туман ҳокими ўринбосари (ўша вақтда туман ҳокими ёрдамчиси) туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Сирдарё тумани инспекцияси бош мутахассис-давлат инспектори, Сувоқова давлат унитар корхонаси раҳбари ҳамда Сирдарё тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари тумандаги "Евро-Азия" ресторанидаги кордебалет раққосалари қуршовида кўринади.
Озодликка маълум бўлишича¸ ўтган йил октябрида “Евро-Азия” ресторанида Ўзбекистон халқ артисти¸ Муқимий номли театр директори¸ ҳозирда марҳум Мирза Азизов шарафига зиëфат уюштирилган. Видеода Мирза Азизов “Дам бу дамдир¸ ўзга дамни дам дема¸ Шукур қил, дунë ғамини ғам дема” деган мисраларни ўқиган саси эшитилади.
Яланғоч қизлар мулозимларга ҳужум қилганмиди?
Сирдарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати бу видеога муносабат билдираркан, мулозимлар ишдан ташқари пайтда ўтирган кабинага раққосаларнинг кутилмаганда изнсиз кириб келганига урғу беради:
“Улар ўтирган хонага ресторанда хизмат кўрсатаётган раққоса қизлар кириб келган. Раққосаларнинг кутилмаганда кириб келиши уларга маъқул келмаган. Шу сабабли раққосаларга пул берилган ва хонани тарк этиши сўралган. Натижада, видеодаги ҳолат юзага келган. Ҳолат юзасидан ресторан маъмурияти билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Масъул ходимларга жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилган ҳолда давлат хизматчиси сифатида намуна кўрсатишлари лозимлиги эслатиб ўтилди. Шунингдек, лавозимдан озод этиш каби қатъий чора қўлланилиши белгиланди”, – дейилади ҳокимият хабарида.
Маишатпараст мулозимлар
Чехиядаги Боҳемия университети ўқитувчиси, иқтисодиёт фанлари доктори Холназар Омоновнинг Озодликка айтишича, “маишатпараст мулозимлар" биринчи марта жазоланмаяпти.
"2013 йилда учоқ ичида ҳамманинг кўзи олдида ичиб, маишат қилган банк раҳбарлари ва масъул ходимлари ишдан олинган эди. Одатда порахўрлиги учун ишдан олинган раҳбарларнинг сауна ва ресторанлардаги айш-ишрати ҳам қораланиб, ҳужжатлаштириб қўйилади. Хотин устига иккинчи хотин олган раҳбарлар ҳам жазоланган”
1996 йилда ИИВ генерали Илҳомжон Мамадалиев Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновага уйланиши ортидан Ички Ишлар вазири ўринбосари лавозимидан бўшатилгани айтилади.
Ўзбекистонинг биринчи президенти Ислом Каримов 2016 йил февралида Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши сессиясидаги нутқида вилоятнинг мулозимлар “май ичиб, ишрат қиладиган” зонага айланганини танқид қилганди.
2016 йилнинг март ойида Тошкентда қаттиқ қўриқланадиган давлат резиденцияси ҳудудида фаҳш билан шуғулланган прокуратура, МХХ ва бошқа тузилмалар ходимлари қўлга олинган. Озодлик Ички ишлар вазирлигига яқин жойлашган “Туркистон” (собиқ “Шелковичная”) мажмуасига Миллий Хавфсизлик Хизмати уюштирган махсус рейд натижасида жами 32 мулозим ушлангани ҳақида хабар қилган эди.