Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:25

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кенжа қизига уч кечаю уч кундуз тўй берди


Телеграмдаги маҳаллий каналларда тарқаган бу суратда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизига келган сарполар акс этгани айтилмоқда
Телеграмдаги маҳаллий каналларда тарқаган бу суратда Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизига келган сарполар акс этгани айтилмоқда

Ўтган ҳафта охирида Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов кенжа қизи Қизлархонни катта дабдаба билан турмушга узатди.

Озодликка бу ҳақда хабар юборган маҳаллий мулозим ва тадбиркорларга кўра¸ асли пахтаободлик Абдураҳмонов ота ҳовлисида уч кун тўй берган; асосий тадбир 26 июнь куни Андижондаги энг катта тўйхонада бўлиб ўтган.

Озодликка юборилган сурат ва видеоларда Абдураҳмонов қизининг фақат хотин-қизлар учун уюштирилган бир неча юз кишилик базми, ундаги тўкин-сочинлик акс этган.

Ўтган ëзда Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айни шу қизига коронавирус карантини пайтида дабдабали туғилган кун зиëфати уюштиргани ижтимоий тармоқларда эътирозларга сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонда ҳокимлар солиқ тўловчи ҳисобидан ойлик олади. Қашқадарë вилояти ҳокими ўзи ва ҳамкасбларининг 3 миллион сўмдан кўпроқ (жорий курс бўйича тақрибан 300 АҚШ долллари) ойлик олишини билдирган.

Президентдан то вазир ва ҳокимлари¸ улар оила-аъзоларининг ўз даромадини жамоатчиликка очиқлашини талаб қилувчи қонун ҳануз қабул қилинмагани учун¸ Ўзбекистон бошқарувидаги амалдорларнинг ўз ҳашаматли ҳаëт тарзини қайси маблағ эвазига молиялаши сир бўлиб қолмоқда.

Уч кечаю уч кунлик тўй

Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов июннинг охирги дам олиш кунлари ўтказган тўй ҳақида Озодликка бир-биридан мустақил тўрт манба хабар берди.

Айтилишича¸ Абдураҳмонов СССР пайтида Андижон шаҳар ижроия кенгашига раислик қилган Зокиржон Машрабов оиласи билан қуда бўлган.

- Зокиржон аканинг ўғли Зоҳиджон Бобур халқаро фондини бошқаради. Абдураҳмонов қизини шу одамнинг ўғлига берди. АҚШ¸ Австралияда ўқиб келган дейишди куëвни. Тошкент премиум ресторанидаги тўйни куëв тараф қилди. Абдураҳмонов қиз базми ва бошқа зиëфатларни Пахтаободдаги ҳовлисида ўтказди¸ дейди тўй тафсилотидан яхши хабардор андижонлик мулозим.

Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизиники экани айтилаëтган тўй маросими.
Андижон ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қизиники экани айтилаëтган тўй маросими.

Пахтаобод ҳокимият тизимида ишловчи бошқа бир мулозим Абдураҳмоновнинг бу тумандаги тўй зиëфатлари уч кечаю уч кундуз давом этганини билдирди.

Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Пахтаобод туман Бўстон қишлоғидаги ҳовлиси ўз ҳашамати билан бошқа ҳовлилардан ажралиб туриши айтилади
Шуҳрат Абдураҳмоновнинг Пахтаобод туман Бўстон қишлоғидаги ҳовлиси ўз ҳашамати билан бошқа ҳовлилардан ажралиб туриши айтилади

- Aбдураҳмоновнинг Бўстон қишлоғида жуда ҳашаматли ҳовлиси бор. Ота ҳовлисининг олдига икки қават қилиб қурган. Бу қишлоқда бошқа унақаси йўқ. Тўй жума куни бошланиб¸ якшанба куни ҳам давом этди. Тўй харажатларини¸ асосан ¸Пахтаобод ҳокимлиги кўтарди. Андижондаги ҳамма туман ҳокимлари¸ ташкилот раҳбарлари хизматда турди. ГАИ¸ электр¸ сув ва бошқа таъминот хизматлари ишчилари уч кун Бўстонда ëтиб ишлади. Шанба куни наҳорги ош берди. 300 одам чақирилди¸ дейишди. Хизматдагиларни қўшганда¸ ками 500-600 одам бўлди. Йўллар бутунлай ëпилмадику¸ лекин қишлоққа фақат таклифномаси борлар киритилди¸ пост ва гражданскийдагилар, қўриқлади дейди пахтаободлик мулозим.

Андижон вилояти ҳокимининг қизиники экани айтилаëтган тўй тадбиридан олинган суратлар Телеграмда ëйинланмоқда
Андижон вилояти ҳокимининг қизиники экани айтилаëтган тўй тадбиридан олинган суратлар Телеграмда ëйинланмоқда

Бу мулозим ва андижонлик тадбиркорга кўра¸ Абдураҳмонов қизининг тўйига чақиртирилган меҳмонлардан мобил телефонлар йиғиштириб олинган.

- Президент Андижонга охирги келганида (17-18 июнь кунлари) Шуҳрат Абдураҳмоновга дакки берган. Ишингдан кўнглим тўлмаяпти¸ деган. Тўйдан бирор ишкал чиқиб¸ президентнинг жаҳлини чиқармасин¸ деб расм ва видео тарқамаслигини олдини олишга ҳаракат қилишди¸ дейди тўй тафсилотларидан хабардор тадбиркор.

Абдураҳмоновнинг маҳаллий кучишлатар тизимларини ўз шахсий тадбирида ишлатиб¸ меҳмонлардан мобил телефонларини териб олганига қарамай¸ Телеграмда тўйга оид сурат ва видеолар тарқай бошлади.

30 июнь куни Озодликка юборилган шундай видеолардан бири¸ келин иштирокида ўтказилган аëллар базмидан ëзиб олинган.

Унда 10 мартага яқин ўз либосини ўзгартирган келиннинг деярли ҳаммаси исломий ҳижобда бўлган аëллар даврасига таъзим қилгани¸ улар билан суратга тушгани акс этади. Тадбирнинг аниқ куни Озодликка маълум эмас.

Дастурхондаги ноз-неъматларнинг ҳам солиқ тўловчи ҳисобидан ойлик оладиган ҳокимнинг расмий даромади чидамайдиган даражада сероблиги кўрилади.

Бу суратнинг ҳам Андижон вилояти ҳокими қизининг тўйи муносабати билан ëйилган зиëфат дастурхонларидан бири экани айтилмоқда
Бу суратнинг ҳам Андижон вилояти ҳокими қизининг тўйи муносабати билан ëйилган зиëфат дастурхонларидан бири экани айтилмоқда

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸20 яшар Қизлархон Абдураҳмонованинг никоҳ зиëфати Андижондаги энг ҳашаматли Тошкент премиум тўйхонасида ўтказилган ва унда Тошкентдан келган санъаткорлар хизмат қилган. Суҳбатдошлар тўйга келганлар орасида хонанда Мавлуда Асалхўжаеванинг борлигини тилга олди.

Instagram саҳифасига бундан уч кун олдин қўйилган видеоларда Асалхўжаева ўзи ва жамоасининг Андижонга тўйга кетаëтганини айтиб¸ ëшларга бахт тилайди. Хонанда қўйган сўнгги видеоларда тўй саҳнаси ҳам акс этган¸ аммо унинг айнан Андижон вилояти ҳокими тўйидан олинган-олинмагани маълум эмас.

Андижоннинг ўз сўконғичлиги билан танилган ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Ўзбекистонда пандемия чекловлари амалда бўлган 2020 йилнинг 16 августида айнан шу кенжа қизига ҳашаматли туғилган кун уюштириб берган эди.

Вабо пайтидаги байрам? Андижон вилоят ҳокими кенжа қизига дабдабали туғилган кун зиëфати уюштирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:13 0:00

Хизмат баҳоси бир неча минг долларга борадиган хонанда Муниса Ризаева бу тадбирда қатнашган ва ундан олинган сурат ва видеоларни Instagramга қўйган эди.

Бу тадбир “вабо пайтидаги байрам” сифатида ижтимоий тармоқларда кучли эътирозларга сабаб бўлган эди. Шуҳрат Абдураҳмонов бу эътирозларга бирор шаклда жавоб берган эмас.

Андижон вилояти ва Пахтаобод туман ҳокимлари матбуот хизматларидан Шуҳрат Абдураҳмонов 2021 йил июнида ўтказган уч кунлик тўйга оид саволларга жавоб олишнинг имкони бўлмади. Ҳокимлик расмийларига ажратилган телефон рақамларига кун давомида ҳеч ким жавоб бермади.

Шавкат Мирзиëев президентликка келиши билан дабдабали тўйларга қарши кампания бошлаган ва ўз амалдорларини кичик ва камхарж тўй ўтказишда жамоатчиликка ўрнак бўлишга чақирган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенат 2019 йил сентябрида қабул қилинган қўшма қарорга кўра¸ республикада тўй ва маросимларни ўтказиш бўйича қатор чекловлар жорий қилинган эди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG