Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:32

Толибон намойишчиларга қарата ўқ узди, камида уч киши ҳалок бўлди


2021 йил, 18 август куни Жалолобод шаҳрида Толибонга қарши бўлиб ўтган намойиш.
2021 йил, 18 август куни Жалолобод шаҳрида Толибонга қарши бўлиб ўтган намойиш.

18 август куни "Толибон" вакиллари Нангарҳор вилояти маркази бўлган Жалолобод шаҳрида Афғонистон давлат байроқлари билан намойишга чиққанларга қарата ўқ узди, дея хабар бермоқда New York Times нашри. Маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлган, ўндан зиёд киши яраланган.

Reuters агентлигининг ёзишича, Жалолободликлар Афғонистон миллий давлат байроқлари ўрнига толиблар байроқлари ўрнатилишидан норози бўлиб, шаҳар марказида намойиш ўтказган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган турли видеоларда толибларнинг намойишга чиққан ўнлаб одамни таёқ билан аёвсиз дўппослаётгани, сўнгра норозиларни ўққа тутгани акс этган. AP нашрининг хабар қилишича, намойишни ёритган баъзи маҳаллий журналистлар ҳам Толибон томонидан қаттиқ калтакланган.

Бундан бироз аввал "Толибон" ҳеч кимдан қасос олмасликка, Aфғонистон иқтисодиётини кўтаришга ва ОAВ эркинлиги тамойилларига риоя қилишга ваъда берган эди. Бундан ташқари, Толибон шариат доирасида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Aфғонистонда қонун, тартиб, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ниятида эканликларини билдирган эди. Бироқ, халқаро ҳамжамият ва оддий аҳоли Жалолободда содир бўлган воқеалардан сўнг Толибоннинг ваъдаларига янада ҳам кўпроқ шубҳа билан қарамоқда.

Толибон Афғонистоннинг муҳим жанубий шаҳри бўлмиш Жалолободни якшанба куни жангсиз эгаллаган эди. “Reuters” агентлиги Жалолободдаги афғон мулозимига таяниб, губернатор толибларга таслим бўлгани сабабли шаҳарда тўқнашувлар бўлмагани ҳақида хабар берганди. Манбага кўра, бу шаҳар аҳолиси ҳаётини сақлаб қолишнинг ягона чораси бўлган. Жалолободнинг босиб олиниши толибларга Афғонистондан Покистоннинг Пешовар шаҳрига элтувчи йўлда назорат ўрнатиш имконини берди.

XS
SM
MD
LG