Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:49

Алламжонов журналист Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига арз қилди


Комил Алламжонов.
Комил Алламжонов.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича Жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси ва муҳаррири Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилган.

Бу ҳақда Алламжоновнинг ўзи 7 апрель куни ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.


Алламжоновга кўра, Сергей Ежков шу йилнинг 21 февралида Uzmetronom.com сайтида чоп қилинган "Бриллиантовый мальчик" сарлавҳали мақоласи билан унинг "шаън ва қадр-қимматини топтаган, ишчанлик обрўйига путур етказган".

Мақолада 17 февраль куни Москвадан Тошкентга 4,2 миллион доллар бўлган олтин ва олмос буюмлар билан учиб келган аёл божхонада тўхтатиб қолингани, кейинроқ эса Комил Алламжонов унга ёрдамга келиб, аэропорт раҳбариятига қимматбаҳо буюмлар сотиш учун эмас, балки ҳадя қилиш мақсадида олиб келинганини тушунтиргани ортидан қўйиб юборилгани, буюмларни эса шахсан Алламжонов олиб кетгани иддао қилинади.

Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби бўлган 37 яшар Алламжонов мақоладаги иддаоларни шундай изоҳлайди:

“Мени 4 млн 200 минг долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришда шерикчиликда айблаган. Бу жуда жиддий айблов — бу Жиноят кодексининг 182-моддаси “Божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш” оғир жиноятини содир этиш... Бу — сўз эркинлиги ҳам, журналистика ҳам эмас. Бу матбуот номли инструментдан жирканч мақсадлар йўлида фойдаланиш ҳисобланади. Биз бундай сўз эркинлигига қаршимиз” деб ёзди Масс-медиа фонди раиси.

Сергей Ежков.
Сергей Ежков.


Алламжоновнинг ҳуқушуносларга иқтибосан айтишича, Uzmetronom мақоласидаги иддаолар исботини топмаса, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 139-моддаси, 3-қисми “а” банди (оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш) билан жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Озодликнинг 7 апрель куни журналист Сергей Ежков билан боғланиш уринишлари натижа бермади. Тошкентлик адвокатлардан бирининг айтишича, шу куннинг ўзида Ежков Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига тергов учун олиб келинган.

Uzmetronom сайтида ҳам ҳозирча Алламжоновнинг постига бирон муносабат пайдо бўлгани йўқ.

Uzmetronom Ўзбекистонда 2000-йиллар бошида ташкил этилган илк интернет нашрларидан бири. Унинг асосчиси Сергей Ежков ўзини ҳукумат ва ҳуқуқ-тартибот идораларида ўз манбаларига эга бўлган мустақил журналист сифатида тақдим этади. Аммо хориждаги ўзбек мухолифати ва мустақил нашрлар Ежковни Ўзбекистон махсус хизматлари буюртмаларини бажаришда ҳам айблашган.

Uzmetronom.com сайти шу кунларда Россиянинг Украинага тажовузи бир томонлама, Кремль пропагандаси йўсинида ёритилган туркум мақолаларга ўрин берган.

XS
SM
MD
LG