Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:03

Telegram асосчиси Павел Дуров Францияда ҳибсга олинди


Павел Дуров Париж аэропортида ушланган.
Павел Дуров Париж аэропортида ушланган.

Telegram мессенжери асосчиси, миллиардер Павел Дуров Париж аэропортида ушланиб, ҳибс қилинди. Бу ҳақда Франциянинг TF1 LCI ва BFM TV янгилик каналлари хабар бермоқда.

Айтилишича, у Озарбайжондан қайтиши биланоқ ушланган. Дуров Францияга шахсий учоғида келган. Телеканал манбаларига кўра, миллиардер сўроқ қилиш учун қамаб қўйилган. Бугун, якшанба куни прокуратура жиноят иши очиш тўғрисида қарор қабул қилиши ва суд эҳтиёт чорасини белгилаши кутилмоқда.

Ҳукумат Дуровнинг ушлангани ҳақида расмий хабар берганича йўқ, Франция ИИВ ҳамда полицияси ҳам мавзу юзасидан изоҳ бермаяпти. Бироқ, TF1 ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, Франция ҳуқуқ идоралари Дуровни мессенжер эгаси сифатида наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига, болаларга қарши ва фирибгарлик жиноятлари йўл қўйиб беришда гумон қилмоқда. Telegram ҳукумат билан ҳамкорлик қилишдан бош тортаётгани алоҳида урғуланаётир.

TF1 каналининг терговга яқин манбаси аввалроқ Дуровни ушлашга ордер берилганини ва тадбиркор Франция ҳудудига кириши билан ҳужжат кучга кирганини айтади. “У бугун оқшом хато қилди”, дея манбадан иқтибос келтирмоқда телеканал. Ордер полиция суриштируви доирасида берилган. TF1 манбалари Дуров жиноят иши бўйича айбланувчи деб топилиб, тергов ҳибсхонасига қамалишини башорат қилишмоқда. Чунки, тергов органи “у пули ва обрў-эътиборини ишга солиб одил судловдан оппа-осон яшириниши мумкин”, деб ҳисоблайди.

Россияда туғилган ва 10 йилча муқаддам ушбу мамлакатни тарк этган Дуров 2021 йилда Франция фуқаролигини олган. Сўнгги пайтларда у кўп вақтини ўз ширкатининг бош офиси жойлашган Бирлашган Араб Амирликларида ўтказмоқда эди.

Дуров аввалроқ Россияда ВКонтакте ижтимоий тармоғини яратган. У 2013 йилда асос солган Telegram эса ҳозирда дунёда оммабоплиги бўйича тўртинчи мессенжер саналади: июл ойида Дуров тармоқда фаол фойдаланувчилар сони 950 млн кишини ташкил этишини айтган эди. Мессенжер айни пайтда 30 миллиард долларга баҳоланмоқда, Дуров унинг асосий мулкдоридир.

Дуров ўзини либертариан деб ҳисоблайди ва Telegram ҳар қандай давлатдан мустақил, озод муҳит бўлиб қолиши кераклигини иддао қилади. Тадбиркор Россия ёки бошқа бирон давлат махсус хизматлари билан алоқаси борлигини доим инкор этган. Айни чоғда Telegram давлат органлари сўровига асосан ғайриқонуний контентни ўчиришга тайёрлигини эслатиб туради.

Россияда, айниқса кўплаб чет эл ижтимоий тармоқлари блокланиши манзарасида Telegram фавқулодда оммалашиб кетди: ундан давлатга қарашли ёки кремлпараст ОАВлар ҳам, мустақил ОАВ ва блогерлар ҳам фаол фойдаланади. Дуров ҳибсга олингани маълум бўлганидан сўнг, у яратган TON криптовалютаси бир соат ичида 15 фоизга қадрсизланди.

Мессенжер маъмурияти Дуровнинг ушланишига изоҳ берган эмас. Озодлик радиоси Telegram’га сўров йўллади.

XS
SM
MD
LG